14:34 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Гулнора Каримова инсон ҳуқуқлари учун жавоб беради

11.12.2008 11:14 msk

Фарғона.Ру

2008 йил 11 декабрь куни соат 9 дан 12 гача Женевада Универсал Даврий Обзор (Universal Periodic Review) - УДО (UPR) сессияси доирасида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига оид ишлар кўрилади.

Бу сессия БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 15 март кунги № 60/251 Резолюцияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2007 йил 18 июнь кунги № 5/1 Резолюцияси асосида УДО (UPR) механизми таъсис этилганидан кейин учинчиси бўлиб қолмоқда. Ўзбкистон учун ушбу механизм доирасидаги биринчи обзор бўлиб, кейингиси тасдиқланган регламентга кўра тўрт йилдан кейин бўлиб ўтади.

“Учлик” олдида туриб жавоб бериш

Одатда, ушбу механизм сессиялалари доирасидаги жараёнда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши процедураларига мувофиқ олдинроқ сайланган воизлар – “rapporteurs” (бу уч киши турли мамлакатлардан сайланган “учлик”) билан ҳуқуқ ҳимояси борасидаги аҳвол кўрилаётган ҳар бир конкрет мамлакат делегацияси ўртасида интерфаол диалог содир бўлади.

Эътибор нишонида турган давлат делегацияси одатда вазир даражасидаги олий мартабали мутасаддилардан ташкил топади. Уларга раислик қилувчи “учлик” саволлар беради.

Ўзбекистон делегацияси томонидан олдиндан тайёрланган ҳисобот тақдимотига бир соат ажратилган. Муҳокама давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарининг (OHCHR) тузилма бўлинмалари томонидан тўпланган Ўзбекистон ҳақидаги ахборот, шунингдек, OHCHR офиси томонидан таҳлил қилинаётган давлатда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазиятни мустақил равишда баҳоловчи нодавлат-нотижорат ташкилотларининг (ННТ ёки NGO) ҳисоботлари асосида тайёрлаган материаллар кўриб чиқилади.

Берилган саволларга делегация раҳбарининг бевосита шахсан ўзи жавоб бериши ёки у буни делегация аъзоларидан бирортасига топшириши мумкин.

Мажлисдан кейин икки кун давомида раислик қилаётган “учлик” УДО (UPR) Ишчи гуруҳига икки қисмдан иборат бўлган ҳисоботини тақдим этади. Ҳисоботнинг биринчи қисмида томонлар ўртасида бўлиб ўтган мунозара умумлаштирилади, иккинчи қисмда кўрилаётган мамлакат учун тавсиялар тақдим этилади. Ишчи гуруҳи ҳисоботни тасдиқлаб БМТ қошидаги Инсон ҳуқуқлари кенгашига юбаради.

Ўзбекча хусусиятлар

11 декабрь куни кўриладиган Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари атрофида юзага келган вазиятнинг шарҳида бир неча қизиқарли ҳолатлар мавжуд. Биринчидан, Европа Иттифоқи яқиндагина Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимояси борасидаги аҳвол яхшиланди дея бу мамлакатга нисбатан киритган санкцияларнинг бир қисмини бекор қилганди. Ҳолбуки, инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ вакиллари томонидан берилган тавсияларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистон расмийлари томонидан бажарилмаяпти.

Иккинчидан, УДО (UPR) Ишчи гуруҳининг маълум қилишича, Ўзбекистон делегациясини Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи, республика ташқи ишлар вазирининг муовини, Ўзбекистоннинг БМТ қошидаги доимий вакили Гулнора Каримова бошқармоқда.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларининг бузилишига мисол тариқасида Зулфия Ботированинг аризаси кўрилади.

Зулфия Ботированинг отаси Зафар Ботиров “Урганчтрансгаз” корхонасининг бош директори бўлиб ишлаган. Ўзбекистонинг “адолатли суди” уни ўз вақтида озодликдан маҳрум этганди. Гап шундаки, маҳкум отасининг ҳимояси учун БМТ Олий Комиссарига мурожаат қилган аёл қачонлардир Гулнора Каримованинг яқин дугонаси, Тошкентдаги олийгоҳда ўқиб юрганида курсдоши бўлган

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 47 кишидан иборат. Уларни БМТ Бош Ассамблеясда уч йил муддатга сайлайдилар. Айни пайтда Кенгаш таркибига қуйидаги мамлакатлар кирган:

Озарбайжон, Ангола, Бангладеш, Боливия, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Габон, Гана, Гватемала, Германия, Жибути, Миср, Замбия, Ҳиндистон, Индонезия, Иордания, Италия, Камерун, Канада, Катар, Хитой, Куба, Маврикий, Мадагаскар, Малайзия, Мали, Марокаш, Мексика, Нигерия, Голландия, Никарагуа, Покистон, Перу, Корея Республикаси, Россия, Федерацияси, Руминия, Саудия Арабистони, Сенегал, Словения,

Буюк Британия Бирлашган Қироллиги ва Шимолий Ирландия, Украина, Уругвай, Филиппин, Франция, Швейцария,

Шри-Ланка, Жанубий Африка, Япония

Зафар Ботиров бир вақтлар “Ўзбекнефтегаз” давлат холдинги раёсати раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Ушбу давлат ширкати раҳбарларига яқин бўлган манбаларнинг таъкидлашларича, Ботировга нисбатан жиноят иши очилишининг сабаби унинг ўзи бошқараётган давлат корхонаси манфаатларини астойидил ҳимоя қилганида бўлган. Бу эса ўз навбатида Швейцарияда рўйхатдан ўтган “Zeromax” компаниясининг йўлига тўғаноқ бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, Гулнора Каримова ўзининг хос одамлари орқали ушбу компанияга эгалик қилади.

Зафар Ботиров ва “Zeromax” манфаатлари ўртасидаги можароларнинг ишончли эканлигига шу нарса далил бўладики, авваллари Ўзбекистон нефть ва газ секторида кўп миллион доллар қийматга эга бўлган ишларни бажариб келган “Урганчтрансгаз” корхонаси ўрнига эндиликда “Zeromax” бажармоқда.

“Фарғона.Ру” Универсал Даврий Обзори жараёни ортидан кузатиб боради ва у ниҳоясига етганида муштарийларни УДО (UPR) ҳисоботи ва тавсиялари билан таништиради.

Материал ҳуқуқ ҳмоячиси Артур Ребель кўмагида тайёрланди, Женева, Швейцария