23:59 msk, 24 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон-Туркия муносабатлари илимоқда, аммо кўнгилдагидек эмас

24.12.2008 08:23 msk

Темурхон Олимхонов (Тошкент)

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда 22 декабрь куни Туркия ва Ўзбекистон ишбилармон доираларининг бизнес форуми ўтказилди. Учрашув Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ва Туркия Ташқи савдо вазирлиги томонидан уюштирилди ва икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни тобора кенгайтиришга бағишланди.

Томонлар делегацияларини Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Насриддин Нажимов ва Туркия республикаси ташқи савдо вазирининг ўринбосари Гўзал Улкер бошқардилар.

Ўзбекистон вазирликлари ва концернлари раҳбарларининг кўпчилиги ҳудди келишиб олгандек Халқаро бизнес марказидаги Ўзбекистон-Туркия форумига келмадилар. Туркиялик ҳамкасблари билан учрашувга таклиф этилган Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг раиси Алишер Шайхов, Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзбекенгилсаноат”, “Ўзгўштсаноат”, “Ўзташқитранс” ва шунга ўхшаш кўплаб бошқа уюшма ва алоҳида саноат корхоналарининг раҳбарлари келмадилар

Ўзбекистон матбуотидаги тантанали оҳангларга қарамай, учрашув кўпроқ расмиятчилик характерига эга бўлган. Ўзбекистон-Туркия иқтисодий муносабатларида ҳеч қандай илгари силжишлар белгилангани йўқ.

Форум иштирокчиларидан бирига кўра, Ўзбекистон томони туркиялик тадбиркорларга Ўзбекистондаги 63 та банкрот корхоналарга инвестиция ётқизишни таклиф этганлар. “Бу корхоналар шунчалик қашшоқлашиб қолганки, уларнинг фақат бетон бинолари-ю бўшаб ётган ишлаб чиқариш майдонлари бор, холос. Бу корхоналарни йўқдан бор қилиш лозим. Туркия делегацияси келгунича эса улар [Ўзбекистон томони – Т.О.] меҳмонларга инвестиция учун ишлаб турган корхоналарни таклиф этишни ваъда қилгандилар”, - дейди у.

Ўзбекистон статистика идораларининг маълумотигакўра, 2007 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 754,3 миллион долларни ташкил этган. 2008 йилнинг 10 якунига кўра, ўтган йилги шу даврга нисбатан 7,6 фоизга ўсган ва 735,3 миллион долларни ташкил этган.

Туркия томонининг маълумотларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 2007 йилда 840 миллион долларни ташкил этган. Жорий йил тугашига бу кўрсаткич 1 миллиард доллардан ортиши кутилмоқда.

“Фарғона.Ру” манбасига кўра, туркиялик тадбиркорлар ўзбекистонлик мутасаддиларнинг бу каби таклифларига ишончсизлик билан қарамоқдалар. “Турклар 90-чи йиллар ўртасида расмийларимизнинг ваъдаларга учиб Ўзбекистондаги банкрот корхоналарига маблағ ётқизгандилар. Ушбу корхоналарда ишлаб чиқариш йўлга қўйилганида эса мутасаддиларимиз турли найранг ва баҳоналар билан уларни тортиб олдилар. Ҳозир ҳам туркларни қуруқ ерларни ўзлаштиришга ва мевали дарахт экишга таклиф этишаяпти, аммо ҳосил йиғиштиришни ўзбекларимизга қўйиб берган”, - дейди форум иштирокчиси .

Ўзбекистон расмийлари гўёки бирор нарсадан ҳижолат қилаётгандек ёки ҳудди давлатнинг қандайдир маҳфий сирларини жамоатчиликдан яшираётгандек Туркия делегацияси билан Тошкентдаги учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказдилар. Ўзбекистонлик мутасаддилар туркиялик меҳмонларни кутилмаган журналистлардан муҳофаза қилишга уриндилар. Форумни ёритиш учун таклиф этилган оммавий ахборот воситалари ходимлари рўйхатига фақат туркиялик журналистлар ва Ўзбекистоннинг расмий матбуот вакиллари киритилдилар, холос.

