20:39 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда “Ташаббус-2009” танлови ниҳоясига етди

01.04.2009 18:06 msk

Павел Кравец

Тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ҳар йили ўтказиладиган “Ташаббус” танловининг якунловчи босқичи 30-31 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтди. Танлов ғолибларига совринларни Ўзбекистон президенти тақдим этган. Танловда анъана бўйича йил натижаларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда мамлакат тадбиркорлик ҳаракати ва кичик бизнеснинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар иштирок этиб келадилар.

Алишер Хайдаров из Бухары
Бухоролик Алишер Ҳайдаров – йилнинг энг яхши ҳунарманди

Республика Савдо-саноат палатаси танловнинг асосий ташкилотчиси бўлиб қолди. Бу тадбирни уюштиришда Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси, Фермерлик хўжаликлари ассоциацияси ва “Ҳунарманд” ҳунармандлар ассоциацияси кўмаклашди. Танлов ташкилотчиларга кўра, “иштирокчи тадбиркорларнинг ҳар бир йўналиш ва номинацияларда эришган ютуқларини объектив ва ҳар томонлама баҳолашга имконият берувчи ҳамда замон руҳига мос келувчи мезонлар асосида аниқланиб” танлов ғолиблари белгиланади.

Бу йил ғолиблар учта асосий йўналиш бўйича аниқланди: “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши фермери”, “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”. Шунингдек, “Йилнинг энг ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг ёш фермери”, ва “Йилнинг энг ёш ҳунарманди”, “Йилнинг энг яхши аёл-тадбиркори” ва “Ижтимоий кўмак соҳасида йилнинг энг фаол тадбиркори” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Март ойининг бошланишида танловнинг туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтди ва уларда ғолиб бўлганлар вилоят кўригида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Мамлакатнинг барча бурчакларидан қирқдан зиёд тадбиркорлар финал босқичига чиқдилар. Якуний босқичга чиққан тадбиркорларнинг маҳсулотлари 30-31 март кунлари Маданият ва санъат кўргазмалар залида намойиш этилди.

Пойтахтнинг “Туркистон” концерт залида 31 март куни ўтган “Ташаббус-2009” танлови ғолиблари ва совриндорларини мукофотлаш маросимида Ўзбекистондаги етакчи санъат усталарининг гала-концерти бўлди. Ғолибларга совринлар - “Матиз” автомобиллари топширилди.

Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги тикув, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Барчиной” хусусий корхонасининг раҳбари Раҳимберди Раҳимов “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида ғолиб бўлди. Корхона Россия, Туркия ва Германиядаги шериклар билан ҳамкорлик қилади. Ўтган йилдаги фаолият натижалари бўйича корхона 606 миллион сўм (432 минг доллар атрофида) фойда кўрди ва бу ўтган йилга қараганда деярли икки баробар кўп.

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланувчи фермерлик хўжалигининг раҳбари Раҳмиддин Шаропов “Йилнинг энг яхши фермери” номинациясида ғолиб бўлди. Бу хўжалик йил сайин қорамол ва парранда сонини кўпайтириб келмоқда.

Бухоролик Алишер Ҳайдаров йилниг энг яхши ҳунарманди сифатида танлов ғолиби бўлди. У қўҳна Бухоро заргарчилик мактабининг технологияларини қайта тиклаб ривожлантираётган усталар авлодидан. Алишернинг қўлидан чиққан кумуш, феруза тошлари ва кораллдан тайёрлаган заргарлик буюмлари: сирға, билагузук, медальон, зебигардонлар (колье) нафақат Ўзбекистонда, балки мамлакат ташқарисида ҳам машҳур. Уста кўплаб халқаро кўргазмаларнинг ғолиби бўлган.

Шунингдек, “Ташаббус-2009” танлови ғолиблари ва лауреатларига диплом ва совринлар топширилди. Танловда эришилган ғалаба уларга шунга ўхшаш халқаро кўрикларда, ярмаркаларда ва семинарларда иштирок этиш ҳамда чет эл мамлакатларда стажировкадан ўтиш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистонда тадбиркорлик ташаббусини рағбатлантиришга қаратилган “Ташаббус” кўрик танлови 1996 йилдан бери ўтказилмоқда. Танлов географияси йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу йилги танловда олтмиш мингдан зиёд тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар иштирок этдилар.

Павел Кравец