20:42 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Freedom House: Ўзбекистонда ва Туркманистонда “Инсон ҳуқуқлари эрозияси” 2008 йилда ҳам давом этган

14.01.2009 17:49 msk

Мусофирбек Озод

Нуфузли Freedom House халқаро ташкилотининг 2008 йил 1 январидан 31 декабргача инсон ҳуқуқлари соҳасидаги воқеалар таҳлили тақдим этилган сўнгги Freedom In The World 2009 (Дунёда эркинлик 2009) дея аталувчи ҳисоботига кўра, Марказий Осиё мамлакатларидан бирортаси ҳам ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги позицияларини яхшилай олганлари йўқ.

193 та мамлакатни қамраб олган ҳисоботда сиёсий ва фуқаровий ҳуқуқлар етти баллик шкала асосида баҳоланган. Бир бал энг эркин мамлакатларга, етти бал энг кам эркинликка эга бўлган мамлакатга берилади. Мамлакатлар учта категорияга бўлинганлар – “эркин”, “қисман эркин” ва “эркин бўлмаган”. Ҳисоботга кўра, дунёдаги 89 та давлат (Ер сайёраси аҳолисининг 46 фоизи) биринчи категорияга, 62 таси – иккинчи каттегорияга (20 фоиз) ва яна 42 таси учинчи категорияга (34 фоиз) мансуб.

Ўтган йилга нисбатан “эркин” мамлакатлар сони биттага камайган, “эркин бўлмаганлар” ҳам биттага. Шунинг учун ҳам “қисман эркин” мамлакатлар сони иккитага кўпайган.

Ҳисоботда қайд этилишича, “Болтиқбўйи мамлакатларидан ташқари собиқ Совет Иттифоқи республикалари ўн йил давомида тушкунлик ҳолатида қолмоқдалар. 2008 йилда бу мамлакатлар Саҳрои Кабир чўлидан қуйида жойлашган Африка мамлакатлари билан Яқин Шарқ мамлакатлари ўртасидан ўрин олганлар. Жанубий Осетия учун урушиб кетган Россия ва Грузия минтақадаги таназзулнинг ёрқин намунаси бўлиб қолди. Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Молдова ҳам улардан қолишмаяптилар”.

Freedom House ташкилотига кўра, сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар борасида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида Қирғизистон энг яхши кўрсаткичларга эга. Бу мамлакатни Ғарбда минтақадаги “демократия ороли” деб аташни хуш кўрадилар. Бу мамлакатдаги сиёсий ҳуқуқлар даражасини Freedom House ҳуқуқ ҳимоячилари 5 баллга баҳоладилар, фуқаровий эркинликлар эса 4 баллга баҳоланган ва “қисман эркин” категорияли мамлакатлар қаторидан ўрин олган. Ундан кейин эса “эркин бўлмаган” мақом остида 6 ва 5 баллар билан Қозоғистон ва Тожикистон жойлашган.


Жадвал “Фарғона.Ру” томонидан «Freedom In The World 2009» ҳисоботига асосан тузилган

Туркманистон ва Ўзбекистон – анъанавий тарзда “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторидан ўрин олганлар. Сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар бўйича улар Бирма, Экваториал Гвинея, Ливия, Шимолий Корея, Сомали ва Судан каби мамлакатлар билан бир қаторда максимал салбий – 7 баллга баҳоланганлар. Бу каби аҳвол ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида “инсон ҳуқуқлари эрозияси” деб аталади.

“Толибон” ҳаракатига қарши коалиция қўшинларининг аксилтеррорчилик операциялари қабатида Афғонистоннинг кўрсаткичлари ўтган йилга (6/5) нисбатан ёмонлашиб (5/5), “қисман эркин” категориядан “эркин бўлмаган” категорияга ўтиб қолган.

Қўшни Покистонда инсон ҳуқуқлари Freedom House ташкилотига кўра, яхши томонга сезиларли даражада ўзгарган. Бу мамлакат ўтган йилги 6 ва 5 баллар билан “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторидан 4 ва 5 балл олиб “қисман эркин” мамлакатлар сафидан ўрин олди.

Россия ва Туркия ўтган йилги позицияларини ўзгартирганлари йўқ. Биринчиси 6/5 бал билан “эркин бўлмаган” категорияда, иккинчиси эса 3/3 балл билан “қисман эркин” бўлган категорияда қолди.

Мўғулистон скептикларни ҳам ҳайрон қолдирган ҳолда икки йилдан бери 2/2 бал билан “эркин” мамлакатлар қаторида ўрнашиб олди.

Нуфузли Freedom House халқаро ташкилотининг ҳисоботи демократик режимлар томонидан объектив дея тан олинган ва сиёсий жиҳатдан қандайдир давлат режимига нисбатан мойилликда айбланиши мумкин эмас.

Шарҳни Мусофирбек Озод тайёрлади