10:27 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бухоро вилоятида эски бозорни бузиб ташладилар, янгисини қургани эса пул йўқ...

20.02.2009 10:11 msk

Фарғона.Ру

Бухоро вилояти Шофиркон тумани марказида икки йил олдин эски бозорни бузишга қарор қилдилар. Негаки, бозор Хўжа Ориф Моҳитобон ёдгорлик мажмуасининг олдини тўсиб турган экан. Бухоро вилояти ҳокими Cамоиддин Ҳусанов туман ҳокимлигига масжиднинг олдини очиб қўйишни тавсия қилди. Эндиликда бозор ўрни у ер бу ерида бир нечта кўчат суқиб қўйилган яланглик бўлиб қолди.


Хўжа Ориф Моҳитобон ёдгорлик мажмуаси. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Янги бозор бир неча чақирим нарида қуриладиган бўлди, унга ҳатто туман тайёрлов идорасидан жой ажратиб бердилар. Қурилиш бошланди ҳам. Аммо пул етмади. Қурилиш тўхтаб қолди.


Бу ялангликда яқиндагина бозор турганди. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Шофиркон Бухоронинг шимолида жойлашган. Аҳолиси 143 минг кишидан иборат. Мана икки йил бўлибдики, Шофирконнинг марказий кўчаси ҳар якшанбу куни икки томондан темир панжара билан тўсилади ва юзага келган майдонда савдогарлар ўз молларини ёйиб қўядилар. Улар қиздириб турган қуёш остида, ёки ёмғирдан сўнг асфальтда, ёки кишини қотириб қўядиган қиш аёзи шамолида туриб савдо қиладилар. Бунинг учун улар мавжуд бўлмаган бозор раисига пул ҳам тўлайдилар.


Шароит яратиб бермай туриб одамларни пул тўлашга мажбур қилишмоқда. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

“Якшанба куни савдо қилаётган одамлардан пул йиғишга мажбурмиз, - дейди Яҳъё Самадов, Шофирконда қурилаётган бозор раиси. Икки юз эллик савдо ўринларига мўлжалланган янги бозорга “Халқ банки” ўн миллион сўм кредит ажратган. Бугунгача икки юз миллион сўмлик иш бажарилган, қурилишга харажатлар жуда катта. Жами бир миллиард етти юз эллик миллион сўм керак. Шунинг учун ҳам молия вазирининг кўрсатмасига асосан тижоратчилардан пул йиғиш амалга оширилмоқда”.

Аммо молия вазирлиги матбуот хизматида Самадовнинг бу гапларини инкор этдилар ва бозор ҳудудидан ташқарида савдо қилаётган одамлардан пул йиғиштириш тўғрисида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган, дея билдирдилар. “Вазирлигимизнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки бу Солиқ назоратининг бирорта кўрсатмасига асоасан амалга оширилаётгандир?” – дея тахмин қилдилар матбуот хизматида.


Бозор керак, аммо расмийлар уни барпо этишга шошмаяптилар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Афальт устида бир кун давомида ўтириб савдо қилиш ҳуқуқини эллик сўмдан икки минг сўмгача сотиб олиш мумкин.

“Товарга қараб ва унинг миқдорига қараб белгиланади, - дея изоҳ беради турп сотаётган кимса “Фарғона.Ру” мухбирига. - Мана мен эллик сўм тўлайман, сузмафуруш юз сўм, моли кўпроқ одамлар эса икки минг сўм ҳам тўлайдилар”.


Турпфуруш: “Ёмғирдан кейин кўлмак устида туриб савдо қилишим учун нега пул тўлашим керак?” “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бозорчиларнинг аксарияти тўпланган пулллар баъзи мутасаддиларнинг чўнтагини қаппайтираётганига ва қурилишга етиб бормаслигига ишончлари комил. Баъзилар эса ушбу тўловларни ноқонуний дея умуман пул тўлашдан бош тортадилар. “Ёшим олтмишдан ўтди, шўролар даврида ҳам бозорда ўтирганман, - дейди олибсотарлардан бири. – Асосан уйимда етиштирган кўкат олиб келиб сотаман. Мана икки йил бўлди, асфальтда ўтириб савдо қилишга мажбурман. Нима, ёмғирдан кейин кўлмак устида ўтириб савдо қилганим учун пул тўлашим керакми? Ёки ёзда жазирама офтоб тиғида қолганим учунми? Аввал бозорни қуриб қўйишсин. Ўшанда тўлайман пулни, илгаригидек. Аммо негадир бозорни қуриб битиришларига ишонгим келмаяпти”, - дейди олибсотар қўлини силкиб.



 

Реклама