12:40 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда одам савдоси: хусусиятларга қарши кураш

10.01.2009 16:08 msk

Фарғона.Ру

Жазолар кучайтирилгани, трафикларга қарши давлат дастурининг қабул қилинганига қарамай, Ўзбекистонда одам савдоси тўхтагани йўқ. Марказий Осиёдаги етакчи бўлишга даъвогарлик қилаётган бу мамлакатда одам савдоси энг даромадли бизнесга айланиб қолишига оммавий ишсизлик, аҳоли турмуш даражасининг пасайиб кетиши, одамларнинг юридик жиҳатдан саводсизлиги, халқ учун даромаднинг асосий ва ягона манбаи меҳнат муҳожирлиги бўлиб қолгани ҳамда расмийларнинг муҳожирлар оқимини тартибга солишни истамаслиги асосий сабаб бўлиб қолмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди 2008 йил 13 ноябрь куни Хитой исловотхоналарига ўзбекистонлик қизларни етказиб бераётган Неъматовлар оиласига ҳукм чиқарди. Исматулло Неъматов хотини Саида Нажмиддинова билан бирга 2003 йилдан бошлаб Бухоро, Навоий, Наманган, Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан қизларни гўёки Хитойда, Бирлашган Араб Амирлигида, Туркия ва Покистонда официант ёки уй ходималари бўлиб ишлаш учун ёллаб келганлар. Оилавий қўшмачилик бизнесга Неъматовларнинг ўғиллари Шоҳрух ва Миршоҳид ҳамда қизи Нилуфар ҳам жалб қилинганди.

Тергов Неъматовлар оиласи ўзбек қизларини ўттиз марта чет элга олиб чиқиб фоҳишалик учун сотиб келганини исботлади. Оила бошлиғини олти йилга озодликдан маҳрум этдилар, унинг ўғли Шоҳрух уч йилга, Миршоҳид уч ярим йилга қамалди. Аёлларга шартли жазо белгиладилар: оила онахони уч йил, қизи эса икки йил шартли жазога маҳкум бўлдилар.

Қулликка сотилаётганларнинг кўпчилигини аёллар ташкил этмоқда. Маҳаллий матбуотда ёритилаётган воқеаларнинг аксариятида аёлларни чет элдаги исловотхоналарга сотилиши акс эттирилган. Аммо мавсумий ишчиларни Россия ва Қозоғистонга қурилишларга ва қишлоқ хўжалик ишларига олиб бориб қулликка сотиб келиш ҳоллари ҳам анча.

Ўзбекистон расмий ОАВ маълумотларига кўра, сўнгги уч йил давомида республикада 2000 дан зиёд фуқаролар одам савдоси қурбони бўлдилар. Расмий статистика маълумотларига кўра, шу уч йил давомида одам савдоси қурбонларидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига юздан ортиқ шикоят аризалари келиб тушган. Аризалар бўйича 700 га яқин жиноий ишлар қўзғатилган, уч юзта иш судгача етиб борган.

“Бухоро иши” мамлакатда кенг ёритилди, суд ҳақида ҳатто маҳаллий телевидение кўрсатув ҳам тайёрлади. Аммо Ўзбекистонда қўшмачиларни оммавий равишда қоралаш камдан-кам содир бўладиган ҳодиса саналади.

“Одам савдоси билан шуғулланувчи жиноятчиларни қоралайдиган судлар хўжакўрсинга ўтказилаяпти, холос. Айни пайтда Ўзбекистонга халқаро ҳамжамият босим ўтказмоқда ва расмийлар ўзларини ушбу муаммо билан курашаётганини намойиш этмоқчилар, холос”, - дейди муҳожирликда яшаётган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Тошкент вилояти бўйича раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, одам савдоси – Ўзбекистон ҳукуматининг амалга ошираётган сиёсатининг маҳсулидир. “Ёппасига қашшоқлик, одамларнинг ҳуқуқларининг поймол этилиши, ушбу муаммога қарши кураш бўйича ҳукумат стратегиясининг йўқлиги одам савдосининг пайдо бўлишига олиб келади. Агар ҳукумат кескин равишда сиёсий ислоҳотлар ўтказишни бошламаса, одам савдоси геометрик прогрессияда ўсиб кетиши мумкин. Аммо амалдаги ҳокимият бундай ислоҳотларни амалга ошира олмайди”, - дейди Ташанов.

