08:10 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бухорода Когон портлашларининг акс садоси тингани йўқ (фото)

10.01.2009 07:48 msk

Фарғона.Ру

Фотосуратлар Когондаги портлашлардан сўнг, 2008 йил ёзида олинган. “Фарғона.Ру” АА © фотосурати

Бухоро вилояти Когон туманида ҳарбий артиллерия омборидаги портлашлардан сўнг ярим йил вақт ўтди. “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг республика ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси маълум қилишича, бу фавқулодда ҳодисанинг текшируви ниҳоясига етган. Аммо унинг натижасини оддий Ўзбекистон фуқаролари ҳеч қачон билмасалар керак. Ҳатто президент Ислом Каримов текширув натижалари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ваъда берган бўлса ҳам.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йил 9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси Когондаги ракета- артиллерия омборида ёнғин бошланиб, олов ҳарбий омборларга ўтиб кетган. Снарядлар портлаши оқибатида расмий хабарларга кўра, уч киши ҳалок бўлган, йигирма тўрт киши яраланган. Қаттиқ портлашлар натижасида ўнлаб кўп қаватли уйлар бузилган, бир неча бинолар бутунлай ёниб кетган.

После пожара в Кагане
Когондаги портлаш оқибатлари. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Шу билан бир пайтда, мустақил кузатувчилар қурбонлар сони расмий хабарларда айтилганидан анча кўпроқ бўлган дея таъкидламоқдалар. Улар бир неча ўн кишидан бир неча юз кишигача одам ҳалок бўлган дея таъкидламоқдалар. Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш ва қийноқларга қарши курашиш тезкор гуруҳининг маълумотига кўра, портлашлар давомида йигирма етти киши ҳалок бўлган. Бу ташкилот ҳалок бўлганларнинг рўйхатини чоп этмоқчи эди, аммо марҳумларнинг қариндошларига тазйиқ бўлмаслиги учун бу ниятдан воз кечди. Ҳалок бўлганларнинг рўйхати тузилгани ҳақида билиб қолган Бухоро вилояти махсус хизмат ходимлари марҳумларнинг қариндошларига таҳдид қилишни бошлагандилар.

Жертва Каганских взрывов
Когондаги портлашларнинг бахтсиз қурбонларидан бири. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Портлашлар бошланиши биланоқ Когон шаҳар қуршаб олинди. Шаҳар аҳолисининг аксарияти шошилинч равишда хавфсиз жойларга кўчирилди, фақат Когон турмасидаги маҳбуслар қолдилар, холос.

Чет эл оммавий ахборот воситаларининг Когондаги воқеалардан бир зумда хабардор бўлгани Ўзбекистон расмийларини аччиғини келтирди: мамлакатдаги ҳарбий омборлар ва давлат томонидан қурол-аслаҳа сотиб олиш учун ажратиладиган бюджет қатъий сақланадиган сир саналади. Портлашлар бошланиши биланоқ Бухоро вилоятидаги ОАВ вакиллари бу ҳақда ҳеч нарса ёзмасликлари, мухбирларни воқеа содир бўлган жойга юбормасликлари ҳақида кўрсатма олдилар. Аммо фавқулодда ҳодиса тўғрисидаги хабарлар жаҳон оммавий ахборот воситаларининг энг юқори поғоналарини эгаллади. Ўзбекистонда эса ЎзА Миллий ахборот агентлиги портлаш бошланганидан бир кун ўтиб, Тошкент вақти билан соат 12.57 да ушбу фавқулодда ҳодиса ҳақида қисқагина хабарни ёйинлади, холос.

После пожара в Кагане
Когондаги ёнғиндан кейин. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Когон ракета-артиллерия омбори мамлакатда қурол-аслаҳа сақланадиган энг йирик омбор бўлган. Омбор икки квадрат километр майдонни эгаллаган. Ер устида жойлашган бир қаватли биноларда аҳамияти камроқ бўлган ўқ-дорилар сақланган. Бир неча ўн метр чуқурликка кириб кетган ер ости омборларида эса ўта муҳим ўқ-дорилар, шу жумладан, авиабомбалар сақланган. Уларни 2008 йил ноябрь ойида Бухородан 20 километр наридаги жойда зарарсизлантиришган.

“Июль ойидаги ёнғин тасодиф деган гаплар кулгили ва ишонарсиз. Ҳарбийлар омборларнинг қатъий тартибда қўриқланишини ва бунақа жойда тасодифлар бўлмаслигини тушунадилар. Аввали бошидан диверсия ҳақидаги фараз кўрилганди”, - дейди “Фарғона.Ру”нинг Бухородаги манбаси. – “Шунингдек, омбордаги ўқ-дорининг қандайдир қисми “четга” сотиб юборилгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Омбордаги бор нарсалар йўқ қилиниши керак бўлган эски ўқ-дори эди деб таъкидлаш нотўғри”.

