23:13 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия-Ўзбекистон: Медведев Тошкентга “жуда ва жуда вақтида” келди

29.01.2009 21:01 msk

Cанобар Шерматова

Россия Президенти матбуот хизмати фотосурати (Kremlin.Ru)

Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга ушбу ташрифи кўп томонлама эътиборга сазавор бўлиб қолди. Аввалам бор, ташриф АҚШнинг янги маъмурияти иш бошлаган кунлари бўлиб ўтди. Бу мамлакат билан Тошкент ҳозирча ўзаро муносабатлар векторини белгилаб олгани йўқ. Ҳозир тўп Вашингтонда: мозийдаги икки томонлама муносабатларни тунд қилган Давлат департаментининг баъзи нозик муаммолар борасидаги позициядан бу векторларнинг қайси томонга бурилиб кетиши боғлиқ.

Ўтган йиллар давомида Тошкент бир неча бор назарини Москвадан Вашингтонга ва ундан сўнг яна ортга қаратганди. Ҳудди шунинг учун ҳам АҚШ ва бошқа Европа мамлакатларининг элчихоналари Медведевнинг ташрифига қизиқиш билан эътибор қаратмоқдалар, дейди ўзбекистонлик дипломатлардан бири.

Дўстлик ва иттифоқчилик ҳақидаги нутқларни эшитгандан кейин ўз-ўзидан савол туғилади - Марказий Осиёдаги энг қийин ҳамкорнинг Россияга ишончи қайта тикланишига нима сабаб бўлди?

Дмитрий Медведев и Ислам Каримов
Дмитрий Медведев ва Ислом Каримов. 2009 йил 23 январь

Расмий музокаралар бошланишидан аввал Ўзбекистон раҳбари Дмитирий Медведевга мурожаат қила туриб, унинг ташрифи “жуда ва жуда ҳам вақтида” бўлиб ўтаётганини журналистлар учун атайлаб таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас. Ўтган йилдан бошлаб Россия оммавий ахборот воситаларида икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашиб бораётгани ҳақида турли миш-мишлар тарқала бошлаганди. Бунинг исботи сифатида Ўзбекистонга олий даражадаги ташрифнинг кечикиб кетганини ҳам келтирдилар.

Ҳақиқатан ҳам Россия президенти ўз лавозимини эгаллаганидан бери, Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиёдаги барча мамлакатларга бориб келди. Ҳолбуки, Путин тўққиз йил олдин чет эл сафарини айнан Ўзбекистондан бошлагани эсга келади. Ўшанда бошланган иш яхши натижа берди – Ўзбекистон ўша йиллари содир бўлган бир қатор воқеалар ортидан Россиянинг сиёсий майдонига қайтиб келди.

Аммо барча ижобий самаралар Россиянинг янги перзиденти даврида маҳв бўла бошлади. Ўтган йили кузда Тошкент ЕврОсИҲдан чиқиш ниятини билдирди. Ўшанда Россия ОАВ “Тошкент Ғарбга қараб бурилмоқда”, дея ёза бошладилар.

Кўринишидан, Ислом Каримов аҳволга бундай баҳо берилишага рози эмас. Россия президентининг ташрифи “жуда ва жуда вақтида” амалга ошди. Негаки, уни 2009 йилга кўчиришни Ўзбекистон томони талаб қилганди. Аввалам бор, ташрифга давлат мақоми берилди, президентлар музокаралардан олдин Самарқандда норасмий равишда суҳбатлашиб олдилар. Ташкилотчилар ўйлаганидек бўлди, олий даражадаги мулоқот Россия-Ўзбекистон муносабатларининг эксклюзивлигини намойиш этди.

