08:37 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Уй-жой олиш учун бола сотиш? Фақирлик энг камбағал оилаларни ўз фарзандларини сотишга мажбур қилмоқда

05.10.2005 09:39 msk

Муҳсина Ҳамидова, Андижон

Ўзбекистон, хусусан, Фарғона водийси фуқаролари ёш болаларни сотиш ҳоллари ҳақида сўзламоқдалар. Хайриятки, гап қул савдоси ҳақида бораётгани йўқ. Ўзларини боқолмаётган энг камбағал оилалар ўз болаларини бадавлатроқ бўлган фарзандсиз эр-хотинларга сотаяптилар. Гўдакларнинг баҳоси боланинг ёшига қараб 100$ дан 400$ гача бўлиши мумкин. Ўзбек оилаларида одатда фарзанд доим ота-оналар учун ҳаётнинг асосий мазмуни ҳисобланарди. Бугунги кунда бу қарашлар фақирлик ва истиқболдан умид йўқлиги туфайли бузилиб кетмоқда.

ОИЛАВИЙ КИЧИК БИЗНЕС

Болалар уйининг тарбиячилари 10-15 йил аввал болалар уйларида ўзбек болаларнинг деярли бўлмаганлиги ёки уларнинг бир-иккитагина бўлганлигини гапирадилар. Бугунги кунда ўзбек болалар бу каби муассасалар тарбияланувчиларининг катта қисмини ташкил қилади. Кўпчилигининг ота-оналари тирик. Улар ё меҳнатга лаёқатсизлар, ёки бўлмаса ўта фақирона турмуш кечирадилар. Оилаларнинг бузилиб кетаётганлиги сабабли ҳам болажонлар болалар уйларига тушиб қоладилар.

Моҳинур – қўлига бир бурда нон ушлаб олиб, ҳовли бўйлаб беташвиш айланиб юрган тўрт ёшли қизалоқнинг исми ана шундай. Моҳинур унинг бу уйда, онасининг олдида яна бирозгина яшаши мумкинлигини билмайди. Қизалоқнинг онаси Раъно ўз қизини сотишга қарор қилган. Аслида онага ўз болаларидан қай бирини сотиш барибир, ахир харидорга унинг уч боласидан истаган бирови ёқиб қолиши мумкин-да. «Ҳаммаси харидорга қайси боланинг ёқиб қолишига боғлиқ, - дейди Раъно. – Масалан, катта қизим 6 ёшга кирди. Мижоз «мен уни оламан» дейиши ёки «у катта қиз бўлиб қолибди, уни қайта тарбия қилиб бўлмайди» дейиши мумкин. Бу қизим бўлса, эндигина 4 ёшга кирди, у ҳали ҳеч нарсани тушунмайди. Қайси бола ёқса, ўшани сотаман».

Раъно эри билан ажрашган. У хотинини болалари билан бирга кўчага ҳайдаб юборган. Собиқ эр оилага ёрдам бермайди – ўзи ҳам яхши яшаётгани йўқ. Онани уч бола билан опасининг куёви вақтинча ўз қарамоғига олган. Раъно касалхонага ҳамшира бўлиб ишга кирган. Аммо 15 долларлик маошга уч болани боқолмайсиз. Уй-жой сотиб олиш ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Бу ерда улар вақтинча яшаяптилар. «Кечалари ухламай, йиғлаб чиқаман. Агар ўз уйим бўлганида, бунчалик қийналмаган бўлардим, - дея кўзда ёш билан гапиради Раъно. Менинг бобом бор, аммо биз уникида яшолмаймиз – сиғмаймиз... Учта болам билан кўчада қолдим, уйим йўқ... Балки, одамларнинг раҳми келиб, бошпана берарлар...»

Раъно боласининг нархини ҳам айтди – 300 доллар. Агар кимдир бу пулни беришга рози бўлса, аёл ўзига уй сотиб олиши мумкин. У ҳатто ҳовлининг умумий бўлишига ҳам рози. У ерда бўлса, Раъно бир амаллаб икки фарзандини тарбиялаб олади. Раъно, агар эри яхши бўлганида, ўз боласини сотиш ҳақида ҳатто ўйлашга ҳам ботинолмаган бўлишини айтади. Унинг орзуси уйда ўтиришу болаларни тарбиялашдан иборат. Аммо ночорлик уни ақлсизликка мажбур қилмоқда: ўз фарзандининг ёш жонини қолган иккиси учун уй-жойга олишга пул топиш умидида сотишга... Йигирма етти ёшли аёл буткул тақдирга тан берган.