После пожара в Кагане
Ҳарбийлар учун умумий ётоқхона. Ўзбекистондаги расмий манбалар бу бинога ҳеч нарса қилмаган дея маълумот бергандилар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Ҳарбий экспертларга кўра, Ўзбекистон расмийлари ўқ-дориларни омборда сақлашнинг меъёрий талабларини бажара олмаганлар. Бу эса фожеанинг асосий сабаби бўлиб қолди. Когонга 17 июль куни келган Каримов ҳукумат томонидан ўтказилаётган текширув натижаларини ҳам кутиб ўтирмай, бўлиб ўтган воқеада ўқ-дори омборларини қурган совет ҳукуматини айблай бошлади.

Каримов мудофаа вазирлигини ҳам омбордаги аҳволга етали даражада эътибор бермаганликда айблади.

“Текширув хулосалари жамоатчиликка етказилади. Мақсадимиз – ҳақиқатни аниқлаш ва келажакда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш”, - дея билдирди 17 июль куни Ислом Каримов. Аммо шу чоққача “текширув хулосалари” билан Ўзбекистон жамоатчилиги танишгани йўқ.

После пожара в Кагане
Когондаги портлаш оқибатлари. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўпчилик ходимлари 2008 йилнинг ноябрида эгаллаб турган лавозимларидан маҳрум бўлдилар. Улар мудофаа вазирлиги омборларидаги ўқ-дори омборларига алоқалари бўлмасалар, нега жазога тортилдилар? “Фарғона.Ру” манбаларининг таъкидлашларича, лавозимидан ҳайдалганларнинг кўпчилиги когонликлар хавфсиз жойга эвакуация қилинганларида уларнинг уйларидан анча нарсалар ўғирланишига алоқадорликда гумонланиб жавобгарликка тортилганлар. Аҳоли кўчиб кетганидан кейин ҳар бир уйнинг олдига милиция ходимлари қўйилган бўлишига қарамай, когонликлар қайтиб келганларидан сўнг уйда ўғирлик содир бўлгани тўғрисида кўплаб сигналлар келиб тушган.

После пожара в Кагане
Когондаги портлаш оқибатлари. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бугунги кунда Когонда қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. “Фарғона.Ру” аввал хабар берганидек, фавқулодда ҳодисадан кейин артиллерия омборлари ёнида ўзбошимчалик билан қурилган барча иншоотлар бузиб ташланди. Уларнинг ўрнига болалар майдончалари қурилмоқда. Портлашлардан бир неча ҳафта ўтиб шаҳарни қайта бўяб чиқдилар,таъмирладилар, темир йўл вокзалига олиб борадиган асосий йўл четидаги уйларнинг ойналарини ўрнатдилар. Ўзбекистон ҳукумати портлашлардан жабрланган аҳолига қанчалиги ошкор қилинмаган миқдорда ёрдам пули берилди. Аммо кўпчилик когонликлар шу чоққача молиявий ёрдам олмаганларини айтмоқдалар.

После пожара в Кагане
Когондаги портлаш оқибатлари. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

“Биз ўз кучимиз билан уйимиз деразаларини таъмирладик, ойнак қўйдик. Ҳеч ким пул бермаган. Давлат пулига фақат марказий кўчалар четидаги уйларнинг олди қисми таъмирланди, холос. Ҳукуматдан кимдир пул ёрдами олганини эшитганим йўқ”, - дейди Фарғона кўчасида истиқомат қилувчи кимса.

Ўзини Светлана деб таништирган қизнинг айтишича, маҳалла фуқаролари йиғини вакиллари унинг квартирасига келиб кетганлар. “Бизга пул беришгани йўқ, фақат қурилиш материалларини, ойнак ва сувоқ учун керакли нарсалар бердилар. Ремонтни ўзим қилдим, аммо қурилиш материалларини беришди”, - дейди Светлана.

“Фарғона.Ру”нинг бошқа манбаси маълум қилишича, тез кунлар ичида Бухоро шоссеси четидаги уйлар қайта қурилади. Уларда портлашлар оқибатида бошпанасиз қолган одамлар яшайдилар. Ракета-артиллерия омборлари ёнида лўлилар ҳам ўзбошимчалик билан, ижозатсиз уйлар қуриб олиб яшагандилар. Улар ҳам бошпанасиз қолган одамлар қаторида саналиб, турар-жой билан таъминланадиларми ёки йўқми, ҳозирча номаълум.

После пожара в Кагане
Когонда портлашлардан сўнг бошпанасиз лўлилар шундай чодирларда истиқомат қилдилар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Энди бўлса Бухоро ва Когон аҳолиси ҳар душанба куни зарарсизлантириш учун жўнатилган снарядларнинг портлаш овозларини эшитмоқдалар. Уларни Бухоро туманидаги кимсасиз дашт жойда, аҳоли яшайдиган пунктдан ўн километр нарида портлатишмоқда. Когон снарядларининг сўнгисини қачон зарарсизлантиришлари номаълум.

Каган, Узбекистан
Когонда портлаган снарядларнинг гильзалари. “Фарғона.Ру” АА фотосурати