03:01 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Баланд мартабали мулозим Тошкентдаги бозорлардан бирида “тартиб” ўрнатиб кетди

16.04.2009 10:15 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон президенти девонхонасининг баланд мартабали вакили 2009 йил 13 апрель куни қўққисдан республика пойтахтининг Юнусобод бозорига келиб қолди. Шўролар даврига ҳос бўлган тартибда “мулозим тўра” бозордаги “ортиқча” олиб-сотарларни ва валютачиларни йўқотди ва оқибатда бозорда ғайри одатдаги тартиб ўрнади. Аммо мулозим бозорни тарк этганидан кейин у ердаги ҳаёт яна ўз изига қайтди. Содир бўлиб ўтган ҳодисаларнинг қоқ марказига тушиб қолган “Фарғона.Ру” мухбири бўлиб ўтган воқеаларнинг шоҳиди бўлиб қолди.

Юнусабадский рынок Ташкента
Тошкентдаги Юнусобод бозори

Олий мартабали мулозимнинг бозорга ташрифини бозор маъмуриятидан ҳеч ким кутмагани аниқ эди. Аммо номаълум мулозим бозор расталари орасида пайдо бўлиши биланоқ унинг атрофида бир зумда бозорқўм раиси барча ходимлари билан пайдо бўлиб қолдилар.

Бозор учун нотабиий кўринишда, қора костюм ва галстук таққан расмий шахслар ҳуқуқ-тартибот идораларининг вакиллари кузатуви остида Юнусобод деҳқон бозорининг барча ҳудудларини, шу жумладан, хўжалик биноларини ҳам айланиб, кўздан кечириб чиқдилар. Президент девонхонасининг мулозими бу ерда саррофлик қилаётган валютачилар ҳамда раста ораларида жойлашиб олиб ўтган-кетган ҳаридорларга ҳалақит бераётган олиб-сотарларларга қараб ғазабланди.

Бошлиқнинг дўррилаган овози-ю, унинг ҳукмдорларча имо-ишоралари бу ерда ҳозир бўлган раъийатни саросимага солиб қўйди. Кўпчилик олиб-сотарлар “азбарои ҳазар” дея савдоларни вақтинча тўхтатиб, расталарини йиғиштириб қўйдилар.

Юнусабадский рынок Ташкента
Тошкентдаги Юнусобод бозори

Ўн дақиқа ўтиб-ўтмай Юнусобод бозорининг ҳудуди барча “ортиқча” дўкондорлар ва “нолегаллар”дан тозаланиб, кўзни қувонтирадиган даражада эпақага келиб қолди.

Шундан сўнг мулозим давлат рақами “РАА” сериядаги (президент девонхонасига тегишли дегани) машинага ўтириб бу ердан жўнаб кетди. Бир соат давомида бозорга келган ҳаридорлар ўзларининг ноқонуний хизматларини таклиф этаётган долларфуруш валютачилар ҳамда “тилла сотиб оламиз” дейдиган тиллафурушлардан ҳоли бўлган ғайритабиий тартибдан ҳайрон бўлиб кетдилар.

Аммо маҳаллий вақт билан соат 13.00 да Юнусобод бозоридаги ҳаёт яна ўз изига қайта бошлади: валютачилар одатдаги долларфурушлигини бошлаб юбордилар, раста ораларидаги бўш жойлар яна “ортиқча” олиб-сотарлар билан тўла бошлади.

Бозор ходимларига кўра, бунга ўхшаш “рейдлар” вақти-вақти билан, айниқса байрам арафаларида бўлиб туради. Кўринишидан, баланд мартабали номаълум мулозимнинг бу сафарги “халқ орасига чиқиши” Тошкентнинг ёзда нишонланажак 2200 йиллик юбилейига бағишланганга ўхшайди.