11:20 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Женева: БМТ Бош котиби Эрон президентининг Ирқчиликка қарши кураш бўйича конференциядаги чиқишини қоралади

22.04.2009 09:34 msk

Фарғона.Ру

Женевадаги Миллатлар саройида 20 апрель куни БМТ ҳомийлиги остида ирқчиликка қарши кураш бўйича конференция бўлиб ўтди.

Аввали бошидан тўққизта мамлакат конференцияни бойкот қилдилар: булар АҚШ, Исроил, Голландия, Германия, Австралия, Канада, Янги Зеландия, Польша, Италия. Дурбан шаҳрида (ЖАР) ўтган ҳудди шундай форумнинг якуний ҳужжатлари бир қатор етакчи давлатларнинг Женевага ўз вакилларини юборишдан бош тортишига сабаб бўлиб қолди. Ўшанда мусулмон давлатлари сионизм билан ирқчилик ўртасига тенглик рамзини қўйгандилар. Давлат раҳбарларидан ушбу анжуманга фақат Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадиннажод келишга рози бўлди, холос. Бу эса 24 апрелгача давом этажак форумдаги муҳитнинг янада қайноқ бўлишига олиб келди.

Қайд этиш жоизки, анжуман Адольф Ҳитлернинг туғилган кунида ҳамда Холокост қурбонларининг хотира кунида ўтказилди. Варшава геттосида 66 йил муқаддам ҳудди шу кунда нацистларга қарши исён кўтарилган бўлиб, яҳудийлар ўзларининг тақвимига биноан бу кунни нишонлаб келадилар. “Ирқчиликка қарши конференция Европалик жуҳудлар учун фожеали саналган кунда очилиши ҳамда бу анжуманда фахрий меҳмон сифатида Аҳмадиннажоднинг иштирок этиши мени уятга солиб қўйди”, - деди Исроил давлатининг президенти Шимўн Перес “Время новостей” келтирган иқтибосда.

БМТ бош котиби Пан Ги Мун анжуманни оча туриб бир қатор мамлакатларнинг бу анжуманда иштирок этмаётганидан таассуфда қолганини изҳор этди. БМТ котибига кўра, “ҳар қандай жамият, у бой ёки қашшоқ бўлмасин, ирқчиликка қарши иммунитети йўқ”. Ирқчилик “давлат характерига” эга бўлиб қолиши мумкин, “холокост буни бизга доим эслатиб туради”. Шунингдек, ирқчилик антисемитизм ҳамда исломофобия кўринишлига эга бўлиши мумкин, дея эслатди Пан Ги Мун.

Шундан кейин янграган Маҳмуд Аҳмадиннажоднинг нутқи тадбирга яққол конфронтациявий тус бериб юборди. У эндигина нутқини бошлаган эдики, саҳнага масхарабоз кийимидаги ёш одам чиқиб олиб президентга қўлини ўқтала “Ирқчи! Ирқчи!” деб бақира бошлади. Қўриқчилар уни залдан чиқариб юбордилар. Аҳмадиннажод ярим соат нутқ сўзлади – бу регламентда кўзда тутилганидан анча кўп эди.

Баъзи ғарб мамлакатлари ўз халқларини қандай қийноққа солганларини ҳамда Африкадан зўрлик билан олиб чиқилган қулларни эслата туриб Эрон президенти иккита жаҳон урушининг бошланишига сабабчи бўлган давлатлар Яқин Шарқда ўйин кўрсата бошлаганларини қайд этди: “Иккинчи жаҳон урушидан кейин ғолиблар жуҳудларнинг жабр тортганларини баҳона қила туриб ёппасига ҳарбий агрессияни қўллай бошладилар ва бутун бир халқнинг ерини тортиб олдилар ҳамда у ерда ирқчи сионистлар режимини ўрнатдилар”.

Эрон президенти яҳудийлар давлатини “энг шавқатсиз ва ирқчи режим” деб атади.

У ғарб давлатлари “истеъло қилинган Фаластин диёрида ирқчилик ҳукуматини барпо этиш учун АҚШ ва Европадан муҳожирларни жўнатдилар” дея билдирди.

Холокостнинг тарихий фактлигини бир неча бор инкор этиб келган Аҳмадиннажоднинг ушбу сўзларидан сўнг Европа иттифоқи мамлакатларининг делегациялари мажлислар залини тарк этдилар. Лекин бир қатор делегатлар унинг чиқишини қарсаклар ила олқишладилар. Нотиқнинг ўзи эса бир қатор мамлакатларнинг конференцияда иштирок этишдан бош тортишларини ҳамда бошқа делегациялар мажлислар залини тарк этишларини “ирқчиликнинг ёрқин намунаси” дея шарҳлади.

