21:58 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Немис легионерининг Ўзбекистондаги қайғули қисмати

07.12.2008 11:45 msk

Ўз ахб.

Ўзбекистонда футбол №1 спорт дея эътироф қилинганидан кейин мамлакатда ҳеч қаерда йўқ футбол маъмурчилиги тизими юзага келди. Оддий клубларнинг “от отдан қолса қулоғини кес” маромида иш тутиб “Бунёдкор”га ўхшаш клубларга тақлид қилишга уринишларига қараб туриб кулгингиз келади баъзан.

Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давраси якунига етган бир пайтда, Ғузорнинг “Шўртан” клуби ҳам “осилсанг баланд дорга осил” қабилида иш тутмоқчи бўлиб жамоа бош мураббийи лавозимига ўтмишда машҳур совет футболчиси, Евро-1988 юлдузи Виктор Пасулькони таклиф этди.

Шу билан бирга, “Шўртан” раҳбарлари бир неча чет эллик футболчиларни таклиф этмоқчи бўлди. Хусусан, германиялик Жюльен Отенг-Ненталь билан шартнома тузилди. Ўшанда кўпчилик ёш футболчининг қўрқмай Қашақадарёга келганига ҳайрон бўлгандилар.

Тахмин қилишимизча, “Шўртан” клуби тез орада катта муваффақиятларга эришишни ваъда қилиб вилоят раҳбарларидан катта миқдорда маблағ олган. Аммо муваффақиятлар келавермагач, “Шўртан” раҳбарлари кўп ўйлаб ўтирмай пулларни тезроқ сарф қилишга, яъни, қарзларидан қутилишга, ходимларига маош беришга қарор қилганга ўхшайди.

Жюльен агенти шартнома имзолангани учун 12 минг доллар ва ойига 3 минг доллардан маош тўлашни талаб қилган. “Шўртан” осонлик билан рози бўлди. Маҳаллий ҳомийлар берган пул аллақчон жойини топиб кетган, уларга ҳисобот бериш керак. Шунинг учун ҳам клуб учун шартномадаги пул миқдорининг аҳамияти йўқ эди.

Шундай қилиб Жюльен Ўзбекистонда футбол ўйнай бошлади, унга пулни уч мартада бўлиб беришга ваъда қилдилар, маошни ҳам бир оз кутишга тўғри келади дейишди.

Октябрда Тошкентда Осиё-2008 ёшлар чемпионати ўтаётганида унга бир ҳафтага таътил бердилар ва уйига бориб келишга ижозат бердилар. Йўл харажатларини ҳам клуб кўтарадиган бўлди. Фақат ҳозирча футболчи авиачиптани ўз ёнидан олиб туриш керак эди. Кейинроқ клуб унга пулни тўла ҳолда тўлашга ваъда қилди.

Мурод исмли клуб раҳбарларидан бири унинг паспортини ОВИРда қайд этиш учун олиб кетди.

Паспортни аэропортга олиб келдилар, назоратдан ўтган футболчи ундаги виза муддати бир ҳафтадан кейин тугашини кўриб қолди (визага қўлда тузатиш киритиб қўйишибди). Шунга қарамай футболчи Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди.

Қайтиб келганида эса Жюльен Ўзбекистонга кира олмади. Виза муддати ниҳоясига етгани учун. У аэропортдаги транзит ҳудудда 72 соат қолиб кетди.

Клуб ходимларидан ҳеч ким унинг телефон қўнғироқларига жавоб бермади. Фақат мураббий Виктор Пасулько уни қўллашга ва вазиятни аниқлаштиршга уринди, холос. (Айтгандек, Шўртан футбол клубининг сайти 7 ноябрь куни тарқатган хабарга кўра, Пасулько бош мураббий вазифасидан озод этилган).

Жюльенни Германияга депортация қилдилар, “Шўртан” раҳбарлари унинг визаси тўғрисидаги масалани ҳал қилишга уринмади ҳам. Шундай йўл билан клуб раҳбарлари футболчига маош беришдан қутилдилар шекилли.

Футболчи Ўзбекистоннинг Германияда элчихонасидан виза олиб шартномада кўзда тутилган ҳақини талаб қилгани республикага қайтиб келди.

Шу билан бирга у Ўзбекистон Футбол Лигасига шикоят билан мурожаат қилди. “Шўртан” клубининг бошлиғи Икром Норчаев олдинига барча айбловларни инкор этди, кейин бўлса Жюльенни аҳлоқсизликда ва бузуқиликда айблай бошлади.

Аммо Норчаевдан фарқли ўлароқ Лига раҳбарлари билан учрашувга келишдан қўрқмаган Жюльен биринчидан Ғузорда аҳлоқсизлик, ичкиликбозлик қиладиган жойнинг ўзи йўқ, кейин бундай ишларни қилишга пули ҳам йўқлигини айтиб айбсизлигини исботлашга уринди.

Аммо гап Жюлбеннинг ичган-ичмаганликда эмас, балки клуб ўзининг шартнома мажбуриