22:23 msk, 17 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Уй деворларида ирқчилик мазмунидаги камситувчи ёзувлар пайдо бўлди

13.04.2009 18:50 msk

Абдумўмин Мамараимов, Жалолобод

11 апрель куни эрталаб уйғонган Қирғизистон жанубидаги Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Қизил Байроқ қишлоғининг аҳолиси ташқарига чиқиб уйларининг деворларида кимдир миллатчилик руҳидаги таҳқирловчи ёзувларни қолдирганини топди. Ўша куниёқ бу қишлоқда маҳаллий аҳолининг туман раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Қизил Байроқ қишлоғида икки мингга яқин аҳоли истиқомат қилади ва Қизил Туғ қишлоқ округининг бошқа қишлоқларидан ўзининг этник таркиби билан фарқ қилади. Вилоят марказидан 10 километр нарида жойлашган бу қишлоқда 380 та хонадон бор. Уларда асосан ўзбеклар ва турклар яшайдилар ва улар ўзбек тилида сўзлашадилар. Қишлоқ аҳолисига кўра, асосан қирғизлар яшайдиган қўшни қишлоқ аҳолиси билан тез-тез можаролар содир бўлиб туради. Аммо бунақаси бу ерда илк бор содир бўлмоқда.


Асосий автомобиль йўли ёқасида жойлашган ўндан зиёд уйларнинг деворларида номалум кимсалар тунда ўзбекларнинг шаънини таҳқирловчи ёзувларни қолдирдилар. Маҳаллий масжид имомининг уйи ҳам четда қолмади. Бўлиб ўтган ҳодиса ортидан қишлоқ аҳолисининг вакиллари вилоят Ўзбек миллий маданий марказига мурожаат қилдилар. Марказнинг вице-президенти Улуғбек Абдусаломовнинг маълум қилишича, қишлоқ вакиллари билан учрашганидан сўнг у вилоят губернатори қабулида бўлган. Губернатор ўша заҳотиёқ ҳуқуқ-тартибот идораларига телефон орқали “вазиятни текшириб айбдорларга нисбатан шавқатсиз чоралар кўришга” топшириқ берган.

Кун пешиндан оққанда Қизил Байроққа туман ҳокими, прокурори ва милиция бошлиғи келди. Улар қишлоқ аҳлига айбдорларни топишга ва уларни қаттиқ жазолашга ваъда қилиб терговга фаол ёрдам беришни сўраганлар.

“Ўтган йили бу ерда муштлашув бўлганди, - деди туман прокурори қишлоқ аҳлига мурожаат қилиб. – Жиноий иш қўзғаганимизда сизлар гувоҳ сифатида кўрсатма беришдан бош тортган эдингизлар, ўшангга иш тўхтатиб қўйилганди”.


У йиғилганларга ўша ишни қайта қўзғаётганини, девордаги ёзувлар бўйича тезкор гуруҳ иш бошлаганини маълум қилди. Туман прокурори “Вандализм” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилади дея ваъда қилди. Шунингдек, йиғилганларга у жиноий иш бўйича уларнинг болалари ҳам жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтди. “Қаранглар, бордию яқинларингиз жавобгарликка тортиладиган бўлса, кейин ўзингиз бу ишни ёпишни сўраб олдимизга келиб юрманглар”, - деди у.

Туман ИИБ бошлиғи милиция полковниги Жақиб Зулпуев “икки-уч киши қўлга олинганини ва улардан куни-кеча бўлиб ўтган муштлашув тафсилотлари суриштирилаётганини” маълум қилди. У “Безорилик” моддаси бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигини қўшиб қўйди.

Миллий соҳадаги вазиятнинг мониторингини олиб бораётган маҳаллий “Адолат” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг мувофиқлаштирувчиси Абдумалик Шариповга кўра, бу ерда “вандализм” моддасини қўллаш ноўрин.

“Бу ерда миллатлараро низо қўзғаш аломатлари яққол кўриниб турибди. Жиноий кодексда эса бундай модда учун қаттиқроқ жазо кўзда тутилган, - деди Шарипов. – Афсуски, ҳаётимиз давомида бундай ҳодисалар одатий тус олиб бораётгани кишини ташвишлантирмоқда. Шу билан бирга, кўпинча қирғиз миллати вакилларига нисбатан бундай ишлар судгача етиб бормаяпти”.


Туман ҳокими Тажимамат Шабўлўтов қишлоқ аҳолисини тинч-тотувликка чақира туриб, уларга 2009 йил июль ойида бўлажак мамлакат президент сайловлари ҳақида эслатди. “Мен сизларни президентимизнинг ҳаракатларини сайловларда фаол иштирокингиз билан қўллашга чақираман, - деди Шабўлўтов. – Президентимиз бизнинг райондан чиққанига ғурурланишимиз лозим”.

Туман ҳокими бу ишни ўзининг шахсий назоратига олишни ваъда қилди ва журналистларни “бўлган иш борасида шов-шув кўтармасликка” чақирди.

Маълумотнома: 2005 йил декабрда Қирғизистон Жиноят Кодексининг 235-чи “Вандализм” ва 299-чи “Миллий, ирқий ва диний низоларни қўзғаш” моддалари жазоларни қатиъийлаштириш томонга ўзгартирилган.

235-чи модда бўйича (“вандализм” – бино ёки бошқа иншоотларни, жамоат аҳлоқ меъёрларини қўпол ҳақорат қилувчи ёзувлар билан таҳқирлаш...) 250 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортишдан икки йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган.

299-чи модда (миллий, ирқий ва диний низоларни қўзғашга қаратилган ҳаракатлар...) бўйича 250 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортиш ва уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган.