06:30 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Элёр Ғаниев: “Ҳеч нарса айрим ҳаққоний фактлар билан йўғрилган ёлғон каби ишончли бўла олмайди”

11.10.2005 07:47 msk

The Bukharian Times (New York)

«Фарғона.Ру» ахборот агентлиги муҳарриятига Нью-Йоркдаги Бухоро яҳудийлари жамоатининг Бухариан Таймс («The Bukharian Times») ҳафталик газетаси янги сони келиб қолди. Газетанинг бу сонида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев билан бўлган интервью чоп этилган эди. Вазир билан БМТнинг “саммитлар саммити” юбилейига мамлакат президенти ўрнига келган журналист Тавриз Аронова суҳбатлашди. Бу мақолада зийрак муштарий учун ҳеч қандай янгилик йўқ. Лекин барибир биз уни чоп этишга аҳд қилдик. Чунки ўзбекистонлик амалдорлар вақтли нашрлар саҳифаларида кам пайдо бўладилар ва уларнинг ҳар бир интервьюси олтинга тенгдир.

ТАВРИЗ АРОНОВА: “Мен вазирларга мадҳиялар куйламайман”

The Bukharian Times (New York),

18 сентябрь куни «Da Mikelle» ресторани залида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев шарафига тушлик берилди. Ўзбекистондан бу тушликда жаноб Ғаниевдан ташқари Ўзбекистон элчиси жаноб Абдулазиз Комилов, Ўзбекистон Республикасининг БМТ қошидаги доимий мухтор вакили жаноб А. Воҳидов, Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги бош консули жаноб Ҳасан Икромов, элчининг биринчи котиби жаноб Ш. Абдуллаевлар иштирок этдилар.

Ҳурматли ўқувчилар, сизларга мен ўзимнинг бу даражадаги юқори мартабали давлат арбоблари билан бўлган суҳбатдан олган таассуротларимни сўзлаб бераман. Муҳтамал саволларингизни олдини олган ҳолда, халқаро-давлат даражасида мулоқот қилиш тажрибамиз катта, лекин айнан шу учрашув менинг Э. Ғаниев билан интервью қилишимга туртки бўлди. Бу эса ҳозирча атоқли меҳмонимиз психологик портретини бериш учун кучсиз уриниш, холос.

ЭЛЁР ҒАНИЕВ

Агар мен учта асосий сўз билан Ўзбекистоннинг ҳозирги ташқи ишлар вазирини тасвирлаб беришимга тўғри келганда, кўп ўйланиб ўтирмасдан, куч, ақл ва ёшлик, деган бўлардим. Жаноб вазир шу даражада кучли ва улуғвор кўринардики, ресторан залига кириб-кирмай, барчамиз унинг пинжига кириб қолдик.

У ўзини эркин тутган ҳолда биз билан ва Бухоро яҳудийлари конгресси делегация аъзолари билан кўришиб чиқди (Б. Қандов, И. Аронов, Р. Некталов, Н. Юшуваев ва мен). Сўнг ҳаммамиз батартиб ҳолда катта бўлмаса ҳам, мазали кўринган банкет столи атрофига жойлашдик.

Вазир самимий ва хайрихоҳ суҳбатдош ўлароқ таассурот қолдирди. Ўринли ҳазил қилар, қизиқарли мавзуларни тез илиб олар, уларни осон ва эркин ривожлантирар, лекин шу билан бирга унинг маънодор кўзлари суҳбатдошига синчковлик ва синовчанлик билан қарар эди.

У ҳозирги пайтда кам учрайдиган хислатга – суҳбатдошининг нутқидан керакли ва зарур фикрларини ажратиб олиб, уни диққат билан тинглаш, уларни маҳорат билан илиб олиб, керакли ўзанда ривожлантириш салоҳиятига эга эди. Образли қилиб айтганда, у моҳиятан мунозарамизнинг ажойиб капитани эди. У бизнинг ҳар биримизни нафақат тинглаб ва тушунибгина қолмай, шу билан бирга ҳеч қандай тазйиқсиз ўз мулоҳазаларининг ҳақ эканига бизни ишонтирмоқчи бўларди. Ўз мунозара кемасини у жуда эҳтиётлар, ўткир қояларни айланиб ўтарди. Шу билан бирга, агар муаммоли-ўнғайсиз саволлар туғилиб қолса, вазир бир зумда, ўйланиб ҳам ўтирмай уларни муҳокама қилишга киришарди. Унинг ўзини тутишида қандайдир зўриқиш ёки ортиқча нарса айтиб юборишдан чўчишга бирор ишора ҳам йўқ эди.

Бундай усулдаги суҳбат мароми нафақат барчамизга хуш ёқарди (буни ҳамкасабаларимнинг юзларидан ўқирдим), очиғи ҳурмат уйғотарди. Ўқувчи мени “вазирга мадҳиялар айтаяпти”, деган нотўғри фикрга келишини истамасдим. Асло. Салбий-аччиққина бирор нарса айтиб қўйишга хурсанд бўлардим, лекин афсуски... Бир ярим соат давом этган фаол суҳбат мобайнида мен фақат сиз ўқиб бўлган нарсаларнигина кўрдим.

Яхшиси, у билан бўлган суҳбатни ўқиб, ўзингиз ҳукм чиқаринг.

Тавриз Аронова: - Ҳозир ҳамманинг оғзида Андижон воқеалари. Балки, сиз яна бир бора бу мавзуда суҳбатлашишни хоҳламассиз? Агар шундай бўлса, келинг, бошқа бирор нарса ҳақида гаплашайлик.

Элёр Ғаниев (ҳотиржам, ошкора мағрурлик билан): - Ҳа, бу мавзу бир неча ойдан буён Ғарбда фаол равишда кўпиртирилмоқда. Шу қадар кўп гапирилиб, ёзилдики, сиз мендан ҳеч қандай янги, ҳайратга соладиган нарсаларни эшита олмайсиз, ўйлайман.

Фикримча, бир нарсанинг, ҳатто фожеанинг устида ҳам айланавериш керак эмас. Ахир, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди-ку. Ўтган воқеалар юзасидан жиддий ва қатъий мулоҳаза юритиб, тўғри хулосаларни чиқариш ва яшашда давом этиш керак.

Аммо, агар сизга маъқуд келса, мен бу мавзуни давом эттиришга тайёрман, бунинг устига бизнинг яширадиган ва қўрқадиган ҳеч нарсамиз йўқ.

Т.А.: - Аминманки, жаноб вазир, Ўзбекистон расмийлари ахборот урушини ютқазиб қўйдилар. Ахир Интернет, газеталар Ўзбекистоннинг ҳозирги аҳволи ҳақидаги салбий мақолалар билан тўла. Дарвоқе, исроилликларда ҳам шу каби муаммо мавжуд, улар ахборот майдонида фаластинликларга очиқ-ойдин ютқазиб келишмоқда. Бу нима билан боғлиқ?

Э.Г.: - Фикрингизга тўла қўшилмайман, аммо гапларингизда асос бор. Бу, энг аввало, расмийлар газетада оқлов ташвиқотини олиб боришдан кўра, иш билан шуғулланиши кераклиги билан боғлиқ, деб ўйлайман. Сизни ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда иш талайгина, ундан ташқари, террорчилик ташкилотлари республикамизга эътибор бермай, айланиб ўтиб кетаётганлари йўқ. Аммо, албатта, ахборотлар хоҳи рост бўлсин, хоҳи ёлғон-туҳмат бўлсин, умуман олганда, жамият фикрига катта таъсир ўтказади. Лекин ҳеч нарса айрим рост сўзлар аралаштирилган ёлғон каби ишонч уйғотолмайди. Жаноб журналистлар бу нарсадан оддий одамлардан кўра кўпроқ хабардорлар ва ўз мақолаларида ярим ёлғон, ярим рост хабарлардан моҳирона фойдаланадилар. Гарчи, кўпинча шундай беъмани гаплар ҳам учраб турадики, қандай қилиб бу каби тутириқсиз (маъзур тутадилар!) гапларни босиб чиқаришганига ҳайрон бўлишдан чарчамайсиз.

Исроилдаги терроризм муаммоларига тўхталсак, мен ҳаммага Исроил оммавий ахборот воситаларидаги Ўзбекистонни террорчиликка қарши курашини қўллаб чоп этилган бир қатор мақолаларни тавсия этган бўлардим.

