14:35 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Human Rights Watch: Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида инсон ҳуқуқлари поймол этилмоқда

17.01.2009 13:31 msk

Фарғона.Ру

Human Rights Watch дунё бўйича инсон ҳуқуқларига риоя қилинишига бағишланан йиллик ҳисоботини чоп этди. Ҳисобот 564 саҳифадан иборат бўлиб 2008 йилда ўтказилган кенг тадқиқотларга якун ясайди. HRW ташкилотига кўра, Буш маъмурияти ҳар қандай муаммонинг ечими услуби сифатида бедодликни мерос қилиб қолдирмоқда. Шу билан бирга кўплаб давлатлар халқаро ташкилотлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишни ўрганиб олдилар ва ўзларининг ҳуқуқбузарликлари учун жавобгар бўлишни истамаяптилар.

Ҳисоботга муқаддима сифатида тақдим этилган эсседа HRW ижроя директори Кеннет Росс шундай деб ёзган: “Бугуни кунда инсон ҳуқуқлари бўйича дипламитик фаоллик Пекин ва Москва кўмаги остида Жазоир, Қоҳира ва Исломобод томонидан амалга оширилмоқда, аммо уларнинг жидди-жаҳд ила амалга ошираётган ҳаракатлари бунёдкорликдан анча йироқ. Ҳуқуқбузар давлатларга ўз манфаатлари йўлида халқаро институтлар билан манипуляция қилишларига йўл қўймаслик керак. К.Россга кўра, бугунги кунда АҚШнинг янги маъмурияти инсон ҳуқуқларини ташқи ва ички сиёсатининг асоси қилиб олиши лозим. Шунда бутун дунёда инсон ҳуқуқларига муносабат ўзгариши ва шу йўл билан АҚШ ўзининг жаҳон миқёсдаги обрўсини қайтариб олиши мумкин. Масалан, “Обама ва у еткчилик қилаётган жамоа терроризмга қарши курашга ўз муносабатини тубдан ўзартириши лозим. Терроризмга қарши кураш баҳонасида ўзининг ҳуқуқбузарликларини оқлаш ёки ушбу “курашдаги сафдошлари”нинг ҳуқуқбузарликларига кўз юмишлик нафақат нотўғри, балки самарасиз ҳам”, дея ёзади К.Росс. Унга кўра, жуда кўп демократик мамлакатларнинг пассивлиги ва истамай қаршилик кўрсатишлари важидан репрессив ҳукуматлар инсон ҳуқуқларини бузаётганлари учун жавобгарликдан ҳамда халқаро ташкилотларнинг назоратидан ўзларини муваффақият ила иҳота қилиб олмоқдалар.

“Фарғона.Ру” ўз муштарийларига ҳисоботнинг Ўзбекистонга тааллуқли саҳифаларининг шарҳи билан танишишни таклиф этмоқда.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазият ҳалокатли бўлиб қолмоқда. 2008 йилда расмийлар мустақил фуқаровий ва диний фаолликни бостиришда давом этиб қолганлар ва 2005 йил Андижондаги қон тўкилишлар учун жавобгарликни ўз зиммаларига олишдан бош тортиб келганлар. Шуларнинг барчасига қарамай, Тошкентга халқаро босим пасайди, хусусан, Европа Иттифоқининг мамлакатга нисбатан санкциялари қисман бекор қилинди. ЕИ ўзининг бу қарорини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида прогресс борлиги билан асосламоқчи бўлди, аммо вазиятга бундай баҳо берилиши тутуриқсизликка яқин. Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент билан бошланган диалогни юқори даражада баҳолаган Европа иттифоқи ушбу диалог ҳеч қанақа прогресс билан таъминланмаётганига эътибор бермади.

Ўзбекистонда 2007 йил 23 декабрь куни ўтган президент сайловлари халқаро стандартларга мутлақо мос келмаган. Ислом Каримовнинг учинчи президентлик муддати ва легитимлиги ҳам қаттиқ шубҳа остида қолмоқда.

Ўзбекистонда судлар мустақил эмаслар, парламент ижроя ҳокимиятни назорат қилмайди. Расмийларнинг барча ҳуқуқбузарликлари жазосиз қолмоқда. Матбуот эркинлиги йўқ, мамлакатда мустақил интернет сайтларига йўл тўсиб қўйилган. Мамлакат пахта далаларида ҳамон болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифатчилар доим жиноий таъқиб остига олинмоқдалар. Кимида 11 нафар ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳозиргача панжара ортида қолмоқдалар, 2008 йилда бу тоифага мансуб бўлган камида икки киши ҳибсга олинган. Маҳбуслар орасида журналист Жамшид Каримов (2006 йил сентябридан бери психиатрларнинг мажбурий муолажаси остида), журналист Солижон Абдураҳманов (2008 йил 10 октябрь куни 10 йилга қамалган), ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Турғунов (2008 йил 23 октябрда 10 йилга қамалган; Турғуновни тергов давомида қийноққа солганлар ва елкасига қайноқ сув қуйганлар) шоир Юсуф Жума ва бошқалар бор.

2008 йилда озодликка чиқарилган тўққиз нафар ҳуқуқ ҳимоячилари кейинги фаолиятдан воз кечганлари ҳақида тилхат ёзиб берганлар, уларни мунтазам кузатув остига олинган. Озод бўлганлардан иккитаси ҳаётининг хавф остида қолишидан хавотирланиб мамлакатни тарк этдилар. Халқаро нодавлат ташкилотлар расмийларнинг босими остида ишламоқдалар. Кўпчилик нодавлат ташкилотлар, шу жумладан, HRW мамлакатдан ҳайдаб чиқарилган.

Расмийлар Андижон воқеаларининг мустақил текшируви ўтказилишидан бош тортдилар ва ҳозиргача 2005 йил май ойи воқеаларига алоқадорликда гумонланаётган одамларни таъқиб этишда давом этмоқдалар. Андижон қатли омидан сўнг мамлакатни тарк этган қочоқлар Тошкент томонидан Ўзбекистондан ташқарида ҳам таъқиб этилмоқда. Диний фаолияти давлат ўрнатган чекловлардан ташқарига чиқиб кетаётган мусулмонлар қаттиқ таъқиб остига олинган. Бу одамларни қонунга хилоф равишда ҳибсга олишмоқда, уларга нисбатан қийноқлар қўлланмоқда, улар озодликдан маҳрум этилмоқдалар. Диний жиноятлари учун мамлакатда олти мингдан кам бўлмаган одам қамоқда “ўтирибди”.

2008 йил январь ойида ўлим жазоси бекор қилингани рост, аммо қийноқлар одатий ҳол бўлиши ҳамон давом этмоқда. Тошкент БМТнинг қийноқлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бўйича махсус воизларини мамлакатга киритишдан бош тортмоқда.