06:54 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон: Чегарачилар Ўзбекистон чегарасидан ўтаётганларнинг нонларини тортиб олаяптилар

15.01.2009 09:53 msk

Мердан Мередов

Virtualtourist.com вебсайти фотосурати

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Туркманистондаги манбалари маълум қилишларича, 2008 йил кузидан бошлаб чегарачилар Туркманистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтаётган фуқаролардан нонларни, печенье ва булочкаларни тортиб олмоқдалар.

Туркманистон аҳолисининг кўпчилиги мамлакат ташқарисига ҳатто иккита нонни ҳам олиб чиқишга тақиқ жорий этилганини билмаганлар. Шунинг учун ҳам улар кузатгани чиққан қариндошларига ҳам нонни қайтариб беришга имкониятлари бўлмай, ҳаммасини божхона ходимларига қолдиришга мажбур бўлмоқдалар.

Нон олиб чиқиб кетиш қачондан бери тақиқлангани, бу ҳужжат ким томонидан имзолангани ҳақида расмий маълумотлар йўқ.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, ўтган йилги сув камлиги важидан мамлакатда бор-йўғи бир миллион тонна буғдой етиштирилган бўлиб, нон тақчиллиги кучайиб кетган. Бу ҳақда мамлакат президенти Қурбонқули Бердимухаммедов 2008 йил декабрида Вазирлар маҳкамаси мажлисида маълум қилганди.

Етиштирилган буғдойнинг 300 минг тоннаси уруғликка олиб қўйилган, қолган буғдой эса аҳолининг нонга бўлган эҳтиёжини қопламаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам Туркманистондан ташқарига нон олиб чиқишга тақиқ жорий этилган бўлиши мумкин.

Чегараолди вилоятларда яшайдиган аҳолига кўра, бу тақиқ ҳаддан зиёд қаттиқ қўлланмоқда. Нонни қоплаб, юк машиналарида олиб чиқилганида бошқа гап эди, аммо эски одатга кўра йўлга олинган иккита нонни ҳам тортиб олишлик кишига жуда малол келаяпти, - дейдилар улар.

Тақиқ киритилган биринчи кунларда Урганчга олиб борувчи йўлдаги Назорат ўтказиш масканида чегарачилар кунига 300 килограммгача нонни мусодара қилганлар. Аммо 2009 йилнинг биринчи кунларидан бошлаб мусодара қилинган нон миқдори камайди. Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидаги қариндошларини бориб кўрмоқчи бўлганлар бу янгиликдан хабардор бўлганга ўхшайдилар.

Шу билан бирга, Туркманистон чегара хизмати ходимларининг бу борада ўз фикрлари бор. “Туркманистон-Ўзбекистон чегарасини кунига тахминан етти юз киши кесиб ўтади, - дейди Туркманистон божхона хизмати ходими. – Ҳар бири иккита-учтадан нон олиб кетса, нима бўлади? Ҳа, йўлга нонни ҳамроҳ қилиш одатини биламан, аммо бизга шундай буйруқ бўлган, бажаришга мажбурмиз. Тепада ўтирганлар биздан кўра яхшироқ билсалар керак-да”

Маълум бўлишича, мазкур тақиқ фақат Туркманистон-Ўзбекистон чегарасида амал қилаяпти, холос. Ашхобод халқаро аэропортидан чет элга учиб кетаётган йўловчилар божхона назоратидан ўтаётганларида йўлга олинган иккита нонга ҳеч ким кўз олайтирмаганини маълум қилдилар.

Шу билан бирга, нон билан бир қаторда бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларни ҳам четга олиб чиқиш тақиқланган. Туркманистон Хроникаси веб-сайтининг хабар беришича, илгари мамлакатдан 200 грамм кўк чой олиб чиқиш ёки почта орқали жўнатиш мумкин эди. Аммо 2008 йил ноябрдан бошлаб бу ҳам тақиқланди. Шунингдек, майиз, ерёнғоқ, ўрик қоқини ҳам четга олиб чиқиш тақиқланган. Гўшт ва балиқ ҳам. Почта бўлимидаги божхона назоратчилари жўнатмалардан чет эл луғатларини, идиш-товоқларни, косметика, ёзув қуролларини, тамаки маҳсулотларини ҳам мусодара қилишлари мумкин.

Кўп товарлар учун Туркманистондан олиб чиқиш ёки жўнатишга чеклов жорий қилинган. Мисол учун, мамлакатни тарк этаётганлар эркаклар пайпоғидан беш жуфт олиб чиқа оладилар, холос. Трикотаж миқдори – икки ҳил, пойафзал – икки жуфт, ироқи совун – икки дона, тиш пастаси – биттадан зиёд бўлмаслиги керак.

Мердан Мередов (Ашхабод)