Дмитрий Медведев в Ташкенте
Дмитрий Медведев Тошкентда. 2009 йил 23 январь

Энергетика соҳасида келишувга эришилгани энг катта муваффақият бўлиб қолди. Ўзбекистон Газпромга қўшимча 15 миллиард куб метр газ сотишга рози бўлди. Мамлакатда йилига 65 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқаради. Ундан 16 миллиарди шимолга, тўрти – қўшни мамлакатларга етказилади. Қолгани ички эҳтиёжларга сарфланади. Ваъда қилинган қўшимча куб метрлар Қирғизистон ва Тожикистонга етказиб бериладиган газ миқдори камайгани ҳисобига қопланса керак.

Газпром раҳбари Алексей Миллернинг томонлар янги магистрал газ қувури қурилиши борасида келишувга эришганлари тўғрисида баёнот бергани ҳақиқий янгилик бўлди. Лойиҳа амалга ошса, Ўрта Осиё-Марказ газ қувурининг имконияти кенгаяди.

Украина билан газ можаросини ҳисобга олинадиган бўлса, янгиликнинг аҳамияти кичкина эмас. Негаки, европаликлар (америкаликлар ҳам) Россиядан етказилаётган газга муқобил ёқилғи ҳақида жиддий тарзда ўйлаб қолдилар. Январь ойи охирида Будапештда ўтадиган саммитнинг кун тартибида NABUCCO газ қувури лойиҳаси кўтариладиган бўлди. Германиянинг ташқи сиёсат бўйича кенгашининг директори Александр Рарга кўра, Ғарб Марказий Осиё давлатларини ушбу газ қувурининг қурилишида иштирок этишга ундаш учун бор имкониятларини ишга солади. Шунинг учун ҳам Россия бу вазиятда ўзининг янги қурилажак қувури билан Ғарбдан ўзиб кетиши лозим.

Энди бўлса, Газпром мақсад сари яна бир қадам яқинлашди деса ҳам бўлади. Гап Қозоғистон ва Туркманистон билан келишув асосида амалга оширилиши режалаштирилаётган Каспий олди қувури ҳақида кетмоқда. Аммо Ўзбекистон ҳудудидан ўтиши лозим бўлган бу лойҳани намойишкорона эътиборга олгани йўқ. Аммо ўтган йили сентябрь ойида Путин Тошкентга келиб Каримов билан учрашганидан сўнг вазият ўзгарди. Учрашув якуни бўйича янги газ қувури тизимини яратиш бўйича биргаликда ҳаракат бошлангани тўғрисида эълон қилдилар.

Ўзбекистоннинг ЕврОсИҲ ташкилотидан чиқиш ортидан икки томонлама муносабатларда юзага келган сукунат бу лойиҳани яна гумон остига келтириб қўйди. Каримов олий даражадаги алоқалардан қатъий воз кечиб ҳатто Қозоғистондаги КХШТнинг норасмий саммитига бормади. Энди бўлса, янги газ қувури қурилиши ҳақида баралла овоз-ла эълон қилинмоқда. Ўзбекистоннинг позицияси нега ўзгариб қолгани сабабини тушунтириш қийин. Бунинг учун эски, чигал можарога мурожаат қилиш лозим.

Дмитрий Медведев и Ислам Каримов
Дмитрий Медведев ва Ислом Каримов. 2009 йил 23 январь

Тошкент “сув” бўйича тарафдорга эга бўлдими?

Асосан қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳолиси 27 миллиондан ошиб кетган мамлакат учун сув таъминоти масаласи ҳаётий аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дарёларнинг юқори ўзанида жойлашган Қирғизистон ва Тожикистон янги ГЭСлар қуришни режалаштирмоқдалар. Бу эса Ўзбекистон далаларига баҳордан бошлаб кузгача сув келишини янада камайтириб қўяди. Боз устига, қирғизистонлик ва тожикистонлик сиёсатчиларнинг онгида сувни товар дея эълон қилиш ғояси пишиб етилмоқда. Бу эса расмий Тошкентга кўра, халқаро ҳуқуқ меъёрларига ва минтақада расм бўлган анъаналарга зид келади.

Ўтган йилнинг охирида Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Ўзбекистон иштирокисиз сув, газ ва мазут бўйича келишиб олганларида можаро авжига чиқди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Тожикистон билан чегарасини ёпиб, қирғизистонлик ва тожикистонлик истеъмолчилар учун газ нархини кўтариб қўйди.

