14:33 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ўқитувчиларни пора олишга мажбур қилмоқдалар ва ўқувчиларнинг ёмон ўқиши важидан жаримага тортмоқдалар

19.03.2009 13:29 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистондаги ўрта таълим муассасаларида порахўрликка қарши курашнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Мисол учун, Тошкентда жойлашган коллеж ва лицейларнинг ўқитувчиларига “келгусида пора олмайман”, деган мазмунда тилхат ёзиб беришни таклиф этдилар. Коррупцияга қарши курашга давлатнинг бундай енгил-елпи ёндашиши педагоглардан бирини шунчалик ғазаблантирдики, у номини ошкор этмаслик шарти билан ўрта махсус таълим тизимининг “ичидан” нақадар чириб кетгани ҳақида сўзлаб беришга рози бўлди.

* * *

Мен пора олмайман деган мазмунда бундай тилхат бериб ўтирмадим, негаки, бу кишини камситади. Тушунмадим, нима сабабдан бундай акция ўтказиш зарур бўлиб қолди-ю ва оқибатда нимага эришилади. Пора олиб келганлар бу ишни тўхтатмасликлари аниқ, мутасаддилар эса коррупцияга қарши кураш бўйича навбатдаги тадбирни ўтказдик дея юқори ташкилотлар олдида ҳисобот берадилар.

Бундай акциялар Ўзбекистон таълим тизимининг чириб бўлганига яна бир бор далил бўлмоқда. Узоққа бориб ўтиришнинг кераги йўқ. Илгари бизнинг таълим муассасамизга ўқишга кириш учун қандайдир қобилиятга эга бўлиш керак эди. Битирувчиларимиз эса дарс бериш ҳуқуқига эга бўлиш учун етарли даражада билимга эга бўлганлар. Ҳозир эса тўғри келган-келмаганни олишяпти: бино ичи тўла талаба бўлгани билан уларнинг аксарияти қайга келиб қолганларини тўлиқ англамайдилар ҳам. “Ёш мутахассислар” эвазига ўқитувчиларимиз штати шишириб юборилган, ойлик маош фонди ҳаммага етмаяпти, маъмурият доим бюджетни қайта пичгани-пичган.

Ўзбекистонда ўн икки йиллик мажбурий таълим жорий қилингани оқибатида қоғозда ҳамма саводли мутахассисбўлиб қолган, аммо амалда эса бу маълумотлилик кўпчиликка кераги йўқ. Кўпчилик ўқишни битириб бозорга савдо қилгани чиқиб кетяпти.

Ўқувчилар билан суҳбатлаша туриб уларнинг келгусида ким бўлишлари билан қизиқаман. Ўғил болаларнинг кўпчилиги ўзини ё савдога ё кучишлатар тузилмаларига урмоқчи, қизларнинг баъзилари эса эрга тегиб уйда ўтиришни истайдилар. Улар бизнинг ўқув юртимизга тасодифан ёки мажбуран кириб қолганлар.

Кўпчилик ўқувчилар ўқитувчиларга пора беришлари сир эмас. Ўқувчи узоқ муддат давомида дарсларга иштирок этмаслиги, сўнг белгиланган миқдордаги пулни конвертга солиб ўқитувчининг олдига келиши мумкин. Бу нарса йўлга қўйилган тизим: ўқитувчилар зачет қабул қилишлари ва баҳо қўйиб беришга мажбурлар. Негаки, ўқувчиларнинг дарсни ўзлаштирмасликлари важидан уларни мукофот пулидан маҳрум этишлари ёки унчалик катта бўлмаган ойлик маошларидан ушлаб қолишлари мумкин.

Ҳозир эса кураторларнинг ўзлари қўлларида зачеткаларни кўтариб педагогларнинг ортидан юрадилар, ялиниб-ёлвориб ноқобил ўқувчиларга баҳо қўйиб беришларини илтимос қиладилар. Акс ҳолда, кураторлар бизни моддий жиҳатдан жазолайдилар, дея илтимос қиладилар. Мен бунга қаршилик қилиб кўришга уриндим, аммо маъмурият агар кўнгилхушсизликларга дуч келишни истамасам эл қатори юришим лозимлигини менга аниқ қилиб тушунтириб қўйди. Шундан кейин менга пора олмайман деган мазмунда тилхат ёзб беришни таклиф этишадими? Ахир бутун таълим тизимининг негизини шу пора пуллари ушлаб турибдику, қанақа кураш тўғрисида гапиряпсиз?

Педсоветларда шундай савол бердик: агар ўқувчи мутлақо дарсларга иштирок этмаётган бўлса, қандай чора кўришимиз керак? Тасаввур қила оласизми, бизнинг ўқув муассасамизга бундай ўқувчиларниг ишларини туман ҳокимлигига, балоғатга етмаган ёшлар ишлари бўйича комиссияга оширишни ва ҳатто, ота-оналарини судга беришни тавсия этишди!

Таълим муассасаларининг раҳбарларига битирувчиларнинг ишга жойлашуви ортидан кузатиш ҳам тавсия этилган. Директорлар эса моддий жиҳатдан жазоланишдан қўрқиб бунинг ижросини ҳам педагогларга юклаяптилар. Қаранг, битирувчи ўзи битирган таълим муассасага уни ишга қабул қилингани ҳақида буйруқ ҳамда меҳнат дафтарчасининг нусхасини тақдим этиши лозим. Бўлмаса у дипломини ололмайди! Бугунги кунда мутахассилиги бўйича иш топиш қийинлигини ҳам ҳисобга олиш керакми ахир? Меҳнат бозорида ёш мутахассисларнинг сони йилдан йилга ошиб кетяптику!

Қизларнинг кўпчилиги эса ўқишни битиришлари билан турмушга чиқиб кетишяпти, уй бекаси бўлиб бола туғишяпти – ўрта махсус маълумотли келинларнинг нархи баландроқ юради. Бу ҳолда маъмурият ўқитувчига маҳалла фуқаролари йиғинидан собиқ битирувчининг оилавий аҳволи тўғрисида справка олишни тавсия қилади. Бўлмаса, унга нисбатан жазо чоралари кўрилиши муқаррар.

Ўтган йили август ойида республика конференциясида иштирок этишимга тўғри келди. Унда давомати паст бўлган муассасаларнинг директорларини пўстагини қоқишди. Сочи оқарган одамларга ҳаммани олдида ёш боладек дакки бердилар. Шармандалик... Битирувчилари ишга вақтида жойлашмаган педагогларни эса Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан бериладиган мукофот пулидан маҳрум қилдилар ва ҳатто, уларни ишдан ҳайдаш билан қўрқитдилар.

Энди бўлса мана бу тилхат. Қизиқ, ўрта махсус таълим тизимида ҳамма ишлар ажойиб эканлигини намойиш қилиш учун таълим вазирлигидаги мутасаддилар яна нималарни ўйлаб чиқишар экан?