САВДОНИ ҚАНДАЙ РАСМИЙЛАШТИРИШ МУМКИН

Фарғона водийсида жойлашган Марғилон шаҳрида «бола бозори» деган бир бозор бор. Бу ерда кичкинтойни арзон-гаров олиш мумкин. Бу жой заргарлик буюмлари сотиладиган «қора» бозорда жойлашган. Бу ерда харидорга исталган жинс ва ёшдаги кичкинтойни таклиф қиладилар, шундан келиб чиққан ҳолда 100 доллардан 400 долларгача баҳо қўйилади. Бу каби олди-соттининг ҳуқуқий жиҳатдан қай тариқа амалга оширилиши умуман тушунарсиздир. Аммо ҳуқуқшунос Татьяна Гончарова бунинг учун махсус «Вояга етмаган болаларни асраб олиш ва оила томонидан болаларни тарбия қилиш (патронат) учун қабул қилиб олиш ҳақида низом» мавжуд бўлиб, унда болаларни асраб олиш қоидалари хусусида айтилганлигини гапиради. Унга кўра, бола олди-соттиси мана бундай ҳуқуқий тартиб остида яширилган бўлиши мумкин: 1) «ота-она» болани тарбия қилиш ва боқишдан бош тортиш ҳақида ариза ёзади, 2) «харидор» (албатта, тегишли жойларда олдиндан бу аризанинг қондирилишининг ғамини еган ҳолда) болани асраб олиш ҳақида муқобил ариза беради.

ЎҒИЛ СОТИБ ОЛИШ – ОМАДЛИ ХАРИД

Марғилон шаҳрида яшовчи Гулмира Мирзараҳимова ўз ўғлини ўша бозордан сотиб олган. Илгари кимнингдир туғруқхонадан кичкинтой сотиб олганлигини тасодифан эшитиб қолса, ўзининг она бўлишдек орзусини амалга ошириш юзасидан бу каби имкониятдан юраги орзиқиб кетарди. Мана, унинг омади чопди. У болани камбағал, аммо яхши оиладан сотиб олди. Бола унга арзон тушди: бор-йўғи 150 долларга. Албатта, бола сотиб олишни у тўғри иш деб билмайди, лекин бола билан бирга унинг уйига бахт кирди. Бунинг устига у оилага пул ҳам керак эди. Гулмира уни бу иш учун қоралашларини истамасди, худди у ўз ўғлининг туққан ота-оналарини қораламагани каби. Бунда шарт-шароит уларнинг ота-оналик туйғуларидан шунчаки устун келган, холос. Ўз боласини сотишга қарор қилишга қандай сабаблар мажбур қилиши мумкин? Объектив сабаблар бўлса ажаб эмас...

БОЛА СОТИШНИ ТАЪҚИҚЛАЙДИГАН ҚОНУН ЙЎҚМИ?

Бола сотувчиларни судга бериш осон эмас. Андижон прокуратураси ходимларига кўра, Ўзбекистон Жиноий Кодексида бола сотганлик учун жазолашни кўзда тутувчи модда йўқ – қонун болаларни сотилишдан муҳофаза қилмайди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуғофир Дадабоев бу муаммо фақат Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билангина ҳал қилиниши мумкин, деган фикрда. Чунки республикадаги амалдорлар олий раҳбардан келаётган буйруқларнигина қулоқ қоқмай бажарадилар. Бу аччиқ ҳақиқат. Балки, бу муаммо фақат жуда юқори лавозимли шахс эътибор қаратишни лозим топганидагина ечила бошлаши мумкин бўлар.

ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАР ЁДГОРЛИГИ

Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройи олдида тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи қаҳрамонлигига бағишланган кўп фигурали монументал композиция – ҳайкал бор. Улуғ Ватан уруши йиллари бу оила турли миллатга мансуб бўлган, етим қолган 15 болани асраб олиб, тарбиялаганди. Ушбу қаҳрамонлик тарихи эндиликда классикага айланган, ўзбекистонлик режиссёр Шуҳрат Аббосов томонидан суратга олинган «Сен етим эмассан» бадиий фильми сюжетига асос бўлганди. Қаҳрамонлик тарихи билан бир қаторда совет фильми асосий оилавий қадрияти болалар бўлган анъанавий ўзбек оиласи ҳақида ҳам ҳикоя қиларди. Тақдирнинг даҳшатли шўри-ғавғоларини қарангки, ҳозирда бу қадрият бозорда яхшигина пулга сотиш мумкин бўлган деярли бирдан-бир нарсага айланиб қолмоқда. Ахир, Андижонда уч юз долларга бутун бошли уй сотиб олиш мумкин!