12:22 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Европа cуди терроризмда айбланаётган Ўзбекистон фуқаросининг экстрадициясини тўхтатишни талаб қилмоқда

14.01.2009 14:51 msk

Фарғона.Ру

Европа Суди 2009 йил 13 январь куни Россия Федерацияси расмийларига Ўзбекистон фуқароси Мурод Йўлдошевнинг экстрадициясини тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берди. Ўзбекистон расмийлари уни 2005 йил Андижон қўзғолонига алоқаси борликда айбламоқдалар, дея хабар беради “Фуқаровий кўмак” қўмитаси.

Матбуот варақчасида қайд этилишича, 37 ёшга кирган қўқонлик Мурод Йўлдошев ўз шаҳридаги пойафзал ишлаб чиқарадиган цехда ишлаган. 2005 йил 13 май куни у корхона директорининг буйруғига бинан бошқа ҳамкасблари билан бирга Андижонга митинга келган. Цех директори уларга “агар митингга бормасангизлар, давлат цехни ёпиб қўяди ва ҳаммангиз ишсиз қоласизлар”, деб айтган. Мурод оиласининг ёлғиз боқувчиси бўлгани учун ҳам йўқ дея олмай Андижонга борган. У Бобур майдонида ҳеч қандай зўравонлик ҳаракати қилмаганини, қўлига қурол олмаганини таъкидламоқда.

Ҳукумат қўшинлари намойиш иштирокчиларини ўққа тута бошлаганларида у майдондан ҳамма билан бирга қоча бошлаган, яраланган ва нотаниш одамларнинг уйида яширинган. Улар Муродга биринчи тиббий ёрдам кўрсатганлар, шундан кейин у уйига қайтиб келган, бир неча кун даволаниб ётган.

Шундан кейин унинг қариндоши Қўқон ички ишлар бошқармасида Муроднинг фотосуратини бошқа қўзғолончилар қаторида кўрганини айтган. Қамалишдан қўрқиб Мурод Ўзбекистнни тарк этган ва май охирида Красноярск ўлкасига келиб ўша ердаги қурилишларда ишлай бошлаган. Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари уни 2007 йил 31 октябрь куни қўлга олдилар.

Мурод Йўлдошевнинг акаси сентябрь ойида Красноярска келган. Унга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари агар акангни олиб келмасанг ўзинг қамаласан, деб айтганлар. Мурод акаси билан учрашиб уйга қайтишга рози бўлади. Ака-укалар поездга чипта олиб вокзалга келадилар аммо поездга ўтиришга улгурмайдилар. Уларни ҳуқуқ-тартибот идораларинин ходимлари қўлга олиадилар. Ҳужжатлар текширилганидан кейин акасини қўйиб юборишади, Муродни бўлса қидирувда бўлгани учун ҳибсга олдилар.

Ғарбий Сибирь транспорт прокуратурасининг расмий сайтида 2007 йил 21 ноябрь куни Мурод Йўлдошев 2 йил давомида ўта оғир жиноятлар содир этгани учун халқаро қидирувда бўлгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. “Фуқаро Йўлдошевга Ўзбекистон республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноя кодексининг 97-2 “А,Е” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 216-чи (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 242-2 (Жиноий уюшма ташкил этиш), 244-чи (оммавий тартибсизликлар), 247-3 “А,В” бандлари (Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш), 155-3 “А,Е” бандлари (терроризм), 159-3 “Б” банди (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-чи (қўпорувчилик) моддалари билан айблов эълон қилингани аниқланган”.

“Фуқаровий кўмак” Қўмитаси томонидан Йўлдошев учун ёлланган адвокатга маҳаллий прокуратура идораларида Йўлдошев Россия ҳудудида содир этган жиноятлари учун айбланмоқда, уни экстрадиция қилиш ҳақида гап йўқ, дея маълум қилганлар. Бу ерда бир нарсани қайд этиш лозим, ўшанда Россия Бош прокуратураси Йўлдошевни Ўзбекистонга бериб юбориш тўғрисида қарор чиқариб бўлган экан. Бу нарса 4 ой ўтганидан сўнг маълум бўлди. Қўқонлик косиб ўз ҳолича, адвокат ва таржимон ёрдамисиз бу қарор устидан шикоят ёза олмагани тушунарли. Бош прокуратуранинг хабарномасини олгандан кейингина ватанига жўнатилишини ва у ерда қамалишини билди. У ерда нималар кутишини Мурод жуда яхши билган: Андижондаги митингда иштирок этган Муроднинг цех бўйича ҳамкасби уч кунлик сўроқ ва қийноқлардан сўнг вафот этган эди.

“Фарғона.Ру” Мурод Йўлдошевни 25 июль куни Москвага олиб келишганини ва экстрадицияни амалга оширишдан аввал уни тергов ҳибсхонасига ўтқазиб қўйилганини олдинроқ хабар қилганди. Камерадагилар унга Москва бўйича Федерал муҳожирлик қўмитасига сиёсий бошпана бериш тўғрисида ариза ёзиш лозимлигини ўргатадилар ва керакли қоғозларни таёрлашга ёрдам берадилар. Йўлдошевнинг мақомини аниқлаш бўйича жараён бошлангани учун ҳам “Фуқаровий кўмак” қўмитаси унинг олдига адвокатни кирита олган. Ҳимоячи ёрдамида Бош прокуратуранинг экстрадиция тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилиш муддати қайта тикланган.

“Кейин бўлса ғаройиб воқеалар содир бўла бошлади. Москва прокуратураси Йўлдошевнинг бошпана сўраб мурожаат қилганини билиб қолиб, Россия Федерациясининг “Қочоқлар тўғрисида” қонунини ва БМТнинг “Қочоқлар мақоми тўғрисида”ги Конвенциясини шунчалик эгрилик билан талқин қила бошладики, ҳатто айбсизлик презумпцияси меъёрларига хилоф равишда айбланувчи қўқонлик косибни дунёга ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор дея топди”, - дейилади “Фуқаровий кўмак” Қўмитасининг матбуот варақчасида.

Йўлдошевнинг мақомини аниқлаш бўйича маҳкама 25 декабрь куни узил-кесил рад жавобини бериш билан ниҳоясига етди, эртаси куни Москва шаҳар суди Йўлдошевнинг Бош прокуратура қарори устидан шикоятини қондирмаслик ҳақида ҳукм чиқарди.

Ҳимоя томони бу қарор устидан касация тартибида шикоят ёзди ва шу пайтнинг ўзида Европа Судига Йўлдошевнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини тўхтатиш тўғрисида ариза ёзди. Аризада Йўлдошевга нисбатан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қийноқлар қўллаши мумкинлиги кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йил декабрида Европа Суди Андижон қўзғолонига алоқадорликда айбланган “ивановолик ўзбеклар” иши бўйича Россиянинг экстрадиция тўғрисидаги қарорини қийноқларни қўллашни мутлақо тақиқлаган Европа Конвенциясини бузиш дея тан олди. Суд қарорига кўра, “шикоятчиларни Ўзбекистона қайтариш 3-чи модданинг бузилиши саналади, чунки, Ўзбекистонда уларга нисбатан шавқатсиз қийноқлар қўлланиши, инсон шаънини таҳқирловчи муносабатда бўлишлари мумкин”.