14:31 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандда кўп қаватли биноларга ёндашган иншоотлар ёппасига бузилмоқда

20.02.2009 09:55 msk

Максим Исаев

Янги ҳафта бошланиши билан Самарқандда кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватига ёндашган хусусий иншоотларни йўқ қилишнинг иккинчи тўлқини бошланди. Бундай қурилмалар бузилишининг биринчи босқичи ўтган йилнинг ёзида бўлиб ўтган. Бундай операциянинг ўтказилишига ўтган йили Бухоро вилояти Когон туманидаги ҳарбий омборларда портлашлар туртки бўлганди. Ўшанда ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар экстремал вазиятларда ўт ўчириш ва қурилиш техникасининг уйлар олига келишига ҳамда одамларнинг эвакуациясига жиддий тўсиқ бўлиши аниқланган. Оқибатда қурбонлар сони кўпайиши мумкин. Маҳаллий расмийлар ўзбошимчлик билан қурилган бундай иншоотларни бузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Самарқандда Когон портлашларидан биринчи бўлиб йирик турар-жой массивлари – Саттепо ва Сўғдиёна даҳаларининг аҳолиси жабрландилар. Қайд этиш жоизки, бир неча ўн йиллардан бери биринчи қаватдаги квартилараларнинг эгалари уйга ёндашган ҳудудларга ўз ҳолларича эга бўлишга интилишлари анъана тусига кириб қолган. Бундай ер участкалари кейинчалик томорқаларга айланди, у ерларга гараж ва бошқа хўжалик қурилмалари ўрнатдилар. Вақт ўтиши билан одамлар балконларга газ плиталарини олиб чиқдилар ва шу йўл билан хонадонларида қўшимча метрлар пайдо бўлди. Бозор муносабатлари ҳаётга татбиқ этила бошланганидан сўнг самарқандликлар “ўз” участкаларининг ортида унча катта бўлмаган дўконлар, устахоналар ва сартарошхоналар барпо эта бошладилар. Аввалига расмийлар бунга ҳеч қанақасига эътироз билдирганлари йўқ эди. Сўнгги йилларда одамлар бундай қурилишларга анчагина маблағ ётқиза бошладилар.

Типичная пристройка к жилому дому в Ташкенте
Тошкентдаги турар-жой биносига ёндашган қўлбола қурилма. “Фарғона.Ру” фотосурати

Аммо бир куни келиб Когонда портлашлар содир бўлди. Кўпчилик учун бу жиддий зарба бўлди, уни ҳаммаям кўтара олмади. Баъзи самарқандликларга кўра, ўтган йилги қурилмаларни бузиш акцияси фожеавий ҳодисадан сўнг тўхтаб қолган: қўшимча квадрат метрлар учун курашаётган аёллардан бири юрак хуружидан вафот этган. Расмийлар ярим йиллик танаффус олдилар. Шундан сўнг улар ўз ниятларини амалга оширишга яна киришдилар.

Самарқанд четидаги “БАМ” микрайони 2009 йил 16 февраль куни ўз кўриниши билан чумоли уясини эслатарди: кўп қаватли бинолар атрофида юзлаб одамлар қурилиш ахлатини титиб, ўзларига керакли нарсаларни йиғиштириб олаётган, қачонлардир ўз қўллари билан қурган иншоотларни ўзлари мустақил тарзда бузаётгандилар. Негаки, расмийлар уларга қатъий талаб қўйдилар: агар эгаси белгиланган муддат ичида ўзига тегишли иншоотни бузиб олмаса, бу ишни экскаватор ва бульдозерлар бажаради.

Аммо иш бунгача бормайдиганга ўхшайди – ёзги кампания самарқандликларни эсини киритиб қўйган экан.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан олиб қараганда, расмийларга эътироз бўлиши мумкин эмас. Бу қурилмаларнинг бари ноқонуний. Одамлар буни англаб етганлари учун ҳам расмийларга қандайдир эътироз билирмаяптилар. Аммо кўпчилик аламини ичига ютиб олган.

- Қизим сартарошлик курсларини тамомлади, шу ерда шинамина гўзаллик салони очганди, - дейди “БАМ” микрайонида истиқомат қилаётган одамлардан бири бир уюм бўлиб ётган ғиштларга ишора қилиб. – Энди у ишсиз. Ҳозир иш топиш осон эмас. Бало келса, кўпайиб келаркан.

Шу билан бирга, тижорат мақсадида қурилган ҳашаматли иншоотларнинг эгалари қандайдир йўллар ўз квадрат метрларини асраб қолишга эришмоқдалар. Миш-мишларга қараганда, улар ўзларининг кўп қаватли биноларга ёндашган қурилмаларини қачонлардир қонунийлаштириб қўйган эканлар. Аммо ўт ўчириш техникасига ўтиш зарур бўлганда, расмийларнинг ҳеч қандай рухсатномаси ёрдам бермайди.

Яна бир эътиборга сазавор нарса. Ўтган йили қурилмалари бузилган одамлар уйларига ёндашган участкаларида тартиб ўрната туриб балконлари ёнидаги бир-икки метр ерни гўёки ҳеч нарса бўлмаганидек яна ўзлаштириб олмоқдалар. Ҳозир бу нарса кўзга кўринмагандек бўлиб турибди, аммо кўринишидан жараён ортга қараб кетганга ўхшайди. Ажаб эмаски, икки-уч йилдан сўнг Самарқанддаги кўп қаватли уйларнинг атрофи яна “ободонлашиб” кетса. Бунинг учун битта-иккита одамнинг намуна бўлиши етарли. Портлашлар бошқа қайтарилмаса бўлди.

Максим Исаев