01:18 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Инфляция тафти. Тошкентда ўтган йилги товар ва хизматлар учун нарх-наво ҳақида

21.01.2009 15:25 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон фуқаролари инфляция сурати ҳақида фақат нарх-наволарнинг нақадар жадаллик билан ўсаётганига қараб ҳамда ўз кечинмалари асосида хулоса чиқаришлари мумкин, холос. Нарх-навонинг ўсиши ҳақидаги реал маълумотлар ҳеч қаерда ошкор этилмайди, ҳисоботларда қайд этилмайди. Ҳатто Ислом Каримов ҳам ўзининг яни йил табригида одатдагидек, “ўтган йили инфляция бор-йўғи 6,8 фоизни ташкил этди”, дея ёлғон сафсата қилмай, оддийгина қилиб, “Бугунги кунда бозор ва дўконларимиз расталари тўкин-сочин бўлиб, кўзни қувонтираётгани, нарх-наво меъёридан ошмаётгани... албатта ҳаммамизга қувонч ва ғурур бағишлаши табиийдир”, деб қўя қолди аммо, бу меъёрнинг чегараси қанчалик эканлиги ҳақида бир оғиз сўз айтгани йўқ.

Шу билан бирга, Ўзбекистон пойтахтида товар ва хизматлар учун нархларни мунтазам тарзда қайд этиб борганимиз учун ҳам айни пайтда бу ҳақда маълумот беришга имконятимиз бор.

Сўнгги йил давомида нарх-навонинг ўзгариши (2007 йил 30-31 декабридан 2008 йил 30-31 декабригача)

Жаҳон молиявий инқирозининг давом этиши Тошкентдаги кўчмас мулк қийматига таъсир этмай қолмади: пойтахтда 2008 йил март-июль ойлари давомида квартира ва ер участкаларига нарх кўтарилиши чўққисига етганидан кейин деярли тўхтаб қолди. Ҳозирча нарх-наво ёппасига тушиб кетмади, аммо олди-сотди битимлари ҳам бир неча баробарига камайиб кетди. Сотувчилар ҳам олувчилар кўчмас мулк бозорида қандайдир ўзгаришларни кутишни афзал кўрмоқдалар.

Тошкентнинг Юнусобод даҳасида жойлашган бир хонали квартиранинг нархи 2008 йил давомида 16.000-28.000 дан 13.500-30.000 долларгача ўзгарди. Яъни, нархнинг қуйи чегараси 16 фоизга тушди, юқори поғонаси эса 7 фоизга ошди. Икки хоналиги - 24.500-32.000 дан 23.500-40.000 долларга (- 4 фоиздан +25 фоизгача), уч хоналиги - 32.000-50.000 дан 32.000-55.000 (+ 10 фоизгача) ўзгарди. Ер участкаларининг нархлари сезиларли тарзда ўзгармаган ва 2007 йилнинг охирида шаклланган нарх даражасида – бир сотих учун 15.000-40.000 доллар миқдорида сақланиб қолган.

Машиналар арзонлади. Тошкент машина бозорида «General Motors Uzbekistan» заводида ишлаб чиқарилган янги «Matiz» – 10.000-11.800 дан 8.000-11.500 долларгача (- 20-2,5 фоиз), янги «Nexia DOHC» – 15.000-18.000 дан 12.000-13.000 долларгача (- 20-27,7 фоиз) арзонлаган. Ўзбекистонда кўчмас мулк ва машина фақат долларга сотилишини қайд этиб ўтиш жоиз.

Шу билан бирга, ўзбекистонликларнинг ойлик иш маошлари, пенсия ва нафақалар 2008 йил давомида расмий маълумотларга кўра бир ярим баробарига ўсган. Минимал иш ҳақи 18.630 дан 28.040 сўмгача ( 50,5 фоизгача) ёки 14,22 дан 19,07 долларгача ўсди. Минимал пенсия ва болалигидан ногиронлик учун нафақа 36.900 дан 55.550 сўмгача (+ 50,5 фоиз) ёки 28,17 дан 37,79 долларача кўтарилди. Иш ҳақи фақат давлат сектори – бюджет ходимлари учун кўтарилганини инобатга олиш зарур. Улар эса Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилигини ташкил этмайдилар.

Рақамлар катта бўлганига қарамай, даромадларнинг ўсиши номигагина бўлиб қолди. Негаки, ойлик ошиши билан бирга бир вақтнинг ўзида маъмурий тарзда бензин, йўлкира, коммунал ва маиший хизмат нархи кўтарилди, уларнинг ортидан эса истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиб барча қўшимча даромадларни “еб қўйди”.

Масалан, AИ-80 бензини бир йил ичида 43,7 фоизга – 710 сўмдан 1020 сўмгача ёки 0,54 до 0,69 долларача ўсган (+ 27,8 фоиз). АИ-91 - 43,9 фоизга - 785 сўмдан 1.130 сўмгача, ёки 0,6 дан 0,77 долларгача (+ 28,3 фоиз). «Super euro» 95 октан рақамли бензиннинг бир литри 50 фоизга - 1.400 дан 2.100 сўмгача ёки 1,07 до 1,43 долларча ўсган (+ 33,6 фоиз) ва «Premium euro» 98 октанли бензин эса 46,7 фоизга: 1.500 дан 2.200 сўмгача ёки 1,15 дан 1,5 долларгача (+ 30,4 фоиз) ўсган.

