14:38 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

БМТ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш тўғрисидаги ҳисобот узил-кесил қабул қилинди

27.03.2009 19:13 msk

Фарғона.Ру

БМТ Кенгашининг навбатдаги сессияси 9 март куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича ҳисобот лойиҳаси узил-кесил тасдиқланди. “Фарғона.Ру” ҳисобот 2008 йил декабрь ойида қандай муҳокама қилингани ҳақида ёзганди. БМТ Ўзбекистон бўйича Ишчи гуруҳнинг ҳисоботини қабул қилиб, ўзида Ўзбекистонга таъсир кўрсатишнинг реал воситалари йўқлигини, боз устига, бундай воситаларни қидириш истагидан йироқлигини яна бир бор тасдиқлаб қўйди.

Кутилганидек, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг мамлакат ички сиёсатида тубдан бурилиш ясашни талаб қилмайдиган умумий тавсияларини қабул қилди, холос. Бундан ташқари, ҳисоботга ишонадиган бўлсак, қийноқларни тўхтатиш, турмалардан ҳуқуқ ҳимоячиларни чиқариш, мамлакат фуқароларининг ҳаммасига тенг ҳуқуқ бериш, фуқароларнинг фундаментал ҳуқуқлари ва эркинликларини, шу жумладан, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш каби жиддий талаблар ё “бажарилган” ё “бажарилмоқда” экан. Мисол учун, ҳисоботда Ўзбекистон пахта теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни зудлик билан тўхтатиш тўғрисидаги талабни қўллаётгани ҳамда болалар эндиликда пахта теримига жалб этилмаётгани айтилган. Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича иш олиб боришни давом этишга ва шу мақсадда миллий қонунчиликка ўзгартишлар киритишга рози; ҳукумат болалар мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишни ошкорасига қоралашга ҳамда биров болалар меҳнатидан фойдаланмаяптими, дея мунтазам назорат ўрнатишга тайёр.

Ўзбекистон ва унга таянган ҳолда БМТ ҳам “қамоқхоналарда қийноқлар ва бошқа турдаги шавқатсиз, ғайриинсоний ва киши қадри-қимматини таҳқирловчи муносабатларнинг олдини олиш бўйича барча имконияти бор чораларнинг кўрилиши”ни ҳозирда бажарилаётган ёки бажариб бўлинган талаблар қаторига киритдилар. Маълум вақт ўтганидан сўнг Ўзбекистон “қийноқлар қўлланиши бўйича барча аризалар текширилаётгани, айбдорларнинг жавобгарликка тортилгани, жабрланганларга эса халқаро ҳуқуқ ҳимоя стандартларига мос келадиган тегишли товон пули тўлангани” ҳақида халқаро ҳамжамиятни ишонтириши керак бўлади.

Ўзбекистон учун “уйга берилган вазифалар” қаторига “маҳбусларни сақлайдиган барча муассасаларни назорат қилиш, маҳбус ва маҳкумлар ҳуқуқларининг риоя қилинишини, шу жумладан, тиббий ёрдам олиш ва адвокат ҳимоясига эга бўлишга кафолат бериш, суд тизимининг ижро ҳокимиятидан мустақиллигига ишонч ҳосил қилиш (!) ва диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштириш” каби талабларни киритиш мумкин. Шунингдек, “келгусига” берилган вазифалар қаторига сўз, виждон эркинлигини таъминлаш, фуқаролик ва ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг фаолиятидан чекловларни олиб ташлаш ва уларнинг нормал ишлашларига имконият бериш, оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш каби талаблар киритилган.

Ўзбекистон баъзи муҳим масалаларни ўрганишга, жавобларни эса “белгиланган муддатларда тақдим этишга” ваъда берди. “Кейинга қолдирилган” масалалар орасида ҳибсга олинган барча шахсларнинг зудлик билан адвокат билан таъминланиш, ҳибсга олинганидан ва озодликка чиқарилганидан кейин холис медицина кўригидан ўтказиш ҳуқуқини кафолат қилувчи Қийноқларга қарши конвенцияга 2002 йил факультатив протоколининг ратификация қилиш имкониятини кўриб чиқиш ҳам бор.

“Кейинга қолдирилган” жавоблар қаторига Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик жамиятининг халқаро ва миллий институтлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, масалан, энг йирик халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларини мамлакатда қайта аккредитация қилиш; халқаро кузатувчиларнинг ҳамда мамлакатга кириши тақиқланган, шу жумладан, БМТнинг қийноқлар бўйича, фикр эркинлиги бўйича, ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволи бўйича

махсус воизларнинг мамлакатга кириш жараёнини енгиллаштириш ва бошқа талаблар киритилган.

Ўзбекистон одамларнинг қамоқхона ва колонияларда сақлаш шароитини назорат қилувчи ва маҳбусларнинг шикоятини кўриб чиқувчи мустақил миллий институт тузиш талабини ҳам қўлламоқда.

Аммо ҳисоботда Ўзбекистон мутлақо инкор этувчи бир неча бандлар бор. Масалан, Андижондаги қонли воқеаларни мустақил текшируви Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлар қаторига кирмас эмиш. Шунингдек, Андижон воқеаларида иштирок этишда гумонланган шахсларни Ўзбекистонга қайтариш масаласи халқаро ҳамжамиятнинг муҳокама мазмунига айланиши мумкин эмас экан. Бундан ташқари, Ўзбекистон нодавлат ташкилотлари мамлакатда ишлай олмаяпти ҳамда турмаларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий маҳбуслар ўтирибди деган айбловларни ҳам инкор этмоқда.