14:39 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Муҳаммад Солиҳ зарғалдоқ инқилоб тайёрламоқда

20.12.2008 19:21 msk

Санобар Шерматова

Муҳожирликда кун кечираётган “Эрк” партиясининг етакчиси Муҳаммад Солиҳ декабрь ойининг бошида ўзбек мухолифатчиларининг бирлашув жараёни бошлангани ҳақида билдирганди. Аввал бу каби уринишларнинг бари муваффақиятсизликка учрагани маълум. “Фарғона.Ру” илтимосига кўра Марказий Осиё бўйича эксперт Санобар Шерматова телефон орқали Муҳаммад Солиҳ билан боғланиб, мухолифат истиқболлари қай даражада эканлигини аниқлашга уринди.

Санобар Шерматова: - Сўнгги бор сиз 2005 йилда барча сафдошларингизни бирлашишга чақиргандингиз. Ўшанда, Андижон воқеаларидан сўнг АҚШ ва Европада Ўзбекистон мухолифатига қизиқиш кўтарилганди. Ҳозир бирор нарса ўзгардими?

- Фарқ шундаки, бирлашув илгаригидек қайсидир ташкилот негизида эмас, балки Ўзбекистондаги шахслар ва гуруҳлар даражасида содир бўлмоқда. Одамлар мақсадларимизни яхшироқ тушуна бошладилар. Улар “сиз ўйлагандек ўйлаяпмиз” дейишмоқда. Сабаби – Ислом Каримов кетиши борасидаги умидлар сароб бўлиб чиқди. Кўпчилик у лавозимини тарк этади деб ўйлаган экан. Улар ҳокимият унинг қизига ўтишига ҳам рози бўлгандилар. Андижон фожеасидан кейин режим ўзининг таъқибларини енгиллатади дея умид қилгандилар. Мен Каримов атрофидаги одамларнинг умидлари ҳақида сўзлаяпман.

Аммо буларнинг бирортаси ҳам амалга ошмади. Ташқаридан қараганда, у Хитой ва Россия билан яқинлашиб ўз позицияларини мустаҳклаб олганга ҳам ўхшаб кўринади. Эндиликда Европа иттифоқи ҳам санкцияларини деярли бекор қилди. Аммо аслида у ерда бошқача жараён кечаяпти. Бу режимнинг заиф томони бўлиб, бундан фойдаланиб қолиш керак. “Бирлашув” ибораси бошланган жараённи аниқ акс этмаса керак деб ўйлайман. Мен буни аксилкаримовчи кучларнинг консолидацияси деб атаган бўлардим.

- Қандай кучлар? Ўзбекистон ташқарисидагими ёки мамлакат ичидагими?

- Чет элда яшаётган мухолифатчилар ва мамлакат ичкарисидаги гуруҳлар ва жамоалари.

- Диний жамоаларми?

- Ҳа, мусулмон жамоалари. Улар ўзларини мухолифат деб атамайдилар ва ҳумумат билан алоқа қилмайдилар. Уларнинг халқ орасида маълум даражада обрўси бор. Жамоат дейилганда негадир ҳамма “Ҳизбут-таҳрир” ҳақида ўйлайди. Йўқ, улар радикал эмас. Бизнинг бу ташкилот билан ҳеч қандай алоқамиз йўқ, негаки мақсадларимиз бутунлай бошқа.

- Сиз Ғарбдасиз, улар Ўзбекистонда. Улар билан машруъ ҳолатда мулоқот қилишингизни тасаввур қилиш қийин

- Шунга қарамай, биз бу одамлар билан доим мулоқотдамиз. Улар ҳеч қачон партиямизга (“Эрк” партияси назарда тутилмоқда) аъзо бўлмаганига қарамай, бизнинг ташвиқот акцияларимизни амалга оширишмизга ёрдам беришмоқда. Бизнинг олиб бораётган курашимизга улар ҳамдард деса бўлади. Бундай одамлар ҳукумат орасида ҳам, диндорлар орасида ҳам ва ҳатто армия сафида ҳам бор.

- Президент Каримовни қандай йўл билан кетказмоқчисиз?