Умумий кўринишда бензин сўмга нисбатан 46 фоизга ёки долларга нисбатан эса 30 фоизга қимматлаган. Яъни, бутун дунё бўйлаб нефть ортидан бензин ҳам арзонлаётган бир пайтда Ўзбекистонда бунинг акси рўй бермоқда.

Жамоат транспортида йўл кира ҳақи 60 фоизга: 250 дан 400 сўмгача ўсди. Метродан бошқа жамоат транспортларига ойлик абонемент карточкаларининг нархи ҳам 60 фоизга – 25 мингдан 40 минг сўмгача ўсган. Бу минимал пенсияга нисбатан ҳам қиммат.

Болалар боғчасига ойлик тўлов 115,3 фоизга – 13.050 дан 28.100 сўмгача; мактабдаги тушлик – 25 фоизгача: 800-1.200 дан 800-1.500 сўмгача ўсган. Бир мартали “Тез тиббий ёрдам” чақиришга энди 25.000 дан 40.000 сўмгача тўлаш лозим бўлади.

Коммунал тўловлар ҳам сезиларли даражада қимматлаган. Газ учун киши бошига ойлик тўлов 46 фоизга (390,5 дан 570,3 сўмгача), ҳисоблагич орқали тўлов ҳам 46 фоизга (ҳар куб метри учун 20,54 дан 30 сўмгача) кўтарилди. Ичимлик суви 1 кишига 21,3 фоизга (976,21 дан 1.184 сўмгача), ҳисоблагич орқали – 22,5 фоизга (бир куб метр учун 96,3 дан 118 сўмгача), иссиқ сув киши бошига 53,4 фоизга (1893 дан 2903 сўмгача), ҳисоблагич орқали эса 42,5 фоизга ( бир куб метр учун 626 дан 892 сўмгача) ўсди. Иситиш учун тўлов ҳақи ҳам 56,2 фоизга кўтарилган (бир квадрат метр учун 178 сўмдан 278 сўмгача). Электр энергияси- 38,2 фоизга (1 киловатт учун 43,70 дан 60,4 сўмгача). Ахлат чиқариш – 60 фоизга (киши бошига 250 дан 400 сўмгача). Инфляциянинг ўртача кўрсаткичи – 43,2 фоиз.

Истеъмол молларига нархлар қуйидагича ўзгарган: ироқи совун 2,3-55,6 фоизга (375-1.350 дан 470-2.100 сўмгача), хўжалик совуни – 25 фоизга (600-800 дан 750-1.000 сўмгача), 400 граммли кир ювиш порошоги 60-48,6 фоизга (1000-3.500 дан 1600-5200 сўмгача), шампунь – 31,6-32,7 фоизга (900-5500 дан 2500-7300 сўмгача) қимматлаган. Ўртача инфляция – 54,2 фоиз.

Озиқ-овқатларга ўтамиз. Бир йил давомида 600 граммли нон буханкаси 50 фоизга қимматлади (200 дан 300 сўмгача). Об-нон 16,7-30 фоизга (300-1000 дан 350-1300 сўмгача), олий навли ун – 25 фоизга – (бир килоси учун 1200 дан 1500 сўмгача), биринчи нав ун 30-18,2 фоизга (1000-1100 дан 1300 сўмгача) қимматлаган. Шакар – 15-23,8 фоизга (1000-1050 дан 1150-1300 сўмгача), сариёғ - 81,8-37,5 фоизга (5.500-8.000 дан 10.000-11.000 сўмгача) қимматлади. Шу билан бирга кунгабоқар мойи (ноёб ҳодиса!) 16,2-19,2 фоизга (бир литрлик идишдаги 3.700-4.700 дан 3.100-3.800 сўмгача) арзонлади.

Товуқ оёқлари окорочкалар ҳам 16,7-12,5 фоизга (4.800 дан 4.000-4.200 сўмгача) арзонлади, аммо мол гўшти 50-43 фоизга (бир килоси учун 4.000-6.500 до 6.000-9.300 сўмгача), қўй гўшти 38,5-46,2 фоизга (6.500 дан 8.000-9.500 сўмгача) қимматлаб кетди.

Ҳосилдорлик паст бўлгани учун пиёз 180-157 фоизга (250-350 дан 700-900 сўмгача) қимматлаб кетди. Гуруч ҳам 250-28,6 фоизга (800-3.500 дан 2.800-4.500 сўмгача), макаронлар 45,5 фоизга қимматлади.

Нарх-навонинг бунчалик кўтарилишини фақатгина сўмнинг қадрсизланиши билан изоҳлаб бўлмайди. Негаки, сўм бир йил давомида долларга нисбатан Марказий банк белгилаб берган курс бўйича 7,88 фоизга, “қора бозор”да 13 фоизга, еврога нисбатан Марказий банк курси бўйича 9,87 фоизга арзонлаган, холос. Расмий маълумотларга кўра, ялпи ички маҳсулот 9 фоизга ўсганида ойлик маошлари ва пенсияларнинг 50 фоизга ўсиши учун ҳукумат яна янги пул босиб чиқариши лозимлигини тахмин қилса бўлади.

Тошкентда товар ва хизматларнинг нархи жадвали html-файлини очиш, 300 Kb (алоҳида саҳифада очилади).

Ўз ахб.