11:15 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик мухолифатчи АҚШ шаҳарларини кезиб юрибди

10.02.2009 13:23 msk

Мусoфирбек Озод

Баҳодир Чориев ўзининг трейлерида ўзига ҳамфикр тарафдорлар қидириб Амерка Қўшма Штатларини деярли ҳамма штатларини ҳамда Канаданинг чегаролди шаҳарларини айланиб чиқди. Суҳбат давомида унинг ўзбекистонлик эканлигини эшитиб билган маҳаллий одамлар ундан Ўзбекистон ҳақида сўрашни бошлайдилар. Баҳодир бундан хурсанд. Ахир унинг юрти, халқи, урф-одатларини билганлар кўпайса, у ерга боришни хоҳловчилар ҳам кўпаяди. Бу одам нега АҚШга бориб қолган? Бу ҳақда “Фарғона.Ру” мухбирига Ўзбекистон “Бирдамлик” ҳаракатининг етакчиси сифтида танилган Баҳодир Чориевнинг ўзи сўзлаб берди.

- АҚШга ҳижрат қилишга мажбур бўлганимдан кейин оиланинг тирикчилиги масаласини ҳал қилишга тўғри келди, - дейди Баҳодир. – Бу ерда ҳаёт ҳар томонлама яхши бўлиши билан бирга, қимматроқ ҳам. Бундан ташқари, мен “Бирдамлик” ҳаракатидаги фаолиятимни давом эттиришнинг энг қулай йўлини қидирдим. Бу фаолият ҳаётимнинг асосий мақсади бўлиб қолган ва шунинг учун ҳам Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлдим.

“Фарғона.Ру”: - Шунинг учун ҳам “дальнабойшчик” бўлиб ишлашга қарор қилдинизми?

Баҳодир Чориев: - Бу иш мен учун жуда қулай. Ҳаракат фаоллари билан доимо мулоқотда бўлиш учун Интернет ва телефон алоқаси доим қўл остимда. Дальнабойшчик бўлишимга асосий сабаб эса бу ишни ҳаракатдаги фаолият билан жамул-жам боғлаш имкониятида. Шу ишим туфайли турли штатларда Ўзбекистон тақдирига бефарқ бўлмаган одамлар билан учраша оламан. Улар билан алоқа ўрнатишга уринаман.

Баходыр Чориев
Баҳодир Чориев

“Фарғона.Ру”: - Ўзбекистонни тарк этишга сизни нима мажбур қилди?

Баҳодир Чориев: - 2004 йил 1 июнь куни ИИВ ходимлари ўғлимни ўғирладилар. Бу билан улар мени қўрқитмоқчи, фаолиятимдан воз кечишга мажбур қилмоқчи, хусусан, президент Ислом Каримовни истеъфога чишини талаб қилиш мақсадида намойишни ўтказишимизга ҳалақит бермоқчи бўлдилар. Ўша йили май ойида мени қўлга олиб боғладилар, қаттиқ калтакладилар, бошимга қоп кийгизиб олис ерга олиб бордилар, чалажон ҳолатда ташлаб, ягона даромад манбаи бўлган “Нексия” мошинамни олиб қўйдилар. Мен узоқ вақтгача ватанни тарк этиш ниятидан воз кечиб келдим. Бу менинг сафдошларимга ва дўстларимга нисбатан виждонсизлик сифатида талқин этилиши мумкин бўларди. Аммо оиламнинг аҳволи чидаб бўлмайдиган даражага етганидан ва мамлакатда қолиш ҳаёт учун хавфли бўлганидан кейин қалбда оғриқ билан кетишга қарор қилдим.

“Фарғона.Ру”: - Кетганингизга афсусланмаяпсизми?

Баҳодир Чориев: - Йўқ, бу ерда туриб кўп ишларни қила оламан. Мени сафдошларим билан ажратаётган ягона нарса – орамиздаги узоқ масофа, аммо бугунги кунда алоқа технологиялари ривожланган бир пайтда бу ҳам ҳеч гап эмас.

“Фарғона.Ру”: - Ўзбек ёшларининг вакиллари сизнинг “Ўзбекистонни қутқариш режасига” қандай муносабат билдиришяпти?

Баҳодир Чориев: - АҚШда бизнинг ёшларимиз асосан таълим олиш ва меҳнат билан шуғулланмоқдалар. Уларнинг аксарияти сиёсатдан узоқроқ бўлишни афзал биладилар. Улар Ўзбекистонда содир бўлаётан воқеалар ҳақида эшитиб ҳафа бўладилар, Америка билан солиштирадилар ва таассуф ила мамлакатимиз АҚШга ўхшаб ривожланганида яхши бўларди, дейдилар.

Фургон Баходыра Чориева
Баҳодир Чориевнинг фургони. “Фарғона.Ру” фотосурати

“Фарғона.Ру”: - Ўзбекистондан олисда туриб, уларга қандай йўл билан бунга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқчимисиз?

Баҳодир Чориев: - Ҳар бир штатда кичкина бўлса ҳам ўзбеклар диаспораси бор. Сафарларим давомида улар билан учрашиб, суҳбатлашиб тураман. Аммо ҳатто шу ерда, ҳақиқий демократик давлатда яшаб туриб ҳам ўзбекларимизнинг қалбига йўл топиб бўлмайди. Бунинг икки сабаби бор менимча. Биринчиси, ўзбекистонликлар қаерда бўлмасин, она сути билан кирган “Худонинг ишига ва давлатнинг ишига аралашма, сиёсатдан узоқ юр” тамойилига амал қиладилар. Иккинчиси эса, ҳозирги ёшларнинг онгига Ўзбекистон расмийлари танлаган йўлнинг, президент танлаган сиёсатининг тўғрилигини уқдирувчи давлат пропагандаси доирасида ўсиб қолганларида. Буларнинг бари ёшларимиз онгида чуқур из қолдирган. Улар зомби сингари ўсиб қолганлар. Мақсадимиз – улар билан ишлаш.