Т.А.: - Ўзбекистонда жойлашган Америка ҳарбий базаси нон-грат шахсига айланиб қолди. Бу нима билан боғлиқ? Ўзбекистондаги вазиятнинг АҚШ томонидан кучли танқидга учраганигами?

Э.Ғ.: - Мутлақо ундай эмас. Биз Америка билан икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида жаҳон ҳамжамиятида қабул қилинган умумий ва расмий, ўзаро манффатли шартномаларга зид ҳолда оғзаки келишувлар олиб боришга уриндик. Ўзингиз тушуниб турганингиздек, бу иш ҳуқуқий, молиявий, ҳарбий ва гуманитар масалалар кетма-кет ҳал қилиш билан бирга олиб борилди.

Лекин бизнинг чақириқларимиз ва саъи-ҳаракатларимиз назарга илинмади, ҳаттоки тингланмади ҳам. Ўзбекистон томонининг бир тарафлама қарор қабул қилишига тўғри келди. Нафсиламрини айтганда, агар бу масала билан мурожаат қилсалар, биз доимо музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз.

Т.А.: - Ғарб, хусусан, АҚШ очиқчасига Ўзбекистоннинг Россия томон бурилганлиги ҳақида гапирмоқда.

Э.Ғ.: - Ҳеч қандай бурилиш хусусида, айниқса, Россия томон бурилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Россия ҳеч қачон Ўзбекистоннинг манфаатлари доирасидаги сўнгги давлат бўлган эмас. Бизнинг ўтмишимиз бир, Ўзбекистоннинг деярли барча фуқаролари рус тилини тушунибгина қолмай, балки бу тилда анча равон сўзлайдилар. Бу аҳамиятсиз факт эмас. Ундан кейин умумий иқтисодий масалалар ва уларни ечиш учун умумий бўлган ҳал қилиш йўллари бор.

Алоқалар кўп йиллик бўлиб, улар ҳеч қачон узилмаганди. Бирдан, айнан ҳозир бу алоқалар Ғарбни безовта қила бошлабди. Аммо Ўзбекистон мутлақо мустақил республика, бизни учинчи дунё мамлакати сифатида тасвирлаш керак эмас.

Т.А.: - Сиз икки стандартли сиёсат ҳақида гапирмоқдасиз. Бунда сиз нимани назарда тутдингиз?

Э.Ғ.: - Юзада турган нарсаларни: террорчи – у нафақат Америкада, балки Ўзбекистонда ҳам, Исроилда ҳам, Лондонда ҳам террорчидир. Ҳозир қанақа бўлаяпти? Агар Лондон ёки Нью-Йоркда бомба портлатсалар, бу террорчилар, деб қаралмоқдалар. Ўзбекистонда эса улар инсон ҳуқуқлари учун курашаётган кишилар бўлиб чиқяптилар. Дунёда ҳамма кишилар тушуниб етишлари керакки, масала ёки муаммони куч ишлатиш йўли билан ҳал қилишга ҳар қандай уриниш террорчилик ҳуруж ўлароқ, деб қаралиши керак, айниқса, бу нарса одамларнинг қурбон бўлишларига сабаб бўлса.

Ўзбекистон террорчилик билан курашиб келган, курашаяпти ва бундан буён ҳам мақбул ва қонуний усуллар билан террорчиликка қарши курашаверади.

Т.А.: - Жаноб вазир, (Ўзбекистонга учиб кетишингиз сабабли) вақтимиз чекланганлиги боисидан сизга миннатдорчилик изҳор қилишга рухсат этинг. Аммо хайрлашиш олдидан аёлларча қизиқишдан келиб чиққан ҳолда бир саволни бермай қўёлмайман: ёшингиз нечада?

Э.Ғ.: (кулимсираб): - Қирқ бешда.

Т.А.: - Аёлларда бу ёш энг етилган пайт... Сизда қанақа?

Э.Ғ.: (кулимсирашдан тўхтамай): - Эркакларнинг «етилган» ёшига етгунимча яна 20-25 йил бор.

P.S. Мана шундай ҳазил-чин аралаш кайфиятда биз бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсатини белгилаб бераётган, қувват, куч ва сабот эгаси бўлган киши билан хайрлашиб қолдик.

У сизга у ёқдими ёки ёқмадими, буёғини энди ўзингиз мустақил ҳал қилинг, муҳтарам муштарий.