- Бу икинчи масала. Ҳозирча биз фаол равишда мулоқот олиб бормоқдамиз, бир биримизга кўмаклашияпмиз. Маълум бир платформа тайёрлаганимизда, тарафдорларимизни кўчага олиб чиққанимизда, ўшанда маълум бўлади. Каримов демократик йўл била ҳокимиятни тарк этмаслиги аён. У фақат Кучма ва Акаев каби лавозимидан четлатилиши мумкин (Украина ва Қирғизистон президентлари халқ қўзғолонлари натижасида президентликдан четлатилган – таҳр.). Қон тўкмай инқилобни амалга ошириши омма учун кўчага чиқиши лозим.

- Сиз Ўзбекистонда қон тўкмай инқилобни амалга ошириш мумкинлигига ишонасизми?

- Мен ишонаман. Кўпчилик бу ғоя борасида баҳс юритиб, Қирғизистонга ўхшаш ҳодисалар содир бўладиган бўлса қон тўкилиши мумкин дейишмоқда. Аммо биз қайта қуриш даврида оммавий акциялар ўтказиш тажрибасига эга бўлганмиз. Чинакамига виждонли одамлар бизнинг митингларимиз интизомли ва тартибли ўтганини сўзлаб беришлари мумкин.

- У даврлар бошқа эди...

- Ўшанда ҳам Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ) томонидан кўплаб иғвгарликлар уюштирилган.

- Сиз нима деб ўйлайсиз, бугунги Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ДХҚдан заифроқми?

- Албатта йўқ. Баъзи ҳолатларда эса уюшганроқ ҳам деб ўйлайман. Аммо президентни лавозимидан четлатишга бизда бошқача услуб йўқ. Айни пайтда биз МХХ ва бошқа кучишлатар тузилмалар бизнинг тарафимизга ўтиши устида ишлаяпмиз. Мен армия ва махсус хизматлари тўлиқ ҳолда бизнинг тарафга ўтишини назарда тутганим йўқ. Лекин борди-ю, бу тузилмаларнинг бир қисми ҳам биз тарафга ўтиб қолса, муҳталам иғвогарликларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Бу ҳолда аксилкаримовчи кучлар катта кўмакка эга бўладилар.

- Сиз Ўзбекистонда МХХ таркибидаги кучишлатар тузилмалар мухолифат тарафига ўтишига чиндан ҳам ишонасизми?

- Ҳа, ишонаман. Республикадаги аҳволнинг ташқи кўринишига қараманг. Ишонаверинг, ҳаракатни бошлашга тайёр бўлган одамлар бор. Уларга яхши ташкилот керак, холос.

- Бу ташкилотнинг номи борми?

-Йўқ, аммо ҳаракатимизни парчалашни истаётган кучлар унинг номига қарабмҳам ўзларига керакли бўлган маълумотни аниқлашлари ва ҳаракатимизга футур етказишлари мумкин.

- Аммо сиз бу ташкилотнинг номидан сўзлаяпсизку?

- Ҳа, унинг ташкилотчиларидан бири сифатида.

- Таниқли шахслардан кимлар бу ташкилотга кирган? Уларнинг номини снаб бера оласизми?

- Афсуски, ҳатто хорижда яшаётганларнинг номини ҳам айта олмайман. Бу ҳозирча сир.

- Демак, ташкилотингиз номашруъ ҳолатда эканда?

- Ҳа, ҳозирча номашруъ. Европада ҳам каримовниг қулоқлари етарли даражада кўп.

- Сиз ҳокимият алмашувига олиб келган Қирғизистон воқеаларини эслатдингиз. Инқилобни ташкил этиш учун у ерда катта маблағ сарфланган. Сизнинг молиявий аҳволингиз қандай?

- Пулимиз бор, аммо кўп эмас. Бошлаб олишга етади. Умуман олганда қандайдир сармоялардан фойдаланмоқчи эмасмиз. Ҳал қиладиган нуқтага етиб борганимизда, одамлар кучимиз борлигини тушунадилар ва ўшанда ёрдамчилар ҳам кўпайиб қолади. Украина ва Қирғизистонда ёшлар ташкилотлари фаол ишлаган. Бизда ҳам ушбу мамлакатлардаги инқилобий ҳаракатларда иштирок этган ёшларимиз бор.