Ёшлардан ташқари учрашувларга катталар ҳам келадилар. Улар АҚШга келиб фаравон ҳаётга эришганларидан сўнг юртга соғинч ҳисси билан яшай бошлайдилар. Ўзбекистоннинг бугуни ҳаёти ҳақида билганларида эса чуқур таассуф билдирадилар ва ватанимизда нима қилсак вазият яхшиланади, нима билан ёрдам бера оламиз дея ўйлай бошлайдилар.

“Фарғона.Ру”: - Ва сиз уларга йўл кўрсатасиз...

Баҳодир Чориев: - Кўплар ғояларимизга қўшиладилар. Биргаликда мамлакатимизда бирор нарса ўзгартириш мумкинлигига ишонган одамлар ҳаракатимиз сафига қўшилмоқдалар.

Официальный флаг движения Бирдамлик
“Бирдамлик” ҳаракатининг расмий байроғи

“Фарғона.Ру”: - Ҳаракатингиз сафига шу йўл билан нечта одамни торта олдингиз? Умуман олганда ҳаракатингизга қанча одам қўшилган?

Баҳодир Чориев: - Албатта, учрашувлардан кейин одамлар ҳамма нарсани ташлаб сафимизга қўшилаётганлари йўқ. Бундай қарор қабул қилиш учун ўйлаб кўриш керак, вақт керак. Ҳозирги кунда “Бирдамлик” ҳаракати сафига турли мамлакатларда яшаётган икки мингдан зиёд киши қўшилган.

Абдурахим Пулатов и Ёдгор Турлибеков
Б.Чориевнинг трейлеридаги стол атрофида сиёсий мухолифат аъзолари тўпланиб туради. Фотосуратда – “Бирлик” етакчиси Абдураҳим Пўлатов ва “Бирдамлик” ҳаракати фаоли Ёдгор Турлибеков. Б.Чориев фотосурати

“Фарғона.Ру”: - Бу ерда собиқ СССРдан чиққанларни ҳам учратиб турибсизми? Улар сизнинг марафонингизни қандай баҳолашяпти?

Баҳодир Чориев: - Уларни тез-тез учратиб тураман. Уларнинг аксарияти бу ерга яхшироқ ҳаёт ва яхшироқ иш илинжида келишган, баъзилари менга ўхшаб дальнобойшчиклик қиладилар. Улар билан кўпинча умумий бекатларда учрашиб тураман ёки ҳайдовчилар учун ажратилган радиочастоталарда сўзлашиб тураман. Кўпинча улар билан Тинч ва Атлантика океани соҳилларидаги пляжларда учрашиб тураман.

“Бирдамлик” ҳаракати доирасидаги фаолиятим ҳақида билиб қолиб, улар мени сўроққа тута бошлайдилар ва бир даврнинг ўзида мамлакатларимиздаги фарқ шунчалик катта бўлиб кетганига ишонмай қоладилар – бирида диктатура бўлса, бошқасида ўртамиёна демократия. Улар менинг марафон борасидаги ғоямни қўллаяптилар ва ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу жойдаги одамлар билан қандай қилиб мулоқот қилишга маслаҳат берадилар: “У ерда сўзга чиқиш хатарли, улар нацистлар”, “Бу ерда аввал жамоа оқсоқоллари билан келишиб олиш керак” ва ҳоказо.

Баходыр Чориев с Гулямом Умаровым
Баҳодыр Чориев турмада азоб чекиб ётган Ўзбекистон Серқуёш коалицияси етакчиси Санжар Умаровнинг ўғли Ғулом Умаров билан. Фото Б.Чориев томонидан тақдим этилган

“Фарғона.Ру”: - Йўлда ёки тўхташ жойларида бирор-бир қизиқарли ҳодисаларга дуч келганмисиз? Полиция, маҳаллий аҳоли билан зиддиятлар бўлмаганми?

Баҳодир Чориев: - Йўқ, маҳаллий аҳоли улар тўғрисида нима дейилса ҳам ёқимли одамлар. Агар сўзларингиз ёқмаса, улар орқасини ўгириб кетворадилар. Полиция билан ҳам турли тушунмовчиликлар чиқиши турган гапдек туюлади, ахир узоқ йўлда нималар бўлмайди дейсиз. Аммо мен дуч келган полициячилар жуда ҳам хушмуомала, улардан қўполлик кўрмайсиз. Биздаги жоҳил ГАИ ходимлари билан мулоқот қилиб юришга ўрганиб қолган одам йўлдаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари виждонли ва ҳалол одам бўлишини тасаввур қила олмайди ҳам. Орада келишмовчилик пайдо бўлса ҳам, ҳаммаси тинч йўл билан ҳал бўлади “Жаримани тўлаб қўйинг ва келгусида йўл қоидасини бузманг”. Пора ҳақида бирор ишора қиладиган бўлсангиз, кейин катта муаммоларга дуч келиб қаттиқ пушаймон бўласиз

“Фарғона.Ру”: - Автомобилингиз салонини Ўзбекистон байроғи, Ўрта Осиёга ҳос типаж ва фотосуратлар билан безабсиз,

Баҳодир Чориев: - Одамлар билан учрашганимда уларни трейлеримга таклиф этаман, улар илиқ ва меҳр муҳитига чўмадилар, Ватанни ҳис этадилар...

Мусофирбек Озод суҳбатлашди, Бостон-Тошкент



 

Реклама