00:03 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқанд вилоятида коммунал хизмат учун қарзларни... чақалоқлар тўлаяптилар

06.02.2009 08:11 msk

Максим Исаев

Фото © «Фарғона.Ру» АА. Самарқанд ва Марказий Осиёдаги бошқа шаҳарларнинг фотосуратларини кўринг – в Фарғона.Ру Галереяси

Самарқанд вилоятининг баъзи қишлоқларида ғалати амалиёт жорий қилинган. Коммунал хизмати идоралари маҳаллий аҳолини аслида тақдим этилмаган хизматлар учун қарздор қилиб қўймоқда. Улар ушбу қалбакилаштирилган қарзларни ундириш учун вояга етмаган болаларга ажратилган нафақаларининг бир қисмини мажбурий равишда олиб қўйишмоқда. Бундай молиявий босим ва лўттивозликлардан чарчаган қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги ўз норозиликларини уйларига келган газ қувурини узиб ташлаш билан изҳор этмоқдалар.

Аслида, қишлоқ аҳолисининг аксарияти ёқилғининг бу тури билан фақат ёз мавсумида фойдалана оладилар, холос. Совуқ тушиши биланоқ кўпчилик уйларда газ босими кескин тарзда пасайиб кетади ёки мутлақо тўхтайди. Лекин шунга қарамай, бюджетдан ойлик маош олиб ишлайдиган ходимлардан гўёки истеъмол қилинган газ учун пул ундиришлар давом этаверади.

Ўзбекистон аҳолисини табиий газ билан таъминлаш муаммоси мана бир неча йиллардан бери мустақил ОАВ ва ҳуқуқ ҳимоя нашрларида кўтарилиб келинади. Аммо республика расмий идоралари аҳолини газ билан таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликларини тан олмай, қатъий тарзда инкор этиб келади. Лекин “Халқаро инқироз гуруҳи” мутахассисларига кўра, Ўзбекистоннинг энергетика сектори маҳаллий аҳолига қулайлик яратиш учун етарли даражада мослашмаган. “энеретика соҳасидан тушадиган даромадларнинг асосий қисми элитани бойитишга қаратилган ва мамлакатдан ташқарида қолмоқда. Қолган маблағлар эса ўта шавқатсиз ва ҳаддан зиёд катта бўлган хавфсизлик тизимини таъминлашга йўналтирилмоқда. Боз устига, қиш мавсумида ички бозорга газ етказиб бериш кўпинча қисқартирилади. Расмийлар республика аҳолисига етказиб бериши керак бўлган газни осонлик билан чет элга сотиб юборади. Бундан тахминан ярим миллиард доллар қўшимча даромад олинади. Совуқ тушганда бутун-бутун шаҳарлар иситилмай қолаяпти ва кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлаяпти”.
Манба
- Уйимга табиий газ келмай қолганига уч йил бўлди, аммо шу вақт давомида ойлигимдан мунтазам равишда гўёки истеъмол қилинган газ учун пул ушлаб қоладилар, - дейди Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ўрта мактабларидан бирининг ўқитувчиси. – 2007 йил май ойида райгазга мурожаат қилиб, уйимга келган қувурни узиб ташлашларини сўраб ариза ёздим. Муассаса мутахассислари газ ҳисоблагичимни муҳрлаб, қарзим йўқлигини қайд этиб қўйдилар. Лекин шунга қарамай, ойлик маошимдан 74701 сўм (($50), хотинимнинг ойлигидан эса 10500 сўм ($7) ушлаб қолдилар. Декабрда райгазга кириб кўрсам, қарзим 79 минг сўмга ($53) етибди! Икки кундан кейин эса мактабга қарздорлар рўйхати келди, фамилиям рўпарасида 90 минг сўм ($60) қарз ёзилган экан...

Истеъмол қилинмаан газ учун мажбурий тўлов пули ундириш Самарқанд вилоятининг аксарият туманларида оддий ҳолатга айланиб қолган. Маош оладиган кунлари қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги ишлаб топган пулларининг бир қисмидан маҳрум бўлиб қоладилар. Уларга кўра, турли идораларга шикоят қилиш ва газ хизмати назоратчилари билан жанжал қилиш бефойда бўлиб қолган.

Самарқанд вилоятидаги баъзи қишлоқларда умидсизланган аҳоли газ хизмати назоратчилари билан ортиқча баҳслашмаслик учун уйларига келган газ қувурларини қирқиб ташлаяптилар.

Шаҳарга қишлагани

Қиш мавсуми бошланиши билан Самарқанд шаҳрида ижарага квартира олиш катта муаммога айланиб қолади. Маҳаллий кўчмас мулк агентликлари ходимлари бунинг сабабини қишлоқ аҳолисининг оммавий равишда шаҳарга қишлагани келишлари билан изоҳламоқдалар. Қишлоқларда газ таъминотидаги муаммолар важидан улар қишни шаҳарда ўтказишни афзал кўрмоқдалар.

“Ёруғлик”ка мойиллик

Самарқанд вилояти коммунал соҳасида қишлоқ аҳолисига нисбатан нафақат камситувчи, балки соғлом фикрлаш жиҳатидан ҳам мутлақо беъмани сиёсат ўтказиб келинмоқда. Мисол учун, Пойариқ туманининг коммунал хизмат ходимлари электр энергияси учун ҳисоблагичлар кўрсаткичларига қараб эмас, балки уйда яшаётган оила аъзоларининг сонига қараб тўлов пулини ундиришни йўлга қўйганлар?

Қайд этиш жоизки,вилоятдаги қишлоқларнинг аксариятига электр энергияси мунтазам узилишлар билан, баъзида эса бир кеча кундуз давомида 2-3 соатга берилади, холос. Бу ҳолатда ўз-ўзидан ҳисоблагичдаги кўрсаткичларга қараб ундириладиган пул миқдори электр тармоғи корхонаси ходимларининг иштаҳасини қондира олмайди, шунинг учун ҳам шундай “технологиялар” кашф этилганга ўхшайди.

Шайтонга дарс берганлар

Самарқанд вилояти коммуналчилари тақдим этилмаган коммунал хизматлари учун ҳатто чақалоқлардан ҳам тўловлар ундиришни жорий қилишга эришдилар. Масалан, Иштихон туманида аниқланишича, ота-она давлат томонидан берилган нафақанинг бир қисмини газ ёки электр энергияси учун қарзларни тўлашга рози бўлган тақдирдагина ўша нафақага эга бўла олади. Одамлар бунга рози бўлишга мажбур. Негаки, нафақанинг ҳаммасидан маҳрум бўлгандан кўра, бир қисмидан воз кечган афзалроқ.

Бугунги кунда Самарқанднинг минглаб аҳолиси коммунал хизматлардан қарздор. Рақамларга айлантириладиган бўлса, бу қарз милллион-миллион сўмларни ташкил этади. Бу жуда ҳам катта иқтисодий муаммо бўлиб, уни ҳал қилиш лозим. Фақат технологиялар борасида аниқлик киритиш зарур. Аҳолидан пул ундиришнинг Самарқанд вилоятида қўлланаётган услублари “Келажаги буюк” бўлган давлатни обрўсизлантириши муқаррар. Шунинг учун ҳам расмийлар бу соҳада тартиб ўрнатишга ҳаракат қилишлари керак.

Айтгандек, 2009 йил Ўзбекистонда Қишлоқ тараққиёти ва фаравонлиги йили деб эълон қилинган...



 

Реклама