07:54 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Музафар Тўйчиевнинг ўлдирилиши бўйича ҳукм ўқилди. Олдинда аппеляция

16.12.2008 14:55 msk

Умар Шарифов (Фарғона.Ру)

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида 12 декабрь куни қўлга олинган 30 ёшли Музаффар Тўйчиевни ўлдиришда айбланаётган тўрт нафар милиционер устидан олиб борилаётган суд ниҳоясига етди. Улар айбдор деб топилдилар ва 8 йилдан 17 йилгача озодликдан маҳрум этилдилар.

Воқеа шундай бошланганди: 2008 йил 24 март куни уч нафар милиция ходимлари Тошкент вилоятининг Нуробод шаҳрида Музаффар Тўйчиевни қўлга олдилар. Айблов хулосасига кўра, Тўйчиев “ўғирлик ва талончилик” учун қидирувда бўлган. Унинг қариндошлари буни инкор этмоқдалар. “Қидирувда бўлмаган у, - дейди Музаффарнинг онаси Зулхумор. – Иккита укасини уйлаётганимизда ҳам Қозоғистондан тўйга келган, ўйнаган, уни кўпчилик кўрган. Уни ҳеч ким келиб сўрамаган бўлса, қанақасига қидирувда бўлади?”

Музаффар ота-онасининг манфаатларини судда ҳимоя қилган адвокат Руҳиддин Комилов ҳам ҳеч қандай қидирув бўлмаган дейди.

Айблов хулосасига кўра, милиция ходимлари Музаффар Тўйчиевни қўлга олишлари биланоқ калтаклай бошлаганлар. Ангрен шаҳар ички ишлар бўлимида Музаффар ҳеч нарсани бўйнига олишни истамагани учун калтаклашлар давом этган. 25 март куни эрталаб у вафот этди. Музаффарнинг ота-онасига кўра, ўғлининг бадани калтаклар зарбидан кўкимтир-қора рангга кириб қолганди.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида унинг ичида тўрт литр суюқ қон тўплангани қайд этилган.

Музаффар Тўйчиевнининг ўлдирилиши ошкор бўлганидан кейин Тошкент вилояти милицияси ўзининг ички текширувини ўтказди ва унинг натижасига кўра Тўйчиевни Нурободда қўлга олган ва Ангрен шаҳар ИИБга етказган уч нафар милиционерга ҳамда Анрен шаҳар ИИБ Тергов ҳибсхонаси бошлиғининг муовини Абдуқосим Исмойиловга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Тергов фаразига кўра, учта тезкор ходимлар (улардан кейин эса Исмойилов) Тўйчиевни резина таёқлари билан калтаклаганлар ва оқибатда у вафот этган.

Асосий айбланувчи тезкор ходим Азиз Аҳмедовга ва қолган айбланувчилар инспектор Жаҳонгир Ғаниев, тезкор ходим Дилмурод Пейсенов ҳамда Ангрен шаҳар тергов ҳибсхонаси бошлиғининг муовини Абдуқосим Исмойиловга Ўзбекистон Жиноят кодексининг бешта моддаси бўйича айблов эълон қилдилар.

Ўз навбатида ҳалок бўлган йигитнинг ота-онаси бор-йўғи тўрт кишининг жиноий жавобгарликка тортилишидан норози бўлдилар. Улардаги бор маълумотларга кўра, Музаффарни қийнашда иштирок этган милиция ходимларидан фақат баъзилари судга тортилдилар, холос.

Бу ҳақда судда сўзга чиққан гувоҳлар ҳам айтиб ўтишган. Ўша куни милиция подвалида ўтирган Карим Мирзабоев судда қуйидагиларни сўзлаб берди: “Эркак кишининг бақириғини эшитдим. Тирқишдан қараб Абдуқосим Исмойиловнинг Музаффар Тўйчиевни ураётганини кўрдим. Кейин Тўйчиевни қўли кишанланган ҳолда кроватда ётганини кўрдим”.

Гувоҳнинг айтишича, у Тўйчиев билан эшик тирқиши орқали гаплашган. Тўйчиев Каримга милиционерлар унинг 370 минг сўм (270 доллар) пулини, 50 доллар пулини ва қўл телефонини олиб қўйишганини айтган. Мирзабоевга кўра Музаффар Тўйчиевнинг камерасига бошқа милиция ходимлари: бошқа Азиз, Акбар ва Хуршидлар киришган.

Мирзабоевдан кейин судда Санжар Ғоипов деган гувоҳ кўрсатма берди. Унга кўра Абдуқосим Исмойилов Ғоиповни огоҳлантириб ҳеч нарса кўрмагансан ва эшитмагансан деб айтган. Ғоиповга кўра Музаффарнинг бошига противогаз кийгизиб уришган. “Хуршид исмли милиционернинг Тўйчиев ўтирган камерадан противогаз олиб чиқаётганини кўрдим”, - дейди у.

Ушбу кўрсатмаларга қарамай қолган ангренлик милиционерларга (Ангрен шаҳар ИИБ бошлиғи Шуҳруддин Асилхўжаев, тергов бўлимининг бошлиғи Р.Толипов, шунингдек, Иброҳимов, Саттаров, Мамажонов, Умурзоқов, Шукуров, Исақулов, Эсонов) қарши жиноят ишлари қўзғатилмай ишларини ажратиб қўйдилар ва 23 августдан ке йин уларни умуман тинч қўйдилар. Уларни суд давомида сўроққа тутилганида бирортаси ҳам Тўйчиевнинг ўлимига алоқадорлигини тан олмади.

Бевосита айбланувчилар ҳам ўзларини Тўйчиевнинг ўлимида айбдор эмаслигини билдирдилар. Инспектор ва икки тезкор ходим Тўйчиевни Нурободда қўлга олганларидан кейин уни Ангрен ички ишлар бўлимига соғ-саломат топшириб Нрободга қайтиб кетганларини билдирдилар. Абдуқосим Исмойилов ҳам ўзини бегуноҳлигини билдирди.

Музаффарнинг ота-оналари ҳам шундай фикрда. Уларга кўра, ҳақиқий қотиллар четда қолиб жавобгарликдан қутилиб қолганлар ва айбни бошқаларга ағдарганлар.

- Биз ҳукмдан норозимиз, - дейди Музаффарнинг онаси Зулхумор. – Ҳақиқий қотиллар ўз иш жойида қолганлар. Нурободликлар уни ИИБга етказиб келдилар, холос. Ангренликлар эса ўлдирдилар. Уларни судга чақиришди, аммо улар ўзларини оқлаб олдилар. Тергов давомида улар керакли ҳужжатларни сохталаштириб олдилар.

Музаффарнинг онасига кўра, ишни “ёпди-ёпди” қилишлари учун воситачилар орқали унинг оиласига 30 минг доллар таклиф этишган. Аммо у ўғлининг қотилларини жазоланишини истаган.

Айни пайтда Музаффар Тўйчиевнинг ота-онаси аппеляцияга ариза беришмоқчи. Музаффарнинг хотини ва учта боласи қолган. Учинчи бола Музаффар вафотидан кейин туғилган.