16:00 msk, 20 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Саратов вилояти муҳожирлари: Депортация қилинсинми ёки қолдирилсинми?

18.12.2008 09:47 msk

Мария Яновская (Фарғона.Ру)

Саратов вилоятида тўқсонинчи йилларда аҳолини рўйхатга олинганида бор-йўғи 123 нафар ўзбек истиқомат қиларди. Ҳозир 7200 нафар ўзбеклар ушбу вилоятда доимо яшаш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Саратов вилоятида қолиб Россия фуқаролигини олишни истовчилар сони мунтазам тарзда ўсиб бормоқда. Ўзбек муҳожирларининг оқими бу вилоятга қараб йўналмоқда, вилоятга келган муҳожирларнинг 51 фоизи Ўзбекистондан.

Бу вилоятда узум, сабзавотларнинг ҳамма тури, ҳатто қовун ва торвуз ҳам ўсади. Қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ ишлар кўп, ташландиқ ерлар ҳам анча. Одамлар ер олиб унда ишлашни бошлаяптилар. Москва ва Питерга боришга кўпчиликнинг юраги бетламаяпти. Бу ерда ун ҳам Ўзбекистонга нисбатан ўттиз фоизга арзонроқ.

Остонадан бошланувчи таҳқирлаш

Муҳожирларни тўнаш Ўзбекистонда бошланади. Россияга кетишга йўлкира пули керак. Ўзбеклар ойига 20-25 фоиз эвазига қарз оладилар. Чегарада уларга муҳожирлик карталари берилади. Русча билмаганлар “ташрифдан мақсад” деган жойига “хусусий ташриф” деган ерига белги қўядилар. Поезд проводниклари ҳам уларга меҳрибончилик қилиб “шу ерига белги қўйинглар”, деб ўргатадилар. Пировардида, уларнинг аксарияти шу сабабдан ҳам ишлашга рухсат ола олайдилар (нотўғри кўрсатилган ташриф мақсади рухсатнома бермасликка сабаб бўлади). Шунинг учун ҳам кўпчилик номашруъ ҳолда ишлашларига тўғри келади. Бунақалар қўлга тушган тақдирда мамлакатдан чиқариб юборилади.

Саратовга етиб келганларида вокзалда муҳожирларни милиционерлар кутиб оладилар ва текшириш учун паспортларини талаб қиладилар. Паспортлар фақат 300-500 рубль эвазига қайтариб берилади. Саратовдан узоқроққа, масалан Москвага кетадиган муҳожирлар кассадан чипта ола олмайдилар, аммо ўртачига 500 рубль берилса иш осон кўчади. Кўринишидан вокзал кассалари ҳам муҳожирлардан ўз улушларини олишга ошиқадилар, шекилли.

Агар муҳожир Саратовда қолишга қарор қилса, у Федерал муҳожирлик хизматида (ФМХ) рўйхатдан ўтиши ва ишлашга рухсатнома олиши лозим. Одатда муҳожир ФМХга рухсатнома олиш учун иш берувчининг вакили билан келади. Бу ерда у яшаш ва ишлаш манзилини маълум қилади. Ариза кўрилгунча муҳожир бекор ўтирмаслиги аён. Айни шу пайтда ФМХ ходимлари милиция билан ҳамкорликда текширув ўтказади ва кўрсатилган манзилда муҳожирнинг ишлаётганини аниқлашади. Пировардида, муҳожирни ҳам унга иш берган шахсни ҳам жаримага тортадилар. Текширувга ит етаклаб, фотоаппарат кўтариб келадилар ва гастарбайтерни иш устида ушлашга уринадилар. Баъзида эса ундан қўлини кўрсатишини сўрайдилар. Қўли кир бўлса – бас. Демак номашруъ ҳолда ишлаган. Жарима тўла. Протоколга қўл қўй.

Жарима қайд этилади ва муҳожирнинг маъмурий ҳуқуқбузарлигига ҳисоб очилади. Бунақа жарималар сони бир нечтага етганидан кейин – депортация.

Жарималар эса ҳар қадамда. Масалан, муҳожир қурилишда ишлайди. Муҳожирлик рўйхатидан ўтаётганида у яшаш манзилини аниқ кўрсатиши лозим. Қурилиш объектлари эса кўп, бригадани у жойдан бу жойга ташлаб турадилар. Ҳар сафар бориб рўйхатдан ўтишга ҳам вақт кетади ҳам пул. Демак, милицияга рўпара келмаслик керак. Жарима тўлашга ҳам тайёр тур.

Киши ишлашга рухсат олган бўлса, у шу муддатга рўйхатдан ўтишга ҳақи бор (агар “хусусий ташриф” билан келган бўлса уч ойга, ундан кейин ё номашруъ ҳолатга ўтасан ё ватанингга қайтиб кетасан). Ҳар қандай ҳолатда рўйхатдан ўтишнинг максимал муддати бир йил. Ҳатто меҳнат шартномаси бундан узоқ муддатга тузилган бўлса ҳам.

2008 йил биринчи ярим йиллиги натижаларига кўра Саратов вилояти ФМХ бошқармаси томонидан мкҳнат муҳожирларига нисбатан 30 мингта маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича ишлар қўзғатилган бўлиб, улардан 25 миллион рубль жарима ундирилган. Шу давр мобайнида вилоятда 19,2 минг нафар киши рўйхатдан ўтган ва улардан бор-йўғи 3900 киши ишлашга рухсат олган, холос.

Қонунчилик мутасадди ва милиционерларга айнан номашруъ муҳожирларни жаримага тортиш ва депортация қилишга кенг имкониятлар берган.

Муҳожирларнинг муаммоларини амалда ҳеч ким ҳал қилмаяпти. Шунинг учун ҳам Россиядаги муҳожирлар ўз билганларича - “ўзинг учун ўл етим” қабилида иш тутмоқдалар. Агар муҳожир яхши иш берувчидан иш топган бўлса – омади келибди. Тополмасанг, ҳаракат қилишга мажбурсан. Милицияга бориб бўлмайди: ҳатто рўйхатдан ўтган муҳожирни ҳам айбини топиб жаримага тортиш ва кейинчалик депортация қилиш мумкин. Уйга ҳам қайтиб бўлмайди. У ерда иш йўқ, оилани таъминлашга маблағ керак. Россия расмийлари муҳожирларни нормал ҳолда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб уларни номашруъ секторга “сиқиб чиқаришлари” мумкин, аммо уларни Россиядан кетишга мажбур қила олмайдилар.

Жамоатчилик кутганидек, молиявий бўҳрон ва оммавий ишдан бўшатишлар Саратовда меҳнат муҳожирларининг камайишига олиб келмайди. “Саратовдаги кўплаб қурилиш компаниялари инқироздан эсон-омон чиқиш учун меҳнат ҳақи жамғармасини қисқартишга қарор қилганларини билиб қолдим, - дейди “Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатлардан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш” лойиҳасининг раҳбари Александр Зуев. – Қурувчиларнинг кўпчилиги ҳам фақат меҳнат муҳожирларини ишга ёллаймиз дея билдирмоқдалар. Чунки, улар энг паст иш ҳақига ҳам розилар. Маҳаллий аҳолини оммавий равишда ишдан бўшатишлар шароитида эса бу сиёсат ижтимоий портлашни келтириб чиқариши мумкин”.

Мария Яновская