07:43 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Европадаги газ инқирози самарқандликларни “хохолларга” айлантириб юборди

22.01.2009 14:31 msk

Максим Исаев

Табиий газ билан боғлиқ тушунмовчиликлар нафақат Европада, балки Самарқандда ҳам бошланди. Ишлатилган газ учун катта қарзлари бор бўлган баъзи самарқандлик истеъмолчилар “газ пулини тўлаб қўйинг”, деган талабларга қатъият ила “Аввал Украина Ўзбекистондан олган газ учун пул тўласин” дейдиган бўлиб қолдилар. Ҳозиржавоб ўртоқлар ўз позицияларини “ёқилғи фронти”дан олинган сўнгги хабарларни тарқатаётган оммавий ахборот воситалари Украинага асосан Ўрта Осиё, шу жумладан Ўзбекистон гази бораётгани ҳақида ёдга олингани билан дастакламоқдалар. Аммо бу газни аввал Россия сотиб олиб уни Украинага сотаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаяпти.

Самарқандлик газ истеъмолчиларининг бундай баҳоналаридан энсаси қотган газ участка назоратчиларининг кўпи ўзаро суҳбатларда ашаддий қарздорларни “хохоллар” деб атай бошладилар.

Ушбу сансоларликлар гарчи комедияга ўхшаб кўрингани билан кўпчилик самарқандликлар куладиган аҳволда эмаслар. Янги йил байрамлари ўтганидан сўнг шаҳарликлар табиий газ учун қўлланаётган яни молиявий талаблардан даҳшатга тушдилар. Бу фақат газ ҳисоблагичларини ўрнатмаган шаҳарликларга тегишли. “Шаҳаргаз” назоратчилари улардан тарифга нисбатан 150 фоиз қиммат бўлган нархда тўлов тўлашларини талаб қила бошладилар. Акс ҳолда “зангори олов” етказиб бериш тўхтатилади.

Кўп қаватли уйлардаги квартира истиқоматчиларидан хонадонда неча киши рўйхатдан ўтганига қарамай, ойига ўн минг сўмдан ($7,14), хусусий уй эгаларидан эса ўттиз минг сўмдан ($21,4) талаб қилишмоқда. Қиёслаб кўриш учун: олдин кўп қаватли уйлардаги квартира эгалари ҳар бир рўйхатдан ўтган одам учун ўртача тўрт минг сўмдан тўлардилар.

Газ таъминоти хизматининг участка назоратчилари янги тарифга турлича изоҳ беришмоқда, шунинг учун ҳам нарх-наво нима учун ўзгарганини аниқлаш қийин кечмоқда. Аммо газчилар кўпроқ ҳукуматнинг 2005 йилги, ҳар бир хонадонда газ ҳисоблагичлари ўрнатиш тўғрисидаги қарорига ишора қилмоқдалар.

Бошқалар эса шаҳар ҳокимлигининг махсус қарори ҳақида сўз юритмоқдалар. Аммо бу ҳужжатни ёки ақалли унинг ксеронусхасини кўрсатиш тўғрисидаги талабларга пул йиғувчилар рад жавобини бермоқдалар. Бу ҳужжатни шаҳар газ таъминоти идорасида ҳам кўрсата олмадилар, аммо тез орада бу қарор келиши ҳақида ишонтиришга уриндилар. Лекин самарқандликлар учун сезиларли бўлган миқдордаги бу миқдордаги пулни йиғиштиришни янги йил байрамидан кейиноқ бошладилар.

Газ назоратчилари ўзларининг фаоллашиб қолганларини янгича схема бўйича пул йиғиш ташаббуси билан чиққан Самарқанд “Шаҳаргаз” бошқармаси раҳбарининг оғзаки буйруғи билан изоҳламоқдалар. Аҳолини эса бу тариф фақат иситиш мавсумининг охиригача амал қилади дея юпатмоқдалар.

“Газ” пулини йиғиштириш тизими борасида ҳам саволлар туғилиши табиий: газ хизмати назоратчилари нақд пул йиғиштириб юрибдилар. Уларни маҳалла фуқароралари йиғини вакиллари ҳам кузатаётгани рост. Икки йил аввал шу йўл билан катта пул йиғиштириб олган назоратчилардан бири қочиб кетиб, МДҲнинг чексиз ҳудудларида яшириниб юрибди. Айтишларича, ҳозиргача қидиришаётган эмиш.

Янги санкциялар газ ҳисоблагичларини ўрнатишга улгурмаган истеъмолчиларни қамраб олади. Ҳисоблагич ўрнатган истеъмолчилар илгаригидек, жиҳоз кўрсатгичлари бўйича пул тўлашмоқда. Самарқандда янги ҳисоблагич ўрнатиш бугунги кунда камида 70-80 минг сўмга тушади ($50-57). Кимларгадир бунча пул топиш учун бир ой ишлаш лозим...

Газчиларнинг рейдлари ҳақида эшитган аксарият самарқандликлар ҳеч кимга эшик очмай қўйдилар ёки вақтинчаликка қариндошлариникига кўчиб кетмоқдалар. Негаки, назоратчилар агар пул тўламасангиз газни узиб қўямиз дея таҳдид қилмоқдалар. Яхшиямки, бу йил қиш ўтган йилга қараганда илиқроқ келгани...

Максим Исаев