- Сиз зарғалдоқ инқилоби тайёрланаётгани ҳақида гапирдингиз. Ўз вақтида экспертлар, шу жумладан, ғарбликлар ҳам мухолифат кучлари йўқ ва оммавий ахборот воситалари расмийлар томонидан тўлиқ назорат остига олинган Ўзбекистон каби давлатда инқилоб қилиб бўлмайди деган фикрга келган эдилар.

- Кўрамиз буни. Мен ғарб экспертларига кўпам ишонмай қўйдим. Бунга ҳақим бор, Ғарб мухолифатни қўллармикан деб йигирма йил умримни сарф қилдим,. Энди бу борада ҳеч қандай хомҳаёл қолгани йўқ. Умид қиладиган ягона нарса – халқимизнинг қўллаб қувватлаши. Олдинги хатолармизни тўғриламоқчимиз, оддий одамларнинг ишончига сазавор бўладиган даражада ишлашни истаймиз. Ҳамма ишни ўз кучимиз билан қилмоқчимиз.

- Одатда, ҳозирги замон инқилобларини оммавий ахборот воситаларининг иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди, технологиялар шундай бўлиб қолган. Бошқа шароитларнинг зарурлиги ҳам рост. Ахборот вакууми шароитида мақсадларингизни қандай қилиб халққа етказасиз?

- Бу ҳақда ўйлаяпмиз, мана студиямизни ҳам яратишга улгирдик. Одамларга ахборотни варақа ва CD дисклари орқали етказамиз. Иккинчи босқичда кўчма радиостациялар ташкил этиш масаласи турибди. Шундан бошлаймиз, кейин нима қилишимиз кераклиги маълум бўлади.

- Сиз бирор марта ҳам “сарой тўнтариши” иборасини қўлламадингиз. Шунга қарамай, сизнинг унчалик равшан бўлмаган жавобларингиздан Ислом Каримов атрофидаги аёнларнинг бош кўтаришига умид қилаётганингиз кўриниб турибди.

- Бундай вариантнинг амалга ошиши бизга боғлиқ эмас. Каримов атрофидаги одамларнинг етакчиси, сиёсий дастури йўқ. Бир гап билан айтганда, улар тарқоқ. Аммо бизнинг кучайганимизни кўриб улар ҳам ҳаракатимизга қўшилишига ишончим комил.

- Яъни, кимдир асосий ишни қилиб бўлганидан кейин эканда? Пролетариат доҳийси айтганидек, учқундан олов чиқадими?

- Йўқ, бу бир оз соддалашган бўларди...Мен ярим йилдан кейинми ёки бир ярим йилдан кейинми Каримовни тахтдан ағдаришимизга ишончим комил эмас. Аммо биз ишлаяпмиз ва бу қуруқ гап эмас. Ҳаммага бир нарсани айтмоқчиман: “йигитлар, қўрқманглар, ҳали ҳамма нарса тамом бўлгани йўқ, каримов ташвиқотларига ишонманглар!”

- Санжар Умаров ҳам Ўзбекистон президентини истеъфога чиқаришни режалаганди. Қирғизистондаги 2005 йил воқеаларидан кейин у “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясини тузганди. Умаров ҳеч қачон мухолифатда бўлмаган. У бадавлат одам эди, бизнес билан шуғулланарди. У ҳокимиятни ислоҳ қила оламан дея ўйлаганди. Энди бўлса қамоқда ўтирибди.

- Мен унинг тарихини биламан. Умаров қопқонга тушиб қолди. Унга нисбатан аблаҳларча муносабатда бўлдилар ва уни ўз ҳолига ташлаб қўйдилар. У фақат Каримовнинг атрофидагиларга ва Ғарбга ишониб адашди. Ғарб унга ёрдам бериш учун ҳеч нарса қилмади.

- Ўзбекистонга қайтмоқчимисиз?

- Бундай қилиш мумкин эмас. Агар борсам мени дарҳол ҳибсга оладилар. Ўз вақтида мен беш йил қамоқда ўтиришга ҳам тайёр бўлиб муҳожирликка чиқиб кетишдан бош тортгандим. Аммо ҳозир бошқа давр келди. Кураш ҳаётва мамот учун кетмоқда.

Санобар Шерматова суҳбатлашди