07:53 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Адвокатура ижроя ҳокимиятнинг югурдагига айлантириляпти

29.04.2009 08:44 msk

Алексей Волосевич

Фотосуратда: Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциациясининг эмблемаси

Ўзбекистон Республикасида 21 апрелдан бошлаб адвокатларни қайта аттестациядан ўтказиш бошланди. Режага кўра, бу тадбир 1 июль куни тугаши керак. Аттестация натижасига кўра, баъзи профессионал ҳимоячилар янги лицензия олсалар, бошқалари мутахассисликлари бўйича ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар. Ўзбекистонда бу тадбир илк бор ўтказиляпти ҳамда адвокатларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Адвокатларнинг ўзлари расмийлар ушбу имтиҳонларни ягона мақсадда – ўзлари учун барча номақбул адвокатлардан қутилиш учун уюштиряптилар дея ҳисобламоқдалар. Бунга кўп нарсалар ишора бўлмоқда. Хусусан, адвокатлик лицензияси муддатсиз характерга эга бўлганига қарамай, қайта аттестация ўтказилмоқда. Кўп ҳолларда на жиноят ва на жиноят-процессуал кодексини мутлақо билмайдиган терговчилар, прокурор ва судьялар негадир бундай имтиҳонлардан озод этилганлар.

Умуман олганда, Ўзбекистонда яхши адвокатлар номақбул саналишини эслатиб ўтиш жоиз. Улар одатда ўз мижозларини ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатадилар, талабномалар билдирадилар, тергов ҳаракатлари, процессуал ҳужжатлар устидан шикоят қиладилар, бир сўз билан айтганда, ўзларининг норозиликларини намоён этадилар ва шу сабабли Миллий хавфсизлик хизматининг алоҳида рўйхатида турадилар.

Адвокатура “реформа”сини ўтказишга қаршилик қилганлар, бу борада турли мажлисар ўтказиб имзо тўплаш ташаббуси билан чиққан адвокатлар номақбул адвокатларнинг иккинчи тоифасига кирган. Ҳолбуки, реформа ўтказишдан мақсад – шунақа адвокатларни ижроя ҳокимиятга тўла бўйсундириш бўлган эди. Хусусан, бу адвокатлар Ислом Каримовга ҳам мурожаат қилиб “Адвокатура институтини такомиллаштириш муносабати билан баъзи қонунчилик актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунини имзоламасликка чақирган эдилар (Каримов, албатта, бу мурожаатга тупуриб қўйди ва қонунни имзолади). Бундан ташқари, улар Адлия вазирлиги ва Конституциявий судда Адвокатлар Палатасини тузиш мамлакат Конституцияси ва қонунларига зид келаётгани борасида шикоят қилишга уриндилар. Ушбу Адвокатлар Палатаси аъзолиги мажбурий бўлган дунёдаги ягона нодавлат ташкилот бўлиб, Ўзбекистондаги барча адвокатларга бу ташкилотга кириш буюрилган.

Қизиғи шундаки, малака комиссиясининг аъзолари (ярми Адлия вазирлиги ходимлари ва ярми адвокатлардан иборат) касб яроқлилигини исботловчи имтиҳонлардан озод этилганлар. Яъни, билимини ҳеч ким баҳоламаган одамлар бошқа юристларнинг билим савиясини текширадилар. Хўш, бу ерда малакаловчи комиссия аъзоларининг ҳуқуқ соҳасидаги барча йўналишлардаги билимлари нақадар мукаммал деган савол туғилмайдими? Уларнинг бу каби имтиҳон олишга маънавий ҳуқуқлари борми?

Имтиҳон рўйхатига ҳуқуқнинг барча соҳалари бўйича: жиноят ҳуқуқи ва жиноий процесс, фуқаролик ҳуқуқи ва фуқаролик процесси, хўжалик ҳуқуқи ва хўжалик процесси, меҳнат, турар-жой ҳуқуқи ва адвокатурага оид 1363 та саволлар ва 353 та казуслар (вазият моделлари) кирган. Ҳар бир савол ортида алоҳида қонун туради ва имтиҳон топширувчи бу саволга жавоб бериш учун ўша қонун ҳақида сўзлаб бериши лозим. Шундай қилиб, адвокат юзлаб қонунларни ёдлаши ва қандайдир мўъжиза ёрдамида 16 та кодексни: жиноят, жиноят-процессуал, маъмурий, солиқ, божхона, фуқаролик, оила, меҳнат, хўжалик, турар-жой, ер, ҳаво, шаҳар қурилиши ва ҳ.к. қонунлар мажмуаларини хотирасида сақлаши лозим бўлади.

Илгари адвокатнинг у ёки бу соҳадаги ихтисослашуви ҳисобга олинган бўлса, ҳозир бундай эмас. Адлия вазирлигининг қарорига асосан адвокатлар барча соҳалар бўйича имтиҳон топширишлари ва ҳамма қонунларни билишлари керак бўлади. Бунга ақл бовар қилмайди. Лекин бу имтиҳонларни ўтказишдан мақсад мутлақо бошқа нарсаларни кўзланганини унутмаслик керак.

Адвокатларга берилган лицензиялар муддатсиз характерга эга бўлганига, уларнинг аксарияти узоқ йиллар давомида адвокат бўлиб ишлаётганларига, бирорта ҳам қонун ёки қонун ости акти бунақа имтиҳонларни топширишни кўзда тутмаётганига қарамай, улар ўз малакасини тасдиқлаш учун имтиҳонлар топширишларига тўғри келади.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги адвокатларнинг фаоллиги ҳамда озгина бўлса мустақиллиги поёнига етди. Бундан кейин адвокатлар ижроя ҳокимиятининг югурдагига айланадилар ва лицензиядан маҳрум бўлмасликлари учун барча буйруқ ва кўрсатмаларни сўзсиз бажаришга мажбур бўладилар.

Алексей Волосевич