Ўзбекистондаги бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил экспертлар ҳам айнан мамлакатда ўтказилаётан умумий сиёсий ва иқтисодий вазият одам савдоси ўсишининг асосий омили бўлиб қолаётганини таъкидламоқдалар. Одамлар чет элда мунтазам равишда бериладиган катта иш ҳақи тўғрисида ваъда қилаётган қаллобларнинг сўзларига учиб қулликка тушиб қолишмоқда.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимочилари ташаббус гуруҳининг раиси Сурат Икрамовга кўра, 2008 йилга келиб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони беш миллиондан ошиб кетди. Шунинг учун ҳам одамларни чет элларда мўмай даромадли ишга жойлаб қўяман дейдиган, аслида эса уларни алдаб қулликка сотиб юборадиган одамларнинг пайдо бўлишига қулай шарт-шароитлар пайдо бўлди. Халқаро ташкилотлар баралла овоз билан бу муаммони кўтариб чиқа бошлаганларидан кейин Ўзбекистон расмийлари мамлакатда одам савдоси муаммосининг мавжудлигини тан олдилар ва 2008 йилда бу муаммога эътиборини кучайтиришга қарор қилдилар.

“Одам савдосига қарши кураш тўғрисида” қонуни қабул қилинди ва одам савдосининг олдини олиш бўйича Протокол ратификация қилинди.

Қонунда нимани одам савдоси дея ҳисоблаш лозимлиги тўғрисидаги иборага ўзгартиш киритилди. Ўзбекистон ИИВ вакили оммавий ахборот воситаларига эндиликда нафақат “одамнинг олди-сотдиси, балки уларни эксплуатация мақсадида ёллаш, ишлайдиган жойга олиб бориш, уларни қулдорларга бериб юбориш ва расмийлардан яшириш” ҳам одам савдоси саналади, дея изоҳлаб берди. Боз устига, илгари бу каби жиноятлар учун жарима, аҳлоқ тузатиш ишлари ва арест кўзда тутилган бўлса, янги қонунга кўра, бу жиноятни содир этганларга нисбатан фақат озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланадиган бўлди.

Ўзбекистонда одам савдоси шунақа кенг кўлам олдики, мамлакат президенти Ислом Каримов 2008 йил 8 июль куни ўзининг фармони билан 2008-2010 йилларда одам савдосига қарши Миллий дастурни тасдиқлади.

Сентябрда “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида” қонунига мувофиқ Ўзбекистон Жиноят кодексига ўзгартиш киритилди. Жиноят кодексининг 135 моддаси “Одамларни эксплуатация мақсадида ёллаш” уч қисмдан иборат бўлиб, унда айюдор деб топилган шахсни 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошида 2008 йил декабрида одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш ва ҳимоя қилиш бўйича Реабилитация Маркази тузилди.

Кўпчилик ҳуқуқ-ҳимоячилар жазо чораларининг кучайтирилиши одам савдосини камайишига олиб келмайди, дея ҳисобламоқдалар. “Ўзбекистонда молиявий ва иқисодий вазият ўзгармагунича ҳамда янги ишчи ўринлари яратилмагунича одам савдоси қурбонларининг сони камайиб қолмайди, - дейди Сурат Икромов. – Шунинг учун ҳам чет элда тирикчилик қилишни истайдиган одамларнинг сони кўпаяверади. Боз устига, уларнинг аксарияти бошқа мамлакатда сердаромад иш таклиф этаётган одамлардан қандай расмий ҳужжатлар талаб қилиш лозимлиги билмайдилар”.