05:44 msk, 21 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон фермерлари ерларидан маҳрум бўлмоқдалар ва давлатга “қарзларини” тўламоқдалар

09.01.2009 15:40 msk

Фарғона.Ру

2008 йилда маҳаллий пахта заводларига режалаштирилган миқдорда пахта хом ашёсини етказиб берилмаслиги ортидан юзага келган зарарни қоплаш тўғрисидаги Ўзбекистон хўжалик судларининг қарорлари 2009 йил январь ойида қонуний кучга киради. Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг фермер хўжаликлари ерларини оптималлаштириш тўғрисидаги ўтган йилги фармойишини маҳаллий ҳокимият вакиллари жидди-жаҳд ила бажаришлари оқибатида фермерларнинг кўпчилиги ўз ерларидан маҳрум бўлганларига қарамай, хўжалик судларининг қарорларига итоат этишлари ва жарима тўлашлари лозим бўлади. Шу билан бирга, ўзбекистонлик фермерларга кўра, пахта заводларига зарарни қоплаш талаби ва ерларни мусодара қилиш “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги N602-I Ўзбекистон қонунига зид келади.

Ушбу қонун 1998 йилда кучга кирган. Олти йил ўтиб унга баъзи ўзгартишлар киритилди. Бу қонун ҳужжатидаги моддаларнинг кўпи фермернинг ҳимоясига қаратилган бўлиб, эллик йил муддатга ижарага ер олган собиқ колхозчилар бу ҳолдан хурсанд бўлгандилар. Аммо фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунга зид келувчи давлат раҳбарининг фармони уларнинг бу қувончини чиппакка чиқариб қўйди.

Қонунга кўра, фермер хўжалиги – тўлақонли мустақил хусусий корхона саналади. Аммо фермерлар билан пахта тозалаш заводлари ўртасида тузиладиган шартнома орқали улар давлат буюртмасини бажаришга масъул бўлиб қоладилар. Баъзи маҳаллий экспертларга кўра, бу ҳолат қонунга зид келади.

“Мамлакат қонунлари барча халқаро қонунчилик меъёрлари стандартлари асосида ёзилган. Аммо Ўзбекистонда қонун эмас, балки қонуности актлари, меъёрий фармон ҳужжатлари, фармойишлар, маҳаллий маъмуриятларнинг қарорлари устиворлик қилишини унутмаслик зарур. Амалда бу қонуности актларининг кўпчилиги давлатнинг асосий қонунига зид келади”, - дея вазиятга изоҳ беради ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев.

“Биз зарарга кириб кетган ширкатнинг ерларини олдик. Ширкатнинг қарзлари бор экан, - дейди вобкентлик (Бухоро вилояти) Сайидов деган фермер. – мулк сотилганидан кейин қарзнинг қолган қисмини ер олан одамларга тақсимлаб берилди. Бир гектар ерга бир миллион сўмдан кредит қарзлари тўғри келди. Бу қарзни мен уч йил давмида узишим керак. Боз устига, бу йил буғдой топшириш режасини ҳам бажаришим керак. Негаки, шартномада ёзилишича, ширкатнинг давлат билан тузилган шартномаси эндиликда менинг фермерлик хўжалигимга ҳам тегишли бўлиб қолади”.

Шу билан бирга, “Фермерлик хўжаликлари тўғрисида қонун”га кўра, фермерлар ўзлари етиштирадиган маҳсулотни танлашда ва унга нарх белгилашда эркин бўлиш ҳуқуқига эгалар. Аммо ушбу қонун ерларни узоқ муддатга ижарага олиш учун шартнома тузиш тартиби тўғрисидаги ҳукуматнинг қарори билан бузилмоқда. Қарорга кўра, фермер етиштириладиган экин турини ўзгартириш, ҳосилдорликни камайтириш ва шунга ўхшаш тақиқларни бузиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ушбу меъёрларнинг бузилиши ерни ижарага олиш шартномасининг қўпол тарзда бузилиши сифатида баҳоланади. Пировардида, ўзбекистонлик мутасаддилардан бирига кўра, фермер ҳатто ижарага олинган ерга эгалик қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, об-ҳаво ноқулайликлари ёки давлат томонидан вақтида уруғлик материаллари, минерал ўғитлар, суғориш учун сув билан таъминланмаслиги каби сабаблара кўра шартнома режасини бажармасалар ҳам фермерларни жаримага тортаверадилар.

Ўтган йилги пахта терим мавсуми авжига чиққан бир пайтда фермерлар маҳаллий маъмурият ва адлия идораларида “терилмай топширилмаган ҳосил учун жиноий жавобгарликка тортилишлари” мумкинлиги ҳақида хабарномалар ола бошладилар. Пахта терим мавсуми ниҳоясига етганидан кейин эса уларга маҳаллий хўжалик судларининг қарорлари етиб кела бошлади. Ушбу қарорларга кўра, маҳаллий пахта заводларга етарли миқдорда пахта хом ашёсини етказиб бермаганлари учун фермерларнинг ҳар бири давлатга бир неча миллион сўмдан қарз бўлганлар ($1=1370 сўм).

Решение суда
Суд қарори (алоҳида саҳифада очиш учун суратга босинг)

“Хўжалик суди ҳудди шундай қарор чиқаришини билгандим”, - дея елка қисади ғиждувонлик фермерлардан бири. У ҳам кўпчилик ҳамкасблари каби хўжалик судининг қарорини олган. Бу қарорга кўра, у маҳаллий пахта заводга олти миллион сўм қарз бўлиб қолган экан.

“Каримов ҳам бу йил сув етишмаганини билади. Ўзимга ўзим атайлаб зарар етказмайманку! Сувим етарли бўлганида суғорардим ғўзани”, - дея аччиқланади у.

Ўзбекистонда ҳар йилнинг январь ойида фермерлар ва маҳаллий пахта заводлари билан контрактация шартномалари тузилади. Бу шартномаларда топширилиши лозим бўлган пахта миқдори кўрсатилади. Шу билан бирга шартномада агар табиий шароитларга кўра ҳосил етиштириб бўлмаса фермер жавобгар бўлмайди, деган банди ҳам бор. “Ахир сув етишмаслиги табиий офат эмасми”, - дейди қарздор фермер.

Ўзбекистон Фермер хўжаликлари ассоциацияси фермерларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун 1998 йилда тузилганди. Ассоциация Марказий кенгашининг раиси Акром Ориповга кўра, ташкилотнинг асосий вазифаси “фермер хўжаликларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш”дан иборат. Аммо фермерларга кўра, ассоциация тузилганидан бери бирор марта ҳам фермерларнинг манфаатларини ҳимоя қилмаган.

“Биргина Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 1400 нафар фермерлардан 1200 таси топширилмаган пахта учун қарздор бўлиб қолганлари ҳақида суд қарорини олганлар. Ассоциация фермерлар учун нима қилибди? Ҳеч нарса. Бу ташкилот фақат қоғозда бор, холос”, - дейишади Ғиждувон тумани фермерлари.

Из

32 модда. Фермер хўжалигини тугатиш учун асос Фермер хўжалиги қуйидаги ҳолларда тугатилади: ер участкаси ижарасидан ихтиёрий равишда воз кечса; фермер хўжалиги банкрот деб топилса, шу жумладан, материал-техник ресурсларни етказиб берувчи, иш бажарувчи ва хизмат кўрсатувчилар билан мунтазам равишда ҳисоб-китоб қилмай келса; фермер хўжалиги раҳбари вафот этса-ю, унинг ишини давом этишни истайдиган меросхўри бўлмаса; давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкасини мусодара қилиш зарур бўлган ҳолда тегишли тартибда ер участкасининг ижараси тўғрисидаги шартнома бекор қилинганида ёки ер қонунчилигини қўпол равишда бузганлиги учун, шунингдек, фермер хўжалиги томонидан контрактация шартномасига хилоф тарзда бошқа экин эккани учун.



33 модда. Фермер хўжалигини тугатиш тартиби Фермер хўжалиги қуйидаги тартибда тугатилади: фермер хўжалиги раҳбарининг қарорига асосан ва қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда суд қарори билан.

Эслатиб ўтамиз, 2008 йил октябрида Ўзбекистонда фермер хўжаликларини “йириклаштириш” жараёни бошланди. Мустақил оммавий ахборот воситаларида расмийларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари кўмагида давлат раҳбарининг фармонини ижро этишни бошлаганлари ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Республикада мамлакат президентининг №3077 фармойишини ижро этиш бошланди. Ҳолбуки, бу фармойишда ер участкаларини мусодара қилиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Ўн гектар ерни ижарага олган жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов 2008 йилда президент Ислом Каримовга очиқ хат билан мурожаат қилганди. “Оиламда саккизта одам бор, улардан олтитаси фермер хўжалигида машғул. Шу ерда меҳнат қилиш эвазига болаларимни тарбиялаяпман”, - дея ёзади давлат раҳбарига Азимов. Мактуб давомида у Жиззах вилояти ҳокимлигида 2008 йил 18 декабрь куни мингдан ортиқ фермерлар ва турли ташкилотлар вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтанини маълум қилади. Йиғилишни Жиззах вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича муовини, сенатор Маҳмуд Холбўтаев олиб борди, унда туман ҳокимлари ҳам иштирок этдилар.

М. Холбўтаев давлатга қарз бўлиб қолгган фермерларни аниқлаб, уларга топширмаган пахта учун товон тўлаш мажбуриятини юклади. Бордию, бу қарор бажарилмаса, фермерларга қарашли қишлоқ хўжалик техникасини ҳамда хусусий автомашиналарни мусодара қилишни ваъда қилди.

Маъмур Азимовнинг пахта заводдан қарзи йўқлигига қарамай, сенатор унинг тассаруфидаги 10 гектар ерни топширишга буюрди. “Ерни нега топширмадинг? Ким санга ўн гектар ерни эгаллаб ўтиришга ижозат берди? Зудлик билан топшир ерни! Агар топширмасанг, барча давлат муассасаларига буюраман, сен билан шартномани узайтиришмайди! Ер участкалари кам бўлган барча фермерларга тааллуқли бу гапим. Ҳаммангиз ерларни топширишингиз керак! Агар шикоят қилмоқчи бўлсаларинг, хоҳлаган жойга ёзаверинглар!”, - дея сенатордан иқтибос келтиради очиқ хатида Маъмуржон Азимов. Фермер мактубда баён қилинган масалаларни президент ҳал қилиб беришига қаттиқ умид қилмоқда.

“Бугунги кунда бошқарувчилар қатлами дея аталувчи мутасаддилар, туман ва вилоят ҳокимлари ҳамда қонун чиқарувчилар Ўзбекистонда бозор механизмини жорий қилиш жараёнига тўсиқ бўлаётган асосий консерватив табақа бўлиб қолмоқда. Ҳокимият вакилларининг ўзларини бундай тутишларига сабаблардан бири коррупция ва аҳолинингг кескин тарзда жуда бой ва қашшоқларга бўлингани бўлиб қолмоқда. Мамлакатда ўрта синф йўқ ҳисобида. Тадбиркорлардан иборат ўрта синф вакилларигина барқарор ривожланишнинг кафолати бўлиб чиқишлари мумкин”, - дейди ҳуқуқшунос Шуҳрат Ғаниев.

Айни пайтда муҳожирликка юз тутган сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевга кўра, Азимовнинг президентга умиди пучга чиқиши муқаррар. “Фермер хўжаликларини йириклаштириш тўғрисидаги қарор тўғри. Аммо фермерлар бир гектар бўлса ҳам ерга эга бўлган бўлсалар, бу ерга пул сарфлаганлар, уларнинг бу харажатларини қандайдир йўл билан қоплаш керак эди”, - дейди сиёсатшунос.

Бир гектар бўлса ҳам ерга эгалик қилиш кишига мулкдор бўлиш ҳиссиётини беради. Шунинг учун ҳам қишлоқ аҳолисининг норозилиги ўсаверади. Шунга қарамай, расмийлар етиштириб топширилмаган пахта учун фермерлардан қарзларни ундириш ва фермер хўжаликларини йириклаштириш ниятидан воз кечмайилар.