21:04 msk, 20 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Борис Акунин: “Агар улар аср ибтидосидаги Ўзбекистон ҳақида китоб ёзишимни истамасалар, - нимаям қилардим, ёзмай қўя қоламан-да”

09.04.2009 10:16 msk

Фарғона.Ру

Григорий Чхартишвили. ArtHouse.Ru веб-сайти фотосурати

Россия оммавий ахборот воситаларининг 8 апрель куни тарқатган хабарларига кўра, Борис Акунин тахаллуси остида танилган россиялик таниқли ёзувчи Григорий Чхарташвилига “Ўзбекистонга кириш тақиқланган”. Акуниннинг асарлари чоп этиладиган “Захаров” нашриётининг директори Ирина Богатга кўра, изқувар Фандорин ҳақидаги машҳур романлар сериясининг муаллифи янги китоб устида ишлашни бошлаган ва материал тўплаш учун Ўзбекистонга боришни режалаштирганди. Аммо республика расмийларига ёзувчининг ниятлари ёқмади ва улар Акуниннинг мамлакатга келишига рози бўлмадилар.

Богат “Эхо Москви” радиостанциясига берган интервьюда ўзбекистонлик мутасаддилар Акунин мамлакат тўғрисида “бирорта нотўғри нарса” ёзишидан чўчиганларини айтди. “Энди Акунин Ўзбекистонга ҳатто сайёҳ сифатида ҳам бора олмайди”,- дея таъкидлади у. Борис Акуниннинг ўзи Культура радиостанциясига интервьюда Ўзбекистон элчихонаси ходимлари бўлажак романда мамлакат салбий тарафдан кўрсатилмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун унинг синопсисини талаб қилганларини айтди.

Аммо Ўзбекистон элчихонаси шу бугуноқ бу хабарни рад этди. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизмати Россия фуқароларига Ўзбекистонга бориш учун виза керак эмаслигини айтиб Акунинни мамлакатга қўймадилар дея таъкидлаш ҳақиқатда йироқ дея билдирдилар. Новости РАА ахборот агентлигининг суҳбатдоши,

Москвадаги Ўзбекистон элчихонасининг номи ошкор этилмаган ходимига кўра, Ўзбекистон архивларида ишлашни хоҳлаган одам Ўзбекистон элчихонасига сўров юбориши ва унда ўз тадқиқотининг мавзуси ва мақсадини кўрсатиши лозим.

“Акуниннинг имзоси билан ёки унга вакил бўлган бирорта ташкилот номидан бундай расмий мурожаат бўлмаган. Виза тартиби билан бориладиган мамлакатга виза берилмаса, ўшанда “одамни мамлакатга қўймади” деса бўлади. Ўзбекистонгабориш учун эса жўнгина чипта сотиб олса бўлди”, - дея қайд этдилар элчихона матбуот хизматида.

Бўлиб ўтган воқеа тафсилотлари ҳақида муаллифнинг ўзидан эшитиш учун “Фарғона.Ру” Григорий Чхарташвили билан боғланди. У бизга қуйидагиларни айтиб берди.

Григорий Чхартишвили: - Ўзбекистонга бориш учун виза талаб қилинмаслиги ҳақиқат. Аммо элчихонага мурожаат қилмади деган иддаолар ноўрин. Биз элчихонага бориб, унутмаган бўлсам фамилияси Қосимов деган ходим билан учрашдик. У “Ўзбекистон маданияти ва санъати жамғармаси”нинг вакили ҳам экан. Учрашув расмий кайфиятда ўтди, унда ноширим ҳам иштирок этди. Ёзма мурожаат қилиш тўғрисида гап бўлгани ҳам йўқ. Менга ҳар томонлама ёрдам беришга ваъда қилдилар. Кейин, муаммолар бошланганида ўша ходим унга электрон мактуб юборишимни ва бу мактубда нималар кераклигини ёзиб беришимни сўради. Мен у айтган мактубни юбордим. Қолгани эса мутасаддиларга ҳос қалбаклик бўлса керак. Агар улар аср ибтидосидаги Ўзбекистон ҳақида китоб ёзишимни истамасалар, - нимаям қилардим, ёзмай қўя қоламан-да. Бу масалани мен ўзим учун ҳал қилиб бўлганман. Бор гап шу.

“Фарғона.Ру”: - Нималар ҳақида ёзмоқчи эдингиз?

- Мени қизиқтирган нарса – Тошкентда яшаган Буюк князь Николай Константинович. Бундан ташқари, мени Бухоро амири Сайид Олимхоннинг атрофидаги одамлар ҳамда фақат ўша даврга ҳос нарсалар қизиқтиради. Ростини айтсам, кимдир бундан хавотирга тушиб қолгани ҳақида тахмин қилишнинг ҳам қизиғи йўқ мен учун. Менимча, буларнинг бари қандайдир ҳамоқат, бор гап шу.

“Фарғона.Ру”: - У ерга сайёҳ сифатида боришни истамайсизми?

- Йўқ. Откриткалардаги фотосуратларни кўриш кифоя. Мен ҳужжатларни кўришим керак. Мен Бухородаги сиёсий агентликнинг Туркистон генерал-губернаторлиги девонхонаси билан ёзишмаларини кўришим керак. Бу ҳужжатлар Тошкентда сақланмоқда. Яна мени қандайдир конкрет нарсаларгина қизиқтиради.

* * *

Ёзувчи Григорий Шалвович Чхартишвили 1956 йил 20 майда Грузияда туғилган, 1958 йилдан бери Москвада яшайди. Чхарташвили – кўпгина беллетристик асарларнинг муаллифи, кўплаб профессионал мукофотларнинг лауреати.

Мария Яновская, Феруза Жоний, Даниил Кислов тайёрладилар