22:36 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Страсбург суди “Ивановолик ўзбеклар”нинг Россияга қарши даъволарини қондирди

19.12.2008 15:41 msk

Фарғона.Ру

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 2008 йил 16 декабрь куни Россиянинг “Исмойилов ва бошқалар Россияга қарши” ишини қайта кўриш учун Катта Палатага юбориш ҳақидаги талабини қондирмаслигини маълум қилди. Шу билан Суд жорий йилнинг 24 апрель куни даъвогарларнинг барча талабларини қондирувчи ва уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш мумкин эмаслиги тўғрисида чиқарган қарори кучга кирди, дея қайд этади “Фуқаровий кўмак” қўмитаси.

Эслатиб ўтамиз, “ивановолик ўзбеклар” деган ном остида кўпроқ танилган “Исмойилов ва бошқалар Россияга қарши” иши 2005 йилда Ивановода 14 нафар ўзбекларнинг (улардан 12 таси Ўзбекистон фуқаролари ва биттадан Қирғизистон ва Россия фуқаролари) қўлга олиниши натижасида пайдо бўлди. Ўзбекистон расмийлари уларни “ортда қолган сана” асосида ўша йили май ойида содир бўлган Андижондаги қўзғолонга алоқадорликда айблагандилар.

Қўлга олингаларни 2005 йил июнь ойида Иваново шаҳар №1 тергов ҳибсхонасига жойлаштирдилар. Россия Федерал муҳожирлик хизмати (ФМХ) Иваново вилояти бўйича бошқармаси уларга Россия ҳудудида қочоқ мақомини беришдан бош тортди. Бу қарорнинг ноҳақлиги борасида бефойда шикоятлардан кейин “ивановолик ўзбек”лар муҳожирлик хизматига қайта мурожаат қилиб, Россияда вақтинчалик бошпана бериш тўғрисида ариза бердилар (айни пайтда, суд бу аризани қондирмаслик ҳақидаги қарорни бекор қилганидан кейин ариза қайта кўрилмоқда). БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси “ивановолик ўзбек”ларни мандатли қочоқ дея тан олган.

Россия Бош прокуратураси 2006 йил 31 июль куни ивановолик ўзбекларни Ўзбекистонга жиноий таъқиб этиш учун бериб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди 2006 йил 7 август куни Россия Федерацияси расмийларига экстрадицияни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берди. Страсбург судининг тегишли қарорида шикоятчилар БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси томонидан “мандатга эга бўлган” қочоқ дея тан олинганига ишорат мавжуд.

2005 йил октябрь ойида Россия фуқароси Хатам Хожиматов озодликка чиқарилди, аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг Россия фуқаролигини бекор қилиш бўйича маҳкама жараёнини бошлаб юбордилар. Хожиматовнинг Россия фуқаролигига мансублиги унинг Ўзбекистонга экстрадициясини амалга оширишга тўсиқ бўлаётганди. Хожиматов озодликда узоқ қолмаслигига кўзи етгани учун Россияни тарк этди ва БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси ёрдамида Европа мамлакатларидан бирида бошпана топди.

Ҳимоя томони “ивановолик ўзбекларни” қонунга хилоф равишда қамоқда сақлаш давом этаётгани юзасидан берган барча шикоятлар 2007 йил март ойига қадар натижасиз қолди. 2007 йил 5-6 март кунлари “ивановолик ўзбеклар”ларни тергов ҳибсхонасидан озод қилдилар. Аммо уларни озод қилиш “ОМОН”чиларнинг конвой кузатуви остида амалга оширилди. Бу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари уларни қаергадир олиб чиқиб кетиш нияти мавжудлиги борасида тахминларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Ҳуқуқ ҳимоя ташкилотларининг аралашуви туфайли бу нарсанинг олди олинди. Бунинг учун Россия ФМХ раҳбариятини ва Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили девонхонаси раҳбари В.Лукинни ҳам жалб қилишга тўғри келди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди 2008 йил 24 апрель куни даъвогарларнинг фойдасига қарор чиқарди ва Россияни Европа Конвенциясининг бир қатор моддаларини бузишда айбдор деб топди. Европа Суди қарорлари устидан шикоят қилишга ажратилган уч ойлик муддатнинг сўнгги кунида, яъни 23 июлда Россия ҳукумати Страсбург Судига ишни қайта кўриб чиқиш учун Катта Палатага юбориш тўғрисидаги талабномасини юборди. Айни пайтда маълум бўлишича, бу талабномани Суд қондиришдан бош тортган.

“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг қайд этишича, “ивановолик ўзбкларнинг” аксариятига Европа мамлакатларининг бирида бошпана берилганига анча бўлган. Аммо улар бундан ҳозиргача фойдалана олмаяптилар. Бунинг икки сабаби бор: биринчиси, уларга нисбатан Бош прокуратуранинг экстрадиция тўғрисидаги қарори ҳамон амал қилмоқда; иккинчиси, мана бир йилдан ошибдики, Россия чет элга чиқиш визаси йўқ бўлган Ўзбекистон фуқароларини уларни қабул қилишга тайёр мамлакатларга чиқармаяпти.

Европа Суди қарори кучга кирганидан кейин Бош прокуратура ўзининг “ивановолик ўзбекларни” экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорини бекор қилганида ҳар томонлама тўғри бўларди. Агар бундай қилинмаса, ҳимоя бу қарорни бекор қилиш учун қонун рухсат берган барча чораларни кўради.

Фақат мазкур 13 кишининг эмас, балки улардан ҳам кўпроқ бўлган бошқа ўзбекистонликларнинг қонуний манфаатларига ҳам тааллуқли иккинчи сабаб борасида сўз юриталидиган бўлса, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий Комиссари бошқармаси томонидан халқаро ҳимояга муҳтож деб тан олинган, аммо Россия расмийларидан қочоқ мақомини олиш борасидаги рад жавобини олган шахсларни ўз ҳудудида тўплашдан маъно йўқлигини тушунтиришга уринишлар самарасиз қолди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси шуни қайд этадики, инсон ҳуқуқлари Европа Суди томонидан Россияга нисбатан қабул қилинган қарорлари Россия Федерациясининг барча давлат идоралари учун мажбурий.