08:20 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бюджет ташкилоти ходимларини давлатга гўнг топширишга мажбурламоқдалар

06.05.2009 18:08 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда бюджет ташкилоти ходимларининг ойликларини қирқишни бошладилар – аммо бу “ихтиёрий” бадал ёки пул ўтказиш сифатида расмийлаштирилмоқда. Бюджет ташкилоти ходимларини турли ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий-спорт тадбирларини қўллаш учун “ихтиёрий” бадал ўтказишга ёзма равишда розиликларини олишмоқда. Бундай бадаллар баъзан унчалик катта бўлмаган ойлик маошнинг учдан бир қисмига тенг бўлиши мумкин.

Республика вилоятларида ходимларнинг ойликларидан коммунал тўловлар учун “ихтиёрий-мажбурий” равишда ўттиз фоизигача ушлаб қоляптилар ёки бутун ойликларини банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказяптилар. Оқибатда, одамлар нақд пул борасида жиддий муаммоларга йўлиқмоқдалар. Ҳатто, бюджет ташкилоти ходимларининг ойлигини футболга ва концертларга чипталар ёки лоторея билетлари билан бериляпти

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат амалиёти шўролар давридан бери қўлланиб келинади. Одамлар “халқ хўжалиги” вазифаларини ҳал этишга (пахта терими, шаҳарни ободонлаштириш, металлом йиғиш ёки ҳашар), жалб этилмоқда.

Мисол учун, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Тошевнинг кўрсатмасига мувофиқ, ҳар бир медицина муассаси ҳар ой металл топшириш режасини бажариши керак. Қўқонлик тиббий муассасалар эса чорвачилик фермаларидан гўнг сотиб олиб давлатга топширишлари лозим. Рости, муассасаларнинг кўпи бу машмашалардан қутилиш учун ойлик маошларини бир қисмидан кечяптилар.

Бухоро шаҳар ҳокими К.Рустамов йил бошида аҳолидан коммунал тўловлар йиғишга жалб этилаётган муассасалар рўйхатини тасдиқлади. Ушбу рўйхатда негадир медицина ходимлари аксариятни ташкил этади. Ҳоким фармойишига мувофиқ, медицина ходимлари ўз вазифаларини йиғиштириб қўйиб, коммунал хизматлардан қарздор хонадонларнинг эшикларини тақиллатиб юришлари керак. Қуйида Бухоро ҳокими фармойишининг нусхаси келтирилган. Унда миллион-миллион сўмларда қарз бўлиб қолган одамларнинг манзиллари кўрсатилган.


Мамлакат вилоятларида мониторинг ўтказиб келаётган Ўзбекистон “Веритас” Ёшлар ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти фаолларига кўра, пойтахт Тошкентда ўқитувчиларга маошларнинг бир қисми пластик карточкаларига ўтказилмоқда. Шу билан бирга, уларга ойликларининг бир қисмини жамоатчилик транспорти карточкалари билан берилмоқда. Оқибатда, ўқитувчилар киоскларнинг олдида туриб ўтган-кетганларга карточкаларини арзонроқ сотишга уринмоқдалар.

Шу йилнинг март ойида “Веритас” Сирдарё вилоятида Гулистон шаҳрида ўтказилажак “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларини ўтказиш муносабати билан ўқувчи ёшларни, ўқитувчи ва врачларни ёппасига мажбурий меҳнатга жалб этилганини маълум қилганди. Маҳаллий ҳокимият идоралари ўшанда ўқитувчи ва врачларнинг ойлик маошларидан 10-15 фоизини ушлаб қолгандилар. “Веритас”нинг норасмий маълумотига кўра, спорт ўйинларини ўтказишга бюджет ходимлари 26 миллион сўм (қора бозор курси бўйича тахминан 14,5 минг доллар) ўтказдилар. Ҳомийлар эса 10 миллион ўтказдилар.

Апрель ойида Хоразм вилояти ҳокимининг буйруғига биноан барча маҳаллий бюджет ташкилотлари ва корхоналаридан вилоят футбол жамоаси фойдасига ноқонуний тарзда икки кунлик маошларини ушлаб қолдилар.

Қайд этиш жоизки, ижроя ҳокимиятида ишловчи мутасаддиларининг ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг маошлари уларнинг қўлларига бутунича тегяпти, холос.

Ўз ахб.



 

Реклама