19:00 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент: Бузилган кўп қаватли сталинча уй ўрнига каримовча сарой қуриладиган бўлди

02.02.2009 10:19 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” © Фото

Тошкент шаҳар марказида, Инқилоб ҳиёбони ва “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ёнида бир неча ойдан бери кенг кўламли қурилиш олиб борилмоқда. Қурилиш майдончасида бир эмас, тўртта минора кранлари ишламоқда. Бу ерда “Ўзбекистон” Форумлар саройи дея аталмиш объект жадал суратлар билан барпо этилмоқда. Кўринишидан, бу бино Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилган барча иншоотлардан салобатлироқ ва ҳашаматлироқ бўладиганга ўхшайди. Объектни Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи нишонланадиган пайт – июль ойига топшириш режалаштирилган.

Бино “Ташгипрогор” ва “Пўлат қурилма лойҳа” институтлари ишлаб чиқарган лойҳа бўйича қурилмоқда. Унда учта зал бўлади – биттаси 2200 ўринга ва иккитаси 300 ўриндан. Умумий майдони 9,5 минг квадрат метр. Бино устида 48 метрли қубба қад кўтаради. Ташқи кўриниши замонавий материаллар ҳамда шиша ва мармар билан зийнатланади.

Сталинский дом, разрушенный властями
Тошкент марказида бузилган сталинча уй ҳудди шундай кўринишга эга бўлган. Унинг ўрнига Форумлар саройи қурилади (кейинги фотосуратга қаранг). © Фарғона.Ру

Қурилиш буюртмачиси сифатида Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги “Ягона буюртамачи хизмати” дея аталувчи қандайдир инжиниринг компанияси чиқмоқда.

Бу қандай компания улкан ҳамда қиматбаҳо иншоотнинг қурилишига қанча маблағ сарфлайди, бу ҳақда ҳеч қаерда гапирилаётгани йўқ.

Лойиҳани амалга ошириб, қурилишга ажратилган пулни Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган битта қўшма корхона ўзлаштиради. Ушбу саройни барпо этиш бўйича қандайдир танлов ўтказилганми-йўқми ёки бош пудратчи ушбу мўмай даромад келтирувчи пудратга танловсиз қандай эришганини аниқлай олмадик.

Қизиғи шундаки, молиявий жиҳатдан иштаҳали лойиҳаларни амалга ошириш бўйича пудратлар киши хавасини келтирадиган даражада мунтазам равишда айнан шу қўшма корхонага насиб қилмоқда. Одатда бу қўшма корхонага пудратлар ҳеч қандай танловларсиз, жўнгина, “нуфузли” комиссиянинг қарорига мувофиқ бериб келинади. Боз устига, бошқа қурилиш компаниялари ҳам иштирок этиши мумкин бўла оладиган танловлар тўғрисида умуман садо чиқмайди. Ҳолбуки, бу танловларда чет эл компаниялари ҳам иштирок этганида балки, бу биноларнинг қурилишлари республика бюджетига арзонроқ тушган бўлармиди.

Строительство Дворца форумов, Ташкент, январь 2009 г.
Форумлар саройи қурилиши.Тошкент, 2009 йил январь “Фарғона.Ру” © Фото

Форумлар саройи қурилишига эҳтиёж йўқлиги давлат бюджетидан ушбу қурилишга катта пул сарфланиши каби кундек равшан. Кўпчилик иштирок этадиган оммавий мажлис ва йиғилишлар Ўзбекистонда камдан-кам ўтказилади. Боз устига, Тошкентда бу мақсадда фойдаланса бўладиган бир нечта сарой мавжуд (Туркистон саройи, Халқлар дўстлиги саройи). Шунинг учун ҳам бу пулларни шамолга совурилган дея ҳисобласа бўлаверади.

Аммо бор гап давлат раҳбарининг қондирилмаган амбицияларида. Айтишларича, у Астанадаги Қозоғистон президенти қурдирган янги саройларни кўриб ҳангу-манг бўлиб қолган экан. “От отдан қолса қулоғини кес” қабилида иш тутган ҳолда у ҳам Тошкентни ҳашаматли саройларга тўлдирмоқчи бўланга ўхшайди. Аммо замонавий Туркманистон ва Қозоғистон билан кўзбўямачиликда мусобақалашиш осон эмас: бугунги кунда бу мамлакатларнинг молиявий имкониятлари анча кўпроқ ва улар ҳар қандай меъморий ёдгорликларни Ўзбекистона қараганда осонроқ бунёд этишлари мумкин.

Шу билан бирга, 1939 йилда қурилган мустаҳкам ва шинам сталинча уйнинг эгалари президент орзусининг қурбони бўлиб қолдилар. 2008 йил баҳорида уларни қўққисдан бир неча кундан сўнг уйлари бузилиши ҳақида огоҳлантирдилар ва шаҳар чети даҳаларидаги панель уйларга кўчиб ўтишни таклиф қилдилар. Бу уйдаги квартираларнинг бари хусусийлаштирилган, яъни уй эгаларининг хусусий мулки эди. Бу уйдаги 2-3 хонали квартираларнинг нархи 100-150 минг долларга тенг бўлган ва Тошкент учун бу етарли даражада қиммат саналарди. Огоҳлантирилган куннинг эртасига квартираларга келадиган иссиқ сув қувурларини қирқиб ташладилар, яна бир неча кун ўтиб эса уйни буза бошладилар. Уйдаги квартира эгаларини эса Тошкент четидаги кўп қаватли панель уйларига кўчирдилар. Бу квартираларнинг нархи 25-40 минг долларга тенг, холос. Қайд этиш жоизки, кўчириш ҳақидаги кўрсатмани уй эгалари Тошкент ҳокимияти қошидаги мазкур “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясидан олдилар. Бу кўрсатмалар мутлақо қонунга хилоф, аммо расмийлар қонунларга туфуриб қўйганлар.

Шундай қилиб, бир неча ойдан сўнг Ўзбекистон пойтахтида яна битта ҳашаматли, аммо кераксиз сарой пайдо бўладиган бўлди. Унинг атрофида яшил майсали майдонча яратадилар, гуллар ва дарахтлар ўтқазадилар, кўплаб милиционерларни турғизиб қўядилар. Бинони ўзини эса урф бўлиб қолган анъанага кўра баланд чўян панжара билан ўраб қўядилар...

Ўз ахб.