05:41 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик мутасаддилар ўзларининг “Ёшлар медиа-форуми” дея аталувчи ҳисобот йиғилишини ўтказдилар

31.01.2009 13:45 msk

Темурхон Олимханов

Суратда: Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Миллий электрон оммавий ахборот воситалари ассоциациясининг (МЭОАВА) раиси. NAESMI.uz веб-сайти фотосурати

Ўзбекистон Миллий электрон оммавий ахборот воситалари ассоциацияси (МЭОАВА) республика Журналистлар ижодий уюшмаси, “Камолот” ҳаракати ва “Келажак овози” Ёшлар ташаббуси маркази билан ҳамкорликда Тошкентдаги “Dedeman Silk Road” меҳмонхонада ўзига ҳос ва номланиши баландпарвоз “Ёшлар парвози” ёшлар медиа-форуми” дея аталувчи йиғилишини ўтказди.

Унда Ўзбекистон парламенти, ҳукумати, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, бир қатор ННТ, нодавлат телерадиостанциялар ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетнинг журналистика факультети талабалари, Ўзбекистон Жаҳон тиллари давлат университетининг талабалари ва Ўзбекистон ёшлар телерадиостудияларининг аъзолари иштирок этдилар.

Ушбу форум иштирокчилари беш соат давомида мутасаддиларнинг узундан-узоқ ва зерикарли, аслида статистик ҳисоботлардан иборат маърузаларини тинглашга мажбур бўлдилар. Мисол учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг вице-спикери, мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаш бўйича парламент комиссиясининг раиси Адҳам Шодмонов “Ўзбекистон ёшлари учун давлат сиёсати асосида яратилаётган қулай имкониятлар ва шароитлар” мавзуси бўйича маъруза қилди. Ярим соат давомида у ёш авлодга ва ёшлар ташкилотларига тааллуқли бўлган барча қонунларни, уларнинг алоҳида моддаларини, ҳукумат қарорлари ва президент фармонларини санаб ўтди. “Бундай самарали қонун ижод қилиш ва ёшлар тўғрисида шунчалик қайғуришни яна қаерда кўра оласиз?” – дея савол берди Шодмонов бошини ҳисоботдан бир зумга кўтариб.

“Ёшлар” телеканалининг директори Хайрулла Нуриддинов эса форум иштирокчиларига бу каналда ўтган йили қанча кўрсатувлар тайёрланганини сўзлаб берди. Бу кўрсатувларнинг нақадар долзарб бўлгани ҳақида директор индагани йўқ.

Аста-секин мутасаддиларнинг нутқлари мусобақага айлана бошлади. Аввалига МЭОАВА раиси Фирдавс Абдухолиқов ўзи бошқараётган ассоциация ёшлар студияларига совға сифатида 11 комплект телевидение жиҳозлари, 11 та телевизор ва DVD-плейерлар берганини билдирди. Қолганлар ҳам тингловчиларни рақамлар оқими билан зериктиришда ундан қолишмадилар.

Бу рақамлардан зериккан тингловчилар тез орада зерикиб мудрай ёки ўзаро суҳбатлаша бошладилар. Баъзилар эса қўрқмай бу тадбирни ўзбек мутасаддиларининг ҳисобот йиғилишига, мулозимлар форумига, партия йиғилишига менгзадилар.

Рост-да, форум дастурига бир назар ташласангиз, унинг рсмиятчилик учун ўтказилаётганини тушунасиз. Дастурда фақат мутасаддиларнинг ҳисоботлари кўрсатилган, холос. Бирорта журналист ёки мухбирнинг сўзга чиқиши кўзда тутилмаган. Журналистлар форумининг минбари ёш журналистларга эмас, балки, фақат давлат ҳокимияти вакилларига тақдим этилган, холос.

“Бугунги йиғилишни шифокорлар муаммоларига бағишланган тадбирга ўхшатса бўлади, аммо унда сўз фақат раққосалар ва масхарабозларга берилган, холос. Ҳақиқий масхарабозлик!” – деди Жаҳон тиллари давлат университетининг 4 курс талабаси, номини ошкор этишни истамай. Унга кўра, форумга талабаларни “ихтиёрий-мажбурий” равишда олиб келишган.

У микрофонлар фақат нотиқлар минбарига ўрнатилганига эътибор берибди. “Кўринишидан, ташкилотчилар журналист ва талабаларнинг эркин чиқишларидан қўрққанлар, шекилли”, - деди талаба.

Изоҳли луғатга мурожаат қилинадиган бўлса “форум” сўзининг маъноси “Оммавий йиғилиш, истаган кишига сўз берилади” дейлганини кўриш мумкин.

Аммо ўзбекистонлик расмийлар неча марта “ёшлар” форумини ўтказганлари билан шу чоққача бирор марта ҳам журналистларга сўз бергани йўқ.

Бундай форумларда нутқ сўзлайдиган мутасаддилар ҳам отнинг қашқасидек ҳаммага танилиб қолган. ОАВ муаммоларига бағишланган деярли ҳар бир йиғилишда асосан қуйидаги шахслар маъруза қиладилар: Алишер Мўминов (Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот ва коммуникациялар қўмитасининг раиси), Адҳам Шодмонов, Шафоат Нуруллаева (президент қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг муовини), Абдулла Орипов (Алоқа ва ахборотлаш агентлиги раиси), Асад Хўжаев (унинг биринчи муовини), Шерзод Ғуломов (Журналистлар ижодий уюшмасининг раиси), Жамолиддин Ҳакимов (Мустақил ОАВ қўллаш бўйича Жамоатчилик фонди раиси), Фирдавс Абдухолиқов (МЭОАВА раиси) ва яна бир неча бошқа мутасаддилар.

Медиа-форум, медиа-конференция ёки медиа-семинар дея аталувчи барча тадбирларда бу шахслар ўша-ўша, статистик маълумотлар битилган ҳисоботларини ўқиб маъруза қиладилар.

Бу одамлар 2009 йил 28 январь куни Тошкентнинг “Dedeman Silk Road” меҳмонхонасида аҳамиятсиз ибораларни қандай қилиб баралла овоз билан баён қилишни, амалий жиҳатдан мутлақо бемаъни бўлган журналистик форумларни ўтказишни ҳамда минбарни кимга тақдим қилиш-қилмасликни ёшларга яна бир бор ўргатишга уриниб кўрдилар.

Темурхон Олимханов