Ўзбекистон бир неча бор адолатли ажрим чиқариб бериш учун Россия раҳбарларига мурожаат қилганида Москва далил ва дастакларни эътиборга олгани билан бетараф позицияда туришни маъқул кўрди. Тошкент бундан ҳафа бўлди. Ўзгаришларнинг биринчи белгиси ўтган йилнинг охирида пайдо бўлди. Ўшанда Россиянинг Қирғизистонда Қамбарота ГЭС қурилишига инвестиция ётқизиш режалари маълум бўлди. Шундан кейин Рогун ГЭС қурилишида иштирок этиш борасида ижобий қарор пайдо бўлиши эҳтимоли истисно этилмай қўйилди. Ушбу кенг кўламли қурилиш лойиҳасининг амалга оширилиши Ўзбекистон аграр секторини ҳақиқатдан ҳам ҳалокат ёқасига келтириб қўяди.

Ўзбекистонни Каспий бўйи лойиҳасига қайтариш учун Россия сотиб олинажак газ нархини кўтарди. Ва яна кўринишидан, Тошкент Россия раҳбарларини ўз тарафига ағдариб олишга эришганга ўхшайди. Бунга Дмитрий Медведевнинг музокаралар натижасига кўра Тошкентдаги матбуот анжуманида айтганлари далил бўлмоқда. Россия президенти трансчегаравий дарёларда иншоотлар қуриладиган бўлса, бунга иншоотларнинг экологик хавфсизлиги кафолатини тақдим этишлари ва қўшни мамлакатларнинг розилигини, халқаро меъёрлар ва қўшни мамлакатлар билан тузилган икки томонлама ҳужжатларни эътиборга олишлари лозимлигини қайд этди.

Дмитрий Медведев и Ислам Каримов
Дмитрий Медведев ва Ислом Каримов. 2009 йил 23 январь

Ўзбекистоннинг қайта ва қайта эълон қилган позицияси ҳам айнан шундан иборат. Бордию, Москва ростдан ҳам Ислом Каримовнинг тарафини олаётган бўлса, унда Марказий Осиё минтақасидаги сиёсатнинг жиддий тарзда ўзгаришини кутиш мумкин. Хусусан, Қамбарота ГЭСлари қурилишлари борасидаги олдин берилган баёнотларга ўзгартишлар киритилиши эҳтимол. Айтгандек, агар шундай бўлиб чиқса, Қурманбек Бакиевнинг Москвага сафари нега кечиктирилаётгани борасида тахмин қилиш мумкин. Эҳтимол бунинг сабабини америка базасининг республика ҳудудида бўлиши билан эмас, балки минтақадаги барқарорликка тегишли принципиал масала бўйича Россиянинг позицияси ўзгараётгани билан изоҳлаш мумкиндир.

Ислом Каримов президент Медведев сафарининг якунларига баҳо бера туриб, қуйидаги сўзларни айтди: “Мен бугун жуда кўп нарсани англаб етдим, кўп нарса аён бўлаяпти ва энди мен минтақадаги барқарорликни сақлаш мақсадида у ёки бу муҳим масалалар бўйича Россиянинг муносабатини олдиндан билиб, ишонч ила керакли қарорларни қабул қила оламан”.

Каспий бўйи газ қувурининг қурилиши имкониятининг ошишига аслида “сув” муаммоси сабаб бўлганми ёки бошқа нарсами, бу ҳақда тез кунлар ичида билиб оламиз. Февраль ойининг бошида Москвада КХШТ саммити бўлиб ўтади ва унга барча қизиққан томонлар келадилар. Ўша кунлари Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг Москвага ташрифи кутилмоқда. Бу ташриф давомида Россиянинг Қирғизистон энергетика соҳасига инвестиция ётқизишнинг тақдири ҳам ҳал бўлади.

Санобар Шерматова, "Фарғона.Ру" учун махсус