06:30 msk, 12 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Муҳокама мавзуси – таълим масалалари

23.04.2009 10:53 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги вакиллари ўзбек мактабларини рус тилида таълим беришга ўтказиш ташаббуси билан чиқдилар. Бу ғоя ҳаммага ҳам ёқмади ҳамда ҳамжамият ичида қизғин баҳсларнинг бошланишига туртки бўлди. Турли маълумотларга кўра, мамлакатда етти юз мингдан бир миллионгача ўзбеклар яшайдилар ва уларнинг аксарияти болаларининг она тилида таълим олишларини истайдилар. Бундай ташаббуснинг сабаби нимада? Уни амалга оширилса ким манфаатдор бўлади? “Фарғона.Ру” мухбирининг бу ва бошқа саволларга республика Ўзбек миллий маданий марказининг вице-президенти, Қирғизистон парламентининг собиқ депутати ҳамда Жалолободдаги хусусий университетнинг президенти Қодиржон Ботиров жавоб берди.

Қодиржон Олимжонович Ботиров 1956 йил 9 март куни Жалолобод шаҳрида туғилган, 2-чи класс давлат маслаҳатчиси. “Данқ” (“Шуҳрат”) медали билан тақдирланган. Олимжон Ботиров номидаги хусусий университетнинг таъсисчиси ва президенти. Унинг МДҲ мамлакатлари ва чет эллардаги фаолият юритаётган корхоналарда икки мингга яқин одам ишлайди. Оиласи, бешта фарзанди бор.

Фарғона.Ру: - Ташаббусларингизнинг моҳияти нимада? Ўзбек мактабларини бутунлайига рус тилидаги таълимга ўтказишни таклиф этяпсизми?

Қ.Ботиров: - ташаббусимизнинг мазмун-моҳияти – асосий мактаб предметларини рус тилига ўтказиш. Ҳеч ким бу ғояни мажбуран жорий қилмайди, у ихтиёрий тамойиллар ва Қирғизистон Республикаси қонунлари асосида қурилган.

Рус тили биз учун бегона эмас, бир неча авлодларимиз айнан рус тили орқали жаҳон маданияти ва илмий адабиётлари билан танишган. Боз устига, рус тили БМТнинг расмий тилларидан бири саналади. Бу тилда дунёнинг кўплаб мамлакатларида мулоқот қилсангиз бўлади.

Фасад здания университета Дружбы народов имени Алима Батырова (Джалалабад)
Олим Ботиров номли Халқлар дўстлиги университети биносининг олдидан кўриниши (Жалолобод). “Фарғона.Ру” © Фото

Фарғона.Ру: - Бундай жиддий ўзгаришларни амалга ошириш учун нима туртки бўляпти?

Қ.Ботиров: - Ўзбек мактабларидаги оғир аҳвол. Қўшнимиз Ўзбекистон илгари бизни нафақат дарсликлар, балки, педагогик кадрлар билан ҳам таъминларди. Энди бўлса, у бу муаммоларни мутлақо эътиборга олмай қўйган. Ўзбекистоннинг лотин алифбосига ўтгани бундай ҳамкорликни йўққа чиқариб қўйди. Боз устига, мамлакатларимиз энди мустақил, ҳар бир давлатнинг ўз ғояси бор, сиёсати ва қадриятлари ҳам ўзгача бўлиб қолган. Биз шу чоққача болаларимизни Ўзбекистон шўролар даврида босиб чиқарган дарсликлар бўйича ўқитяпмиз. Бошқа тарафдан, мактабларимизни битирган болалар Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига кира олмайдилар, бизда эса олий маълумот фақат қирғиз ва рус тилида берилади.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда авж олган муҳожирлик жараёнлари бошқа муаммони кўтариб чиқди. Бизнинг авлод Россиянинг беқиёс кенгликлари аро юрганида ҳам тил билгани учун ўз уйидагидек ҳис этарди ўзини. Ҳозирги меҳнат муҳожирлари эса рус тилини билмаганлари учун Россияда қулларга айланиб қоляптилар. Бунга “қулдор” Росссия асло айбдор эмас.

Республикадаги ўзбеклар сони мунтазам ўсиб бораётганига қарамай, ўзбек мактабларини маъмурий тарзда бошқа тилда ўқитишга ўтказилаётгани тўғрисида ҳам индамай бўлмайди.

Шунинг учун, бугун мактабларда ўзбек тилида таълим олаётган болаларимиз иккиланиб қолдилар. Ота-оналар ҳам, болалар ҳам мактабга қизиқмай қўйдилар, шунга бўлса керак, болалар мактаб парталарини ҳужра ёки мадрасаларга алмашяптилар.

Зал приемов университета
Олим Ботиров номли Халқлар дўстлиги университетининг қабул зали. (Жалолобод). “Фарғона.Ру” © Фото

Фарғона.Ру: - Бу бошқа суҳбат учун алоҳида мавзу...

Қ.Ботиров: - Эҳтимол, аммо бу муаммолар яқиндан узвий боғланган. Ўн етти йил давомида билимга интилмайдиган, қолоқ бир авлод етишиб чиқди. Бугун битта чаласавод мулланинг ҳар қандай ўқитувчидан обрўси баландроқ. Ёппасига саводсизлик эса одамларнинг диний-экстремистик оқимларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда таълимда йўл қўйган хатоларимизга қарши куч ишлатиш йўли билан курашяпмиз. Ахир экстреммистик оқим вакилларининг аксарияти ўзбеклар эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Давлат бу курашга қанча маблағ сарфлаяпти? Ўзингиз айтганингиздек, бу алоҳида суҳбатга мавзу.