Анжуманда Эрон президенти дунёдаги вазиятни яхшилаш бўйича ўзининг режасини тақдим этди. Унга кўра, бунинг учун халқаро ташкилотларнинг иши тўлалигича қайта қурилиши ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгашини тубдан ислоҳот қилиниши лозим бўлади. Унга кўра, бу идора “мана 60 йил бўлибдики, сионистлар режимини ва унинг даъволарини қондириб келмоқда”. Бу ташкилотдан Исроилни қўллаётган ғарб мамлакатларини ҳайдаб чиқариш лозим. Аҳмадиннажод конференция иштирокчиларини “жаҳон сионизми жиноятларига чек қўйиш учун барча чораларни кўришга чақирди”.

Шу ерда Эрон президенти халқаро кучларнинг Афғонистон ишига аралашуви мамлакатга на тинчлик ва на ривожланиш олиб келганини, АҚШнинг Ироққа бостириб кириши эса “миллионлаб одамларнинг ўлдирилишига ва яраланишига олиб келганини” эслатди. Шу билан бирга, Эрон президенти “Американинг Теҳронга нисбатан янги сиёсатини ижобий қабул қилаётганини” таъкидлаб ўтди: “Биз конкрет ўзгаришларни кутмоқдамиз ҳамда ўзаро ҳурматга асосланган диалогни қўллаймиз”. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон Вашингтон Эрон билан диалогни кенгайтиришга интилмоқда, дея билдирганди.

Аҳмадиннажод нутқидан сўнг БМТ бош котиби Пан Ги Мун Эрон президенти конференция минбаридан “айблаш, ихтилоф киритиш ва гижгижлаш” мақсадида фойдаланганига афсус билдирди. “Бу конференция эришмоқчи бўлган нарсага тамоман зид келади. Бу ирқчиликнинг амалдаги муаммолари борасида конструктив ечимларни ишлаб чиқариш жараёнини анча қийинлаштиради”, - деди Пан Ги Мун.

Ўз навбатида, Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер “Эрон президентининг Исроилга қарши баёнотлари муносабати билан ҳеч қандай муросага эришиб бўлмайди”, дея билдирди. Франция президенти Николя Саркози эса Европа иттифоқидан Маҳмуд Аҳмадиннажоднинг сўзларига қатъий тарзда жавоб беришни талаб қилди.

Женева конференциясининг якуний ҳужжати атрофида ҳам қизғин мубоҳасалар тингани йўқ. Ушбу ҳужжатда Дурбанда ўтган аввалги конференция қарорлари ҳамда ирқчиликка, ирқий камситиш, ксенофобия ва у билан боғлиқ тоқатсизликларга қарши кураш бўйича дастурни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда. Лекин АҚШ, Исроил ва бир қатор бошқа мамлакатлар бунга қатъий тарзда қарши чиқдилар. Негаки, ўша ҳужжат бир қатор араб давлатларининг сионизмни ирқчилик билан тенглаштиришга уринишларига норзолик сифатида вақтидан аввал мажлислар залини тарк этган АҚШ ва Исроил вакилларнинг йўқлигида қабул қилинган эди. Пировардида, ушбу пассаж Дурбан декларациясига кирмаганига қарамай, унда АҚШ ва Исроилнинг норозилигини уйғотган бошқа низом мавжуд бўлган: “Биз чет эл истеълоси остида қолган фаластин халқининг аҳволидан ташвишланмоқдамиз”.

Энди Женеванинг якуний ҳужжати лойиҳасига Дурбан қарорларини тасдиқловчи низом киритилди. Бу эса Эрон президентининг иштироки билан бирга бир қатор давлатларнинг ўз вакилларини Женевага юбормаслигига сабаб бўлди. Ҳар қалай, Пан Ги Мун илгаригидек Женева конференциясининг якуний ҳужжати лойиҳаси “пухталик билан мувозанатланган” дея ҳисобламоқда. Россия делегациясининг раҳбари ташки ишлар вазирининг муовини Алексей Яковенко ҳам ҳудди шундай фикрда. Унинг таъкидлашича, ҳужжат негизида “нозик жиҳатли муросали ибораларнинг баланси мавжуд”.



 

Реклама