06:08 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Халқаро матбуот институти: – Марказий Осиёда журналист бўлиш хатарли

08.02.2009 18:22 msk

Фарғона.Ру

Шу кунларда Австралияда жойлашган Халқаро матбуот институти (International Press Institute, ХМИ) “Дунёда матбуот эркинлиги шарҳи -2008. Фокусда - Осиё” (World Press Freedom Review 2008. Focus on Asia) дея аталувчи ҳисоботини чоп этди. Шарҳда келтирилган эркин матбуотга тазйиқ ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ходимларини таъқиб этиш ва буртма қотилликлар ҳоллари ушбу қитъада журналистлик энг хатарли касблардан бири эканлигини исботламоқда.

Институт келтирган маълумотга кўра, 2008 йилда касб фаолиятини амалга ошираётган пайтда 66 нафар журналист ҳалок бўлган. Шу жумладан, улардан иккитаси Афғонистонда , яна олтитаси Покистонда жон берганлар.

Ҳисоботда айтилишича, журналистлар ва цензорлар ўртасидаги кураш Интернетга ҳам кўчиб ўтган, Хитой ва Вьетнам кибер-диссидентларни овлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича етакчи ўринларни эгалламоқда.

ЎЗБЕКИСТОН

Халқаро матбуот институти шарҳининг Ўзбекистондаги аҳволга бағишланган икки саҳифаси ҳуқуқ ҳимоячиларининг минтақадаги энг йирик мамлакатда расмийлар журналистларга қарши жиноят ишларини сохталаштириш амалиётини қўллаётганлари ҳақидаги таъкидлардан бошланади.

Ўтган йили Солижон Абдураҳмоновнинг қамалиши билан Ўзбекистон турмаларида азобланаётган мустақил журналистларнинг сони бештага етди.

Шарҳда айтилишича, расмийлар Би-би-си, Deutsche Welle, Озодлик Радиоси хизматларини мамлакатни тарк этишга мажбур қилдилар. Тинимсиз қўрқитиш ва таҳдидлар натижасида Ўзбекистонда яшаб ишлаган чет эл радиостанцияларининг ходимлари республикани тарк этишга мажбур бўлдидалар.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистонда журналистларни ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳибсга олиш ва интернет-сайтларига тўсиқ қўйиш одатий ҳол бўлиб қолган.

Ҳисобот муаллифлари 2008 йил октябрь ойида ўтган “ОАВ либераллаштирилиши мамлакатни демократлаштириш ва модернизациясининг энг муҳим шарти”, дея аталувчи медиа-форумни эътибордан четда қолдирмадилар. Аввалига бу форум халқаро ҳамжамият томонидан ижобий қабул қилинди. Аммо чет эллик экспертлар семинар бўлажак ўзгаришлар рамзи бўла олмайди дея қайд этдилар. Семинарга бирорта ҳам чет эллик, мустақил ва ёки мухолифатдаги журналист таклиф этилгани йўқ. Конференцияга келган маҳаллий репортерлар эса тадбирда иштирок этган ҳукумат ва давлат назорати остидаги оммавий ахборот воситалари вакилларидан бирор-бир янги гап эшитмаганларини айтдилар. Ўзбекистон томони ҳам мамлакатда ОАВ мустақил ва эркин эмаслигини; ўз фикрини баён этган одамлар мунтазам равишда қамалиб кетишларини; расмийларни танқид қилувчи веб-сайтларга тўсиқ қўйилаётганини; бу мамлакатдаги аҳвол ҳақида ёзмоқчи бўлган чет эллик журналистлар аккредитация ололмасликларини тан олгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, медиа-форум Европа иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг учрашувидан бир ҳафта илгари ўтганди. Ўша учрашувда Андижондаги қонли намойишдан сўнг жорий қилинган санкцияларни енгиллатиш масаласи кўрилганди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг маълумотига кўра, мустақил журналистларни ёппасига таъқиб қилиниши натижасида уларнинг кўпчилии мамлакатни тарк этишга мжбур бўлдилар.

ХМИ ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон ОАВ учун танқидий руҳда ёритилиши маън қилинган мавзуларнинг рўйхати мавжуд. Бу рўйхатга Андижон воқеалари, президент ва унинг оиласи, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, муҳолифатдаги партияларнинг фаолияти, шунингдек, давлатнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммолари. Бу тақиқланган мавзуларнинг кичик бир қисми, холос.

* * *

Халқаро матбуот институти Маркази Осиёда ОАВ фаолиятининг яхшиланиши бўйича қуйидаги тавсияларни бермоқда:

- оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш йўлида тўсиқларни бартараф этиш;

- мустақил журналистларни таъқиб этишни ва уларга таҳдид қилишни маън этиш. Бу иш билан шуғулланаётганларни топиш ва қонунда кўзда тутилганидек қатъий жавобгарликка тортиш;

- электрон ОАВ эгаларига тазйиқ ўтказишни тўхтатиш;

- мустақил телерадиокомпанияларга кўрсатув ва эшиттиришлар олиб бориш ҳуқуқини қайтариш;

- хусусий оммавий ахборот воситаларининг ривожланишига йўл бериш;

- журналистларни, ҳуқуқ ҳимоячиларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа аъзоларини ҳибсга олишни бас қилиш;

- мустақил ва объекитив ахборот манбаларига эркин йўлни таъминлаш;

- сўз эркинлиги ва фикрлаш эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш;

- цензурани тақиқлаш;

- турмалардан касб фаолифти учун қамалган барча журналистларни озод қилиш;

Мазкур тавсияларнинг бирортаси яқин келажакда кўриб чиқилади ва бажарилади дея умид қилиш ўта соддалик бўларди. Сўз эркинлиги томон қўйилган ҳар қандай қадам Марказий Осиёда ҳукм сурувчи расмийлар томонидан пухта қилиб барпо этилган ОАВ устидан ёппасига назорат тизимининг емирилишига олиб келади.

Мусофирбек Озод тайёрлади