19:51 msk, 18 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда “Нур” диний оқимига мансубликда айбланган судланувчиларга ҳукм ўқилди

17.02.2009 17:22 msk

Фарғона.Ру

Newsuz.Com веб-сайтининг хабар беришича, Ўзбекистонда нурчилар диний оқимига мансуб дея ҳибсга олинан бир гуруҳ кишиларга суд ҳукм ўқилди. Улар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-чи моддаси иккинчи қисми “в” бандига мувофиқ 6 йилдан 6,5 йилгача озодикдан маҳрум этилдилар.

Нашрнинг хабар беришича, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда нурчилар ҳаракатига қарши кураш кучайган. Бунга мисол сифатида кеча, 16 февраль куни ЎзТВ орқали “Зулматга етакловчи нур” деб аталган фильмни намойиш этилганини ҳам келтириш мумкин. Фильмда Бадиуззамон Саид Нурсий асос солган нурчилар ҳаракати экстремистик секта сифатида талқин этилган. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг маълумотлари асосида тайёрланган фильмда айтилишича, 1967 йилда Фатҳулло Гюлен раҳбарлик қилаётган нурчилар ҳаракати ўз олдиларига Болқондан тортиб Сибирга қадар чўзилган Буюк Турк давлатини ташкил этишни мақсад қилиб олган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларга таянаётган Озодлик овози веб-сайти маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари нурчиларнинг асосий қисми мамлакатнинг Бухоро ва Хоразм вилоятларида жойлашган деб ҳисоблайдилар. Бу вилоятларда ҳибсга олишлар тўлқини бўлиб ўтди.

Қизиғи шундаки, ҳибсга олинган ёш йигитларнинг барчаси қачонлардир ўзбек-турк ўғил болалар лицейларида таълим олишган. Ўша 1990-чи йилларда бундай лицейларда ўқиш шарафли саналган, уларда таълим бериш савияси юқорироқ бўлган, битирувчилар эса бир неча тилларда бемалол сўзлашадиган бўлганлар. Аммо кейинчалик бу таълим муассасалари ёпилган, ходимлари эса Ўзбекистондан чиқариб юборилган. “Зулматга етакловчи нур” фильмида айтилишича, мазкур лицейларда нурчилик ва пантуркизм каби миллий анъаналарга зид ғояларнинг тарқатилгани ҳамда “носоғлом муҳит” туфайли шу иш амалга оширилган.

“Нур” ҳаракатининг асосчиси – қурд миллатига мансуб фақиҳ олим Саид Нурсий (1876-1960) бўлади. Айни пайтда ҳаракатни АҚШда истиқомат қилаётган имом Фатҳулло Гюлен бошқармоқда. Илгари Туркия ҳукуматидаги доиралар нурчилар фаолиятига хайрихоҳлик билан қараганлар, аммо 2000 йиллар бошида турк расмийлари бу ҳаракатнинг мамлакатнинг иқтисодий ва ички сиёсий ҳаётига таъсири кучайиб кетаётганидан хавотирланиб ҳаракатни тақиқлаб қўйдилар. Фатҳулло Гюленга дунёвий тузумни шариат бошқарувидаги тузумга алмаштиришга интилишда айблов эълон қилинган.

Саид Нурсийнинг рус тилидаги таржималари Россияда “экстремистик адабиёт” дея тан олинган ва суд томонидан 2007 йилда тақиқланган. Россия Омбудсмани В.Лукинга кўра, суднинг бу қарори адолатли эмас. У суд С.Нурсийнинг асарларини фақат ижтимоий-психологик ва психолингвистик экспертиза хулосаси асосида экстремистик дея тан олганини таъкидлади. Ҳимоя томонидан тақдим этилган Россия ва халқаро диний марказларнинг ҳамда фақиҳ уламоларнинг, дунёвий илмий марказлар ва диншуносларнинг кўплаб эксперт хулосаларини суд эътиборга ҳам олиб ўтирмади.

“Нурчилар 2006 йилда янги маккор стратегия билан қайтиб келдилар. Улар Ўзбекистонда тил маркази, матбуот нашрлари очиш орқали ўз ғояларини тарқатишга уринишди”, дейди кадр ортидаги овоз.

“Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетасининг муассислари ва муаллифлари иши бўйича аввалига гувоҳ сифатида ўтган, кейин ўзи ҳам ҳибсга олинган журналнинг собиқ бош муҳаррири Хамза Жумаев турк лицейларининг собиқ ўқувчиларини ҳибсга олиш учун асосий ахборот манбаси бўлиб қолди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари тақдим этган маълумотларга кўра, Х.Жумаев ўзининг кўрсатмаларида қандайдир чет эллик холис кишилар Ўзбекистондаги “Нур” оқими тарафдорларига маблағ ажратганларини ва улардан сафларини қачонлардир ўзбек-турк ўғил болалар лицейида ўқиган болалар ҳисобига тўлдириб туришга сўраганларини сўзлаб берган. Шу билан бирга, Жумаев учун номаълум қолган шахслар гўёки нурчиларга уйларда учрашув ўтказиб туришларини ҳамда Саид Нурсий таълимотларини ўрганишларини таклиф этганлар.