Шунинг учун ҳам тадбирга “Америка Овози” радиосининг мухбири Абдумалик Бобоев ҳамда хорижий ва маҳаллий ОАВнинг бир неча журналистлари киритилмадилар.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ишлайдиган “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг манбаси форумга киритиладиган журналистлар рўйхатини вазирлик эмас, балки республика Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) тайёрлаганини маълум қилди. “Вазирлик республика Савдо-саноат палатаси билан биргаликда кўпчилик журналистларнинг номи киритилган рўйхатни тайёрлаганди. Аммо форумдан бир кун илгари МХХ бизга бошқа, жуда қисқа рўйхатни киритди. Бундан ташқари, бизга форумни “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида эмас, балки Халқаро бизнес марказида ўтказишни буюришди. Меҳмонхонага ҳамма кира олади, аммо бизнес марказга фақат тегишли ҳужжатни кўрсатиб кириш мумкин”, - дея маълум қилди вазирлик ходими.

Манбага кўра, ушбу кутилмаган ўзгаришлар Туркия элчихонаси ва Туркия “ТИКА” агентлиги ваколатхонасининг норозилигини уйғотди. “Турклар ушбу тадбирда иложи борича кўпроқ журналистлар иштирок этишини истагандилар. Аммо бизникилар [Ўзбекистон томони – Т.О.] бу ҳақда эшитишни ҳам истамадилар”, - дейди Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидаги манба.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томони Туркия делегациясининг учрашув якунлари бўйича қўшма матбуот анжумани ўтказиш борасидаги таклифига ҳам рад жавомини берди.

Ўзбекистонлик мутасаддиларнинг муносбатларидаги “совқлик” ва Халқаро бизнес маркази мажлислар зали ярмига ҳам тўлмаганига қарамай, туркиялик меҳмонлар икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши борасида оптимистик прогнозларни изҳор этдилар. Масалан, Туркия ташқи савдо вазирининг муовини Гўзал Улкер Туркиянинг ишбилармон доиралари Ўзбкистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкори сифатида кўраётганини билдирди.

Баъзи турк тадбиркорлари ҳамда Туркия элчихонаси ва “ТИКА” ваколатхонасининг ходимлари ўзбекистонлик мутасаддиларнинг бу муносабатларини “совуқ” дея ҳисобламасликларини билдирдилар. “Олдин Тошкентнинг муносабати ҳозиргига қараганда анча ёмон бўлган”, - дейишади улар.

Туркия ишбилармон доираларининг қувончли оптимизмига қараб гўёки расмий Анқара қучоғини очиб Тошкентнинг истиқболига учиб келаяптилар-у, аммо ўзбекларнинг қучоғи ҳозирча очилмагандек тасаввур ҳосил бўлади. Кўринишидан, Ўзбекистон раҳбарлари Анқаранинг 2005 йил Андижон воқеалари бўйича Тошкентни қўламаганини ҳозиргача кечира олмаётганга ўхшайди. Бундан ташқари, Оқсаройдагилар Туркиянинг Европа иттифоқи билан жўр овозда Ўзбекистонда пахта терими пайтида болалар меҳнатидан фойдаланаётганини қоралагани учун ҳам ёмон кўриб қолишган.

Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг таранглашувига бошқа сабаб ҳам бор: Тошкент анчадан бери мухолифатдаги “Эрк” партиясининг етакчиси Муҳаммад Солиҳни Туркиядан чиқариб юборса яхши бўларди, дегандай ишора қилиб келмоқда. Аммо Туркия Ўзбекистоннинг бу хоҳишига қараб иш тута олмайди. Чунки биринчидан, Муҳамад Солиҳ қочоқ мақомига эга, иккинчидан, Туркия Европа иттифоқига кирмоқчи бўлиб инсон ҳуқуқларини бузмасликка ва халқаро ҳуқуқ ҳимоя таашкилотларининг эътиборини ўзига қаратмасликка уринади.

Шунинг учун ҳам ҳозир Ўзбекистон-Туркия муносабатлари кескин тарзда яхшиланмоқда дея таъкидлаб бўлмайди. Икки мамлакат ўртасидаги шундай “совуқ” муносабатлар характери икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларга таъсир этмай қолмаяпти.

Темурхон Олимхонов, Тошкент, Ўзбекистон



 

Реклама