12:29 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: 2008 йилда сўм бир оз енгиллаб қолди

13.01.2009 19:26 msk

Алексей Волосевич, Тошкент

Ўзбекистонда миллий валюта йил давомида қанчага “енгиллагани” ёки “оғирлашгани” ҳақидаги маълумот анъанавий тарзда чоп этилмайди. Йиллик инфляция даражаси ҳақидаги маълумотлар қатъий тарзда яширилгани билан, ўтган йил давомида сўмнинг долларга нисбатан курсини аниқлаш қийин эмас.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Марказий банкининг расмий курси бўйича сўм долларга нисбатан 2008 йил давомида 7,88 фоизга арзонлаган. (1 доллар учун 1291,23 дан 1393 сўмгача). Банкларда ва валюта алмашув шохобчаларида сўмнинг курси 7,55-7,53 фоизгача (1298-1301 дан 1396-1399 сўмгача) пасайган. Ва ниҳоят, Ўзбекистон фуқаролари истаган пайтда пулларини алмаштириш мумкин бўлган “қора бозорда” сўм долларга нисбатан 13 фоизга арзонлади (1300-1320 дан 1470-1490 сўмгача). Ўша Марказий банк маълумотига кўра, еврога нисбатан сўм 9,87 фоизга (1866,21 дан 2050,36 сўмгача) арзонлаган.

Қайд этиш жоизки, ўтган 2007 йил давомида сўмнинг девальвацияси деярли икки баробар секинроқ ўтган. Ўшанда Марказий банк курси бўйича сўм долларга нисбатан 4,2 фоизга, валюта алмашув шохобчаларида 4-4,3 фоизга, “қора бозорда” эса 4-4,8 фоизга арзонлаганди (2008 йилга нисбатан уч баробар камроқ).

Ўзбекистонда сўмга алмаштириш рухсат этилган бошқа валюталар: япон иенаси ва инглиз фунтлари атрофида юзага келган аҳволни кўриб чиқайлик. Бир йил давомида сўмнинг иенага нисбатан курси Марказий банк маълумотига кўра 35,9 фоизга (10 иена учун 113,29 дан 153,97 сўмгача) пасайган. Шу билан бирга, Англия фунт стерлингига нисбатан сўм 14,5 фоизга (1 фунт учун 2561,28 дан 2190,21 сўмгача) қимматлаган. Аммо бу икки валюталарни на валюта алмашув шохобчаларида ва на “қора бозорда” учрата олмайсиз.

Ўзбекистонда расман алмаштирилмайдиган, аммо “қора бозорда” жуда ҳаридоргир Россия рубли Марказий банк маълумотига кўра 7,06 фоизга арзонлади (52,27 дан 48,58 сўмгача).

Шундай қилиб, 2008 йилда сўмнинг девальвациясини олдинги йилга нисбатан юқори суратлар билан ўтказилганига қарамай (Ўзбекистонда бу жараён мутлақо бошқарилувчан саналади), умуман олганда унчалик сезиларли бўлмади. Тошкентлик иқтисодчи Виктор Ивонинга кўра, миллий валютанинг мўътадил девальвацияси ҳукумат томонидан республика иқтисодиётининг экспортга қаратилган секторлар – машинасозлик, кимё, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа соҳаларини қўллаш учун ўтказилади. Чунки, сўм курси қанчалик паст бўлса, экспортдан тушадиган фойда шунча кўп бўлади.

Аммо кузатувчиларнинг аксарияти сўмнинг босқичма-босқич девальвациясига қарамай, унинг курси божхона тўловлари, акцизлар, савдо эркинлигини чеклаш ва нақд пуллари айланмасини сунъий тарзда секинлатиш ёрдамидда ҳаддан зиёд ошириб юборилган дея ҳисобламоқдалар. Баъзи ҳисобларга қараганда, сўм курси 2-3 баробарига ошириб юборилган. Бу Ўзбекистон иқтисодиётининг янада диспропорциясига кўмаклашади, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни рақобатга чидамсиз ва экспортга чиқариб бўлмайдиган қилади.

Сўм курсини унчалик баланд бўлмаган даражада сақлашда банкларга алоҳида роль ажратилган. Улар пул массаси айланмасини секинлатиш бўйича ҳукумат қўйган вазифаларни бажара туриб, турли баҳоналар билан мижозларга тегишли улар томонидан банкларга омонат сифатида қўйилган пулларини бермай келадилар. Ўзбекистонга 2008 йил декабрида келиб кетган Халқаро Валюта Фондининг сўнгги миссияси ҳам бу ҳолатга ўз эътиборини қаратди: “Миссия протекциявий чораларни кучайтириш ва валютани чеклаш йўли билан жаҳон инқирозига эътибор бермасликни тавсия қилади, - дейилади унинг баёноти матнида. – Миссия расмий идораларга банкларни ўзларига ҳос бўлмаган нақд пул олишга кўмаклашув функцияларидан озод қилиш йўли билан банк тизимига ишончни мустаҳкамлашни давом эттиришликни тавсия қилади”.

Ҳар ҳолда, Халқаро Валюта Фондининг келиб-кетувчи миссиялари бу каби тавсияларни ҳар йили бериб келган. Ўзбекистон расмийлари ҳам ҳар сафар қўлларини кўксига қўйиб, тавозе бирла “Хўп, бажарамиз”, дейишади, холос. Аммо ҳаммаси “эски тос, эски ҳаммомлигича” қолмоқда.

Алексей Волосевич



 

Реклама