02:32 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Статистика қўмитаси бундан кейин ҳам аҳолининг ҳаёт даражасини кўтаришга ваъда берди

07.03.2009 10:08 msk

Феруза Жоний

“Уч ҳил ёлғон мавжуд: ёлғон, беҳаё ёлғон ва статистика”. Агар бош муҳарриримиз менга Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 3 март куни бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳақида мақола ёзишни топширмаганида, Ўзбекистон статистикаси тўғрисидаги суҳбатни бошламай туриб Марк Твеннинг ушбу ибораси билан тугатиб қўя қолардим.

Давлат статистика қўмитаси ходимларининг журналистлар билан учрашуви давомида давлат статистика ишларининг 2009 йилга дастурини тақдим этиш ҳамда табиийки, Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларининг ходимларига жавоб бериш кўзда тутилганди. Миллий матбуот маркази залида ўтган матбуот анжуманида йигирма нафар журналистларнинг иштирок этганига қарамай, Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситаларида ушбу тадбир ҳақида чоп этилган хабарлар ЎзА ахборот агентлигининг материалидан фарқ қилгани йўқ, ҳисобида.

Хабарда республика Давлат статистика қўмитаси (ДСҚ) Статистик ишларни ташкил этиш ва методология бошқармасининг бошлиғи Е.Кияткинанинг ярим соатлик ҳисоботидан парчалар келтирилган. Анжуманда у журналистларга 2009 йилга статистика ишлари бўйича ҳаракат дастури тўғрисида сўзлаб берди. Унга кўра, ушбу дастур “тегишли вазирликлар ва маҳкамаларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда тайёрланган бўлиб, мамлакат ва вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, тузилма ва бозор ўзгаришларини, иқтисодиёт соҳалари ва секторларидаги ислоҳотларни, кичик тадбиркорлик ва фермерликнинг ривожланишини, ҳаёт сифатининг ўсишини билан ўзаро боғлиқ ишларнинг бажарилишини кўзда тутади”. Эътибор беринг: Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси аввалдан ўз ҳисоботларида “аҳоли ҳаёти сифатининг яхшиланиб бораётгани”ни қайд этишга шайланган.

Ўзиям Давлат статистика қўмитасининг иши кўп йиллардан бери Ўзбекистон халқининг турмуш фаравонлиги тобора ошиб бораётганини қайд этишдан иборат бўлиб қолди. Агар чин воқеликни тарк этган ҳолда Ўзбекистоннинг расмий статистикаси маълумотларига ишонадиган бўлсак, қалбимизда ўзбек халқи учун қувонч ва ғурур ҳисси пайдо бўлиши керак. Мамлакатда “иқтисодиётнинг юқори ва барқарор ўсиш суратлари”, “макроиқтисодий барқарорлик”, “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал суратларда ривожланиши”, “аҳоли бандлигининг ўсиши”, аҳоли даромадлари, пенсия ва маошларининг ўсиши... Шу билан бирга, инфляция ҳақида бирор оғиз сўз йўқ. Мана сизга чинакам иқтисодий феномен!

“Биз [Ўзбекистон] бошқа мамлакатларга нисбатан анча яхшироқ ривожланмоқдамиз”, - дея билдирди Елена Кияткина ва республикада ялпи ички маҳсулот ҳажми 2008 йилда деярли ўн фоизни ташкил этганини қайд этиб ўтди.

Давлат статистика қўмитасининг оптимистик баёнотлари муносабати билан Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича “Ижтимоий фикр” марказининг муваффақиятлари ҳам ёдга тушади. Бу марказ ҳам Ўзбекистон халқининг иқбол юлдузи чарақлагани ҳақида тинмай уқдириб келмоқда. Марказ республика фуқароларининг мутлақ кўпчилиги (90,7 фоиз) мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳволи билан қониқаётганлари, 89,5 фоизи эса Ўзбекистонни яшаш жойи сифатида тарк этишни истамаётганларини йил сайин билдириб келишдан чарчамаяпти.

Аммо лекин объектив манзарага назар ташламоқчи бўлсангиз, Ўзбекистон раҳбариятининг доно сиёсатини олқишлашга шошилманг. Яхшиси Интернетдаги бирорта қидирув тизимига “Ўзбекистон фуқароси” дея номланган сўровини киритинг. Нима? Тизим тақдим этган матералларнинг аксарияти муҳожирлик мавзуси билан боғлиқми? Қизиқ: ахир дунё бўйлаб авжига чиққан иқтисодий бўҳрон ва оммавий ишдан бўшатишлар қабатида Ўзбекистон ҳақиқий жаннатмакон ер бўлиб кўринар эканда? Расмий статистика маълумоти бўйича.

Россияга ишчи кучи етказиб беришда биринчи ўринни эгаллаётган Ўзбекистон эмасми? Россия Федерал муҳожирлик хизмати Москва вилояти бўйича бошқармасининг маълумотига кўра, вилоятга келаётган жами меҳнат муҳожирларининг 30 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этади. Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан йилига уч-беш миллион киши чет элга пул ишлагани чиқиб кетади. Уларнинг ҳар бири ватанига пул юбориб камида 4-5 нафар оила аъзоларининг тирикчилигини кўтараётганини ҳисобга оладиган бўлсак, аҳолиси 27 миллион кишидан ошиб кетган республиканинг каттагина қисми қариндошларини гастарбайтерлиги туфайли ҳаёт кечираётгани маълум бўлади.

Мазкур матбуот анжуманида Елена Кияткинага ДСҚ Ўзбекистоннинг минтақадаги бошқа мамлакатлари, МДҲ мамлакатлари, дунё мамлакатлари билан солиштирма статистик маълумотларини тақдим этадими деган савол берилди. “Биз Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан солиштирма маълумотларини чоп этмаймиз. Бунинг учун биз ўша мамлакатларнинг статистика қўмиталари билан келишиб олишимиз лозим. Бугунги кунда бундай келишувлар мавжуд эмас”, - дея жавоб берди Кияткина.

У “Интернетда зарур маълумотларни топса бўлади, керак бўлса ўзингиз уларни қиёслашингиз мумкин. МДҲ бўйича статистик маълумотларни фақат МДҲ Статистика қўмитаси қиёслаш ҳуқуқига эга. У ҳамдўстликка аъзо бўлган давлатларнинг тегишли маҳкамаларидан расмий статистик маълумотлар олиб туради”, - деб айтди.

Қайд этиш жоизки, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Давлатлараро статистика қўмитасининг ҳисобот ва шарҳларида Ўзбекистон бўйича статистик маълумотлар мунтазам равишда тақдим этилмайди. Бу мамлакат МДҲ бўйича “умумий қозонга” ўз статистикасини бермай қўйган. Шу аҳволда Ўзбекистоннинг оддий фуқаролари қандайдир статистик маълумот олишлари тўғрисида нимаям дейиш мумкин?

“Жисмоний шахслар учун ҳеч қандай чекловлар йўқ!”, - дея билдирди Е.Кияткина. унга кўра, давлат идораларига юборилган сўровларнинг жавоблари бепул, қолганлари эса пуллик, тариф бўйича тақдим этилади. “Боз устига, батафсил маълумотлар билан бизнинг қўмитамизда ҳамда ДСҚ сайтида (www.stat.uz) танишиш мумкин”, - деди ДСҚ ходими. Шу билан бирга у уялиброқ ҳозирча бу сайтда сўровга жавоб олиб бўлмаслигини тан олди.

Бундан ташқари, ДСҚ сайти маҳкама ўзининг фаолиятида қандай тамойилларга таяниши борасида хабардор қилмоқда. Улар қуйидагича: ишончлилик, объективлик, холислик; долзарблик, қиёслаш имконияти ва барқарорлик; шаффофлик, тўсиқларнинг йўқлиги ва очиқлик; статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва умумлаштириш тартибига ҳар қандай аралашувларнинг истисно этилиши.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси ушбу тамойиллар рўйхатига қўрқмай Геббельснинг машҳур “ҳикмати”ни қўшиб қўйса ҳам бўлади: минг маротаба қайтариб уқдирилган ёлғон ҳақиқатга айланади. Ушбу ибора муаллифининг ҳаёти қандай тарзда якунига етганини ва у бош ташвиқотчилик қилган империянинг тақдири тўғрисида эслатиб ўтирмаймиз.

Феруза Жоний