Расмийлар томонидан ҳозирча тасдиқланмаган сўнгги маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида ҳам ёш йигитларнинг катта гуруҳи ҳибсга олинган. Қамалганларнинг аниқ сони маълум эмас, аммо “Озодлик овози” ахборот манбасининг таъкидлашича, улар ўн кишидан кўпроқ.

Айни пайтда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида расман рўйхатдан ўтган “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газетаси ўз фаолиятини тўхтатдилар. “Ирмоқ” газетасининг собиқ бош муҳаррири Хамза Жумаевнинг билдиришича, бу нашрларнинг муассислари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри орқали “Нур” оқимининг фаолларидан молиявий ёрдам олиб келганлар. Бу нашрлар асосан илмий-оммабоп материалларни чоп этиб келган.

Айни пайтда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди “Етти иқлим” газетасининг икки ходими Даврон Тожиев ва Шавкат Алимовлар устидан маҳкама ишини кўрмоқда. “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг маълум қилишича, уларга Ўзбекистон жиноят кодексининг 244-1-чи моддаси бўйича айблов эълон қилинган.

Newsuz.Com ёзишича, бу аввалроқ “Ирмоқ” журналининг беш нафар ходими устидан бошланган суд ишининг навбатдаги босқичи дейиш мумкин. Шу тариқа ўтган йилнинг сентябрида нурчилар ҳаракатига алоқадор деб айбланиб етти нафар журналист қамоққа олинганди. Улар устидан бошланган суд жараёни ҳали ниҳоясига етмаган.

244-1-чи моддаси иккинчи қисми “в” банди

Жиноят кодексида ушбу модда қуйидагича таърифланган: “Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш;

в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса;

Шу билан бирга, Ўзбекистон Бош прокуратураси журналистларнинг ҳибсга олинганини сўнгги кунларгача инкор этиб келди. Ушбу назорат идорасининг матбуот котиби Светлана Ортиқова “Озодлик” радиосининг саволларига мазкур ходимларнинг ҳибсга олингани ҳақида унда ҳозир ҳеч қандай маълумот йўқлигини, тилга олинган нашрлар ўз фаолиятини тўхтамаганини маълум қилганди. Ушбу ҳолат Ўзбекистонда ҳатто Бош прокуратура ҳам Миллий хавфсизлик хизматининг изнисиз ахборот бера олмаслигига далолат бўлади.

Шу билан бирга, “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Наманган шаҳридаги ахборот манбаси маълум қилишича, мазкур нашрлардан бирининг эгаси саналган, шаҳардаги “Махдум Эшон” масжидининг собиқ имом хатиби Муҳаммадалихон Шаҳобиддинов ҳам айни пайтда қамоққа олинган. Унга қандай айблов эълон қилингани ҳозирча номаълум, аммо уни ҳам “Нур” оқимига мансубликда гумонлаётган бўлиши эҳтимол.

Манбага кўра, Муҳаммадалихон Шаҳобиддинов мураттаб қорилардан саналади. Боз устига, у Қуръонни тафсир қилади ҳам. Бундайларни уламоларнинг ўзлари “Тирик Қуръон” деб атайдилар. Манбанинг қайд этишича, Шаҳобиддиновнинг жума кунги мавъизаларига кўплаб наманганлик ёш мусулмонлар тўпланадилар. Муқаддас Рамазон ойидаги таровиҳ номозларида Муҳаммадалихон домла адо этадиган хатми Қуръонга шунчалик кўп одамлар келадики, ҳатто масжидга олиб борувчи халқ орасида “Сим кўча” дея аталадиган кўчага енгил машиналар сиғмай қолади. Бу ўз навбатида расмийларни қаттиқ хавотирга солиб келган, вилоят уламолар ҳайъатининг мутасаддиларини ҳасад қилишига сабаб бўлган.

“Озодлик овози” нашрининг қайд этишича, бир вақтлар Бадиуззамон Саид Нурсийнинг асарларидан парчалар Ўзбекистоннинг марказий матбуотида чоп этилган, унинг “Рисолаи Нур” китобидан бир неча брошюралар нашр этилган. Аммо Ўзбекистоннинг Туркия билан муносабати ёмонлашганидан кейин бу брошюралар сотувдан олиб қўйилган, турк-ўзбек лицейлари эса ёпилган. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Туркиянинг мухолифатдаги “Эрк” партиясининг етакчиси Муҳаммад Солиҳни беришдан бош тортгани сабаб бўлган, деган фаразлар бор. Ўзбекистон расмийлари Муҳаммад Солиҳни Тошкентдаги 1999 йил 16 февраль кунги портлашларга алоқаси борликда гумонламоқда.