Посол России В.Власов в Джалалабаде
Жалолободдаги учрашувлар. Чапдан ўнгга: ўзбекистонлик академик Муҳаммаджон Қорабоев, Қодиржон Ботиров, Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Валентин Власов. “Фарғона.Ру” © Фото

Фарғона.Ру: - Бу ғоянинг тарафдорларига қараганда қаршилар кўпроққа ўхшаяпти менга. Таклифларингиз Қирғизистонда ўзбек тилининг келажагига таҳдидли деган хавсирашларда асос борми?

Қ.Ботиров: - Биринчидан, ташаббусларимиз она тилидан воз кечишни англатмайди. Аксинча, мактабларимизни тўлақонли, замонавий ўқитиш услубларини эгаллаган кадрлар билан таъминлашга қаратилган. Ҳар қандай янгиликка қаршилар бўлиб келган. Аммо биз университетимизга республика жанубий вилоятларидаги йигирмага яқин мактаб директорларини таклиф этганимизда, ўқув базаларимизни кўрсатиб ташаббусимиз ҳақида сўзлаб берганимизда, улар қизиқиб қолдилар.

Фарғона.Ру: - Ташаббусингиз Россия билан Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши билан боғлиқми?

Қ.Ботиров: - Ҳа десаям бўлади, йўқ десаям... “Ҳа”, чунки икки мамлакат муносабатларининг ривожланиши бизнинг ташаббусларимизга кучли туртки бўлди. Негаки, уларнинг натижалари Россия ҳукуматининг реал кўмагига боғлиқ. Бошлаётган ишларимизга бундай кўмак топганимиздан хурсандмиз. Россия Федерациясининг Қирғизистондаги элчиси Валентин Власов билан ушбу муаммоларни муҳокама қилиб олдик. Жаноб элчи университемизга келиб-кетишга вақт топди, бу ердаги Рус марказини очиш бўйича ҳаракатларимиз билан танишди. Биз мактабларимизда ҳамда олий ўқув муассасаларимизда таълим сифатини яхшилаш бўйича реал чоралар ҳақида келишиб олдик.

К.Батыров, В.Власов, М.Зиганшин
Россия Федерациясининг Қирғизистондаги элчиси В.Власов ва Россиянинг Ўшдаги Бош консули М.Зиганшин Жалолободдаги талабалар билан учрашувда. “Фарғона.Ру” © Фото

Фарғона.Ру: - Сизнинг ташаббусингиз билан ўзбек тилига расмий мақом беришни талаб қилувчи митингни мамлакатимизда кўпчилик унутгани йўқ. Бу талабга нафақат расмийлар, балки ўзбеклар ҳамжамиятининг бир қисми ҳам қатъий тарзда қаршилик кўрсатган эдилар. Бугунги ўзгаришларнинг сабаби нимада?

Қ.Ботиров: - Биринчидан, ташаббусларимиз ўзбек тилидан воз кечиш дегани эмас. Ўзбек тилини сақлаб қолиш ва ривожлантириш Ўзбек миллий- маданий-марказининг ҳамда университетимизнинг асосий йўналишларидан бўлиб қолади. Университетимизда ўзбек тили филологияси факультети фаолият юритяпти. Қайд этиш жоизки, агар она тили ва адабиётини ўқитишда лотин алифбосига ўтсак, бу йўналишдаги барча уринишларимиз чиппакка чиқади. Ҳар ҳолда, ўзбек тилининг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши Ўзбекистон билан узвий боғланган. Бу мамлакат эса лотин алифбосига ўтиб бўлган. Биз уларда чиқарилган, лекин бизнинг шароитимизга мослаштирилган дарсликлардан фойдаланган бўлардик. Ҳудди шу шартлар Россия дарсликларига ҳам тегишли.

Иккинчидан, биз муҳокама қилаётган муаммолар ўта мураккаб, доимий изланишларни талаб қилади. Бугун биз биринчи навбатда болаларимизнинг сифатли таълим олиш имконияти билан таъминлашимиз лозим, қайси тилда бўлсаям. Шу борада сиз она тили ва маданиятини сақлаб қолиш ҳақида қайғураётган одамларнинг нега ўз болаларини Оға Хон жамғармаси томонидан очилган мактабларга ёки турк лицейларига бераётганларини сўрасангиз бўларкан. Ахир бу мактабларда бизнинг ўзбек тилини ривожлантириш ҳақида қайғурилмайдику! Мен одамлар қайси тилда таълим олишни ўзлари танлаш ҳуқуқига эгалар деб ҳисоблайман, улар шундай имкониятга эга бўлишлари лозим. Биз эса шунга шароит яратиб беряпмиз.

Фарғона.Ру: - Сиз айтган мактаблар қачон пайдо бўлади?

Қ.Ботиров: - Айтиб ўтганимдек, бу осон масала эмас. Аммо мактаб раҳбарларининг қизиқишларига қараб биринчи тажриба мактабларимиз шу йилдан бошлаб пайдо бўлишлари мумкин дея оламан.

Абдумўмин Мамараимов суҳбатлашди