07:54 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши Ўзбекистондаги аҳвол тўғрисидаги ҳисоботни тинглади

14.12.2008 11:08 msk

Фарғона.Ру

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгаши аъзоларининг Ўзбекистондаги аҳвол бўйича фикрлари бўлинди. Мунозара иштирокчиларининг баъзилари Тошкент мутасаддиларининг ҳисоботини ишонарсиз деб топдилар ва Ўзбекистон расмийларини ҳуқуқ ҳимоя фаолларини қамоқдан озод этишга, журналистларни таъқиб этишни тўхтатишга ва умуман олганда, инсон ҳуқуқларининг асосий тамойилларига ёндошишга чақирдилар. Бошқалари ўзбекистонлик мутасаддиларни очиқдан-очиқ қўлладилар.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги аҳвол ўтган пайшанба, 11 декабрь куни Женевада Универсал Даврий Муҳокама (Universal Periodic Review) давомида муҳокама қилинди, дея хабар беради «Озодлик» Радиоси.

Олдин хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегациясини мамлакат президентининг тўнғич қизи, Ўзбекистоннинг БМТ қошидаги доимий вакили Гулнора Каримова бошқариши кутилганди. Аммо миллий ҳисоботни сўнгги президент сайловларидаги номзодлардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов тақдим этди.

А.Саидовдан ташқари кенгашда мамлакат Бош прокурорининг ўринбосари Алишер Шарофиддинов, Ўзбекистон Омбудсмени (Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили) Сайёра Рашидова ва ИИВ Жазони ижро этиш департаментининг бошлиғи Абдукарим Шодиев сўзга чиқдилар. Улар кенгаш аъзоларига Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофидаги аҳволнинг «сезиларли даражада яхшилангани», айни пайтда қийноқлар муаммосини ҳал этиш бўйича имкон даражадаги барча ишлар қилинаётгани, жазо тизимининг ва мажбурий болалар меҳнатининг шаффофлиги ҳақида сўзлаб бердилар. Ҳисоботчиларга кўра, Ўзбекистонда нодавлат ташкилотларининг фаолияти мунтазам равишда кенгайиб бормоқда, бунинг учун мамлакатда ҳатто нодавлат ташкилотларининг миллий ассоциацияси ва уларни қўллашга қаратилган жамғарма тузилган.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон делегацияси ҳисоботига кўра, «муваффақият ила фаолият юритаётган» нодавлат ташкилотлари орасида асосан «Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми жамғармаси» ва расмийларнинг расман ва норасман ҳомийлиги остидаги фаолият юритаётган бошқа нодавлат ташкилотлари мавжуд, холос.

«Немис тўлқини» хабар беришича, уч соат давом этган муҳокамада Кенгашнинг эллик беш аъзолари ва кузатувчилари иштирок этганлар. Бир қатор делегациялар, шу жумладан, Россия, Беларусь, Эрон, Озарбайжон, Хитой ва Куба вакиллари мамлакатда эришилган баъзи бир ижобий ютуқларни қайд этдилар.

Аммо мунозаранинг қирқ етти нафар аъзоси Ўзбекистонга нисбатан танқидий фикрлар билан чиқдилар. Хусусан, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиларни озод этиш; нодавлат ташкилотларининг эркин фаолиятини таъминлаш; ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қийноқлар қўллаш ва ёмон муомала қилишга қарши шикоятларни кўриб чиқиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўриш, суд тизими мустақиллигини кафолатлаш масалалари кўтарилди.

Канада, Швеция ва Буюк Британия вакиллари айниқса кескин чиқиш қилдилар. Улар Ўзбекистонда 2005 йил фожеавий воқеалардан кейин инсон ҳуқуқлари атрофидаги вазият фақат ёмонлашиб бораётганини, шунинг учун ҳам ўзбекистонлик мутасаддиларнинг ҳисоботига ишониб бўлмаслигини билдирдилар.

Шунингдек, сўзга чиққанлар ўзбекистонлик диндорларга кўпроқ эркинлик берилиш истагини изҳор этдилар. Матбот эркинлигига кўпроқ йўл бериш ҳамда маҳаллий ва чет эллик журналистлар учун қўлланилаётган чекловларни олиб ташлаш; йиғилиш ўтказиш эркинлиги ва нодавлат ташкилотлари фаолияти эркинлигини таъминлаш, ва ҳали озодликка чиқарилмаган ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилиш борасида тавсиялар берилди.

Бошқа сўзга чиққанлар 2005 йил Андижон воқеаларини батафсил текшириш учун мустақил комиссия тузиш лозимлиги тўғрисидаги масалани, Ўзбекистон қонунчилигида қийноқ иборасини Қийноқларга қарши халқаро конвенцияга мослаш, жиддий суистеъмоллар ва инсон ҳуқуқларини бузганлик учун барча шахсларнинг жазоланишини таъминлаш лозимлиги борасидаги масалани яна кўтардилар.

Россия делегацияси Ўзбекистонда “мамлакатнинг демократик янгиланишида эришган прогресси, парламент, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятлари институтлари таъсирининг кучайиши, суд-ҳуқуқ тизимининг лебераллашуви ва гуманлашуви, инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот-оқартув ишларидан” қониқишини қайд этиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ кенгашининг аъзоси сифатида Россиянинг бундай кўз қарашлари нималарга асослангани номаълум. Балки, Россия делегациясида Ўзбекистондаги аҳвол борасида журналистлар, мустақил экспертлар ҳамда бу мамлакатнинг миллионлаб фуқароларининг гувоҳликларидан ўзгача бўлган қандайдир ўзининг хусусий маълумотлари бордир.

Ўзбекистон бўйича ҳисоботни қабул қилиш 15 декабрь кунга режалаштиришлган. Шу пайтгача Ўзбекистон бўйича воизлар – Миср, Индонезия ва Никарагуа вакиллари музокаралар давомида қайд этилган барча фикрларни ягона ҳужжатга жамлашлари лозим.