23:18 msk, 20 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Онангга қози тажовуз қилса... ёки Ўзбекистонда адолат кимлар учун?

29.12.2008 09:07 msk

Фарғона.Ру

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Тошкентда қандайдир тадбир ёки йиғилиш ўтказишлари осон кечадиган иш эмас. “Ижтимоий мониторинг қўмитаси” Нодавлат ташкилоти ташаббус гуруҳи” томонидан суд амалиётида ҳуқуқий меъёрларнинг бузилишига бағишлаб ўтказилган матбуот анжумани иштирокчилари бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдилар. Эҳтиёт чоралар кўрилганига қарамай, иштирокчилар тўпланган жойдан то “конференц-зал”га (оддий кўпқаватли уйнинг хонадонларидан бирида) боргунларича уларнинг ортидан ИИВ ходимлари кузатиб бордилар. Ҳамма тўпланиб бўлганидан кейин раислик қилувчи Ольа Краснова тезисларни ўқиб эшиттирди.

У Ўзбекистон ҳуқуқни қўллаш амалиёти жиноятчининг қурбони бўлиб қолган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмаётганини маълум қилди: судьялар мавжуд ҳуқуқий меъёрларни бузиб, адолатга хилоф бўлган қарорларни чиқарадилар, қонуний ҳукмлар эса аксинча, апелляция инстанциялари томонидан бекор қилинади. Судьялар даъвогар ва жавобгар томонларнинг бири судда иштирок этмаса ҳам, кўпинча жабрланган томоннинг иштирокисиз ҳам ишни кўришлари одатий ҳолга айланган. Даъво аризаси бериш учун белгиланган муддатнинг чеклангани судьяларга бу борада анча қулайликлар яратиб бермоқда. Шунинг учун ҳам улар бу ҳолатдан фойдаланиб, фуқаролик ишлари бўйича кўплаб даъво аризаларини қабул қилишдан бош тортмоқдалар. Шу билан бирга, судьялар ўзларининг қонунга зид бўлган фаолиятлари ва чиқарган ҳукмлари учун ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайдилар.

Апелляция (касация) инстанциялари ва назорат суд тизимида юзага келган аҳвол кишини қаттиқ ташвишга солмоқда. Ушбу икки инстанция одатда битта бинода жойлашган бўлади, битта раисга бўйсунади ва қизиғи шундаки, битта судьянинг ўзи ҳам аппеляция, ҳам назорат инстанцияларининг судьяси бўлиб ишлайди. Бу эса ҳар қандай суистеъмолликларни келиб чиқиш учун қулай шароитлар яратади. Мантиқан ва соғлом фикр юритиладиган бўлса, бу судларни зудлик билан ажратиб қўйиш лозим. Ольга Краснова ҳисоботини якунлар экан, даъво бериш учун белгиланган уч йиллик муддатни бекор қилиш зарурлигини билдирди. Унга кўра, мавжуд ҳолат қаллоб судьялар учун қулай шароит яратиб бермоқда ва шунинг учун ҳам даъво аризасини бериш учун белгиланган муддатнинг чекланишини олиб ташлаш лозим.

Шундан кейин учрашувнинг бошқа иштирокчилари ҳам сўзга чиқдилар ва Ўзбекистон суд тизими билан боғлиқ бўлган ва ўзларининг бошларидан кечирган воқеаларни сўзлаб бердилар. Улар журналистларга умид қилаётганлари ва бу воқеаларнинг матбуотда ёритилиши уларга ёрдам беришига ишонаётганлари сезилиб турарди.

Судьяни пора билан ушлаганини таъкидлаётган Наргиза Турғунова бошидан кечирган воқеа.

Болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаётган Наргиза Турғунова яқинда эри билан ажрашиб иккита боласи билан қолган. Собиқ эри Илҳом Аминов президент девонхонасида шикоятлар бўлимида иш юритувчи бўлиб ишлайди. Бирга турмуш кечирган пайтда ортирган мол мулк Наргизанинг номида бўлган. Ажрашаётган пайтда улар бу мулкни қуйидаги тарзда тақсимлашга келишганлар: президент девонхонасининг камтарин ходимига 27 хонали уч қаватли ҳашаматли уй ва “Нексия” автомашинаси, унга эса иккита қизи билан икки хонали квартира. Битим юридик тарзда эмас оғзаки келишув сифатида тузилган.

Аммо уй ва машина собиққа эрга расмийлаштирилганидан сўнг, Наргизанинг айтишича, Илҳом Аминов ундан квартирани сотишни, унга тегишли улушни беришни ва ота-онасининг олдига, Наманганга кетишини талаб қила бошлаган. “Чунки квартирани мен сотиб олганман”, - дея бир неча бор уйга маст ҳолда келиб уни калтаклаган. Навбатдаги калтаклашдан сўнг, 2007 йилнинг декабрида Наргиза қўли синган ҳолда болаларини олиб Наманганга кетади. “2008 йил май ойида уйимизга қайтишга қарор қилдик. Келсак, уйнинг қулф-калити ўзаргартирилган, уйга киролмадик. Унга телефон қилдик. Қизим унга: “Дада, йўлдан чарчаб келдик, уйга кира олмаяпмиз”. У бўлса: “Қандай келган бўлсаларинг, ўшандайига қайтинглар”, - деб айтди.


Наргиза Турғунова. Бўйнида бармоқ излари ҳали кетмаган. Уни 19 декабрь куни калтаклаб бўғишган. “Фарғона.Ру” АА фотосурати.

“Мен туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилдим, улар квартира ҳужжатларини кўриб, мени прокурорга, кейин ҳоким олдига, кейин бўлса маҳалла фуқаролар йиғинига олиб бордилар. Эрталаб соат 8 дан кеч соат 10 гача овора қилдилар. Кейин участка нозиримизга телефон қилиб, уй эшигини бузмасликни буюрдилар. Уччовимиз, уч ва ўн ёшли қизим билан тунда бомжларга ўхшаб зинапояда тунадик. Эрталаб болғани олиб ўзим уй эшигини буздим.

Икки кундан кейин мени ИИБга чақириб: “Эрингиз ариза ёзибди, 12 миллион сўмини ўғирлабсиз”, дейишди. Гўёки бу пуллар уйда бўлган экан. Тергов бошланди. Амо қўшнилар пул бўлмагани ҳақида кўрсатма бердилар. Мен уларни атайнига чақиргандим, эшикни бузаётганимда. Прокуратура ишни ёпишга мажбур бўлди.

Кейин эса ажрашув, болаларни тақсимлаш бошланди. У менинг квартирамга кириш тўғрисида ариза берди, шу манзилда рўйхатдан ўтгани учун. Шунда мен ҳам мол-мулкни тақсимлаш тўғрисида ариза бердим. Энди ҳам квартирага ҳам уйга эгалик қилиш учун даъво қилаяпман. Мен яхшиликча ажрашмоқчи эдим, унга уч қаватли 27 хонали 14 сотих ер участкали уйни қолдиргандим. Унга оз кўринибди бу. Ҳозир Тошкент шаҳар Яккасарой тумани суди мол-мулкни: икки хонали квартирани ҳамда уч қаватли уй ва машинани тақсимлаш ҳақидаги даъво аризасини кўрмоқда”.

Б.Сотиболдиев раислигида 30 сентябрь куни ўтган Яккасарой суди Илҳом Аминовнинг Наргизанинг квартирасига киритиш тўғрисидаги аризасини қондирди. Унинг бошқа турмаш қурганига, янги фарзанд кўрганига ҳамда ўзининг ўша 27 хонали уйи борлигига қарамай. Наргиза Тошкент шаҳар судига апелляция аризасини берди, аммо бу инстанция ҳам Илҳом Аминовнинг ёнини олиб судья Сотиболдиевнинг қарорини ўз кучида қолдирди.

15 ноябрь куни Наргиза нотариал идорага ҳужжат топширмоқчи бўлиб суд биносининг ёнидан ўтаётганида подъезд олдида собиқ эрининг машинасини кўриб қолади. “Бу одам нима қилаяпти бу ерда, деган ҳаёл билан ичкарига, судья Сотиболдиевнинг кабинетига кирдим”. – дейди у.

“Эрим судья билан кабинетда ёлғиз ўтирган экан, мен унинг Сотиболдиевга доллар бераётгани кўриб қолдим ва “Ана! Эсиз, бевақт кирибман”, дея ҳайқириб юбордим. Судьянинг ранги бўзариб кетди. Қизимни етаклаб ташқарига чиқдим. Шундан кейин ортимдан эрим ҳам чиқиб, машинасига ўтириб кетди”.

Наргиза ишончли вакили орқали судья Сотиболдиевнинг номзодини отвод қилиш тўғрисида ариза берди. Судья Сотиболдиев шанба кунида (дам олиш куни) унинг собиқ эрини қабул қилганини тасдиқлаганига қарамай, суд раиси Ж.Мавланова бу аризани қондирмади. Хулласи калом, шаҳар суди ишни яна қайта Сотиболдиевга юборди ва у ҳам ўз навбатида ўзининг чиқарган қарорининг ижросини (Илҳом Аминовни Наргизанинг квартирасига киритиш тўғрисида) кечиктириш тўғрисидаги талабномани рад этди. Суд ижрочилари аёлни безовта қила бошладилар. Илҳом Аминов ва унинг қариндошлари суд қарори ижро этиладиган 19 декабрь куни Наргизани калтакладилар. У ҳозир мия чайқалиши туфайли касалхонада ётибди.

Ҳар ҳолда, сўнгги дақиқаларда вазият бироз енгиллашди. Олий суд Наргизанинг эътирозларини эътиборга олиб Б.Сотиболдиев қароринининг ижросини тўхтатиб қўйди. Энди собиқ эр-хотиннинг олдида янги суд жараёнлари турибди. Мол-мулкнинг узил-кесил тақсимланиши ҳали-вери амалга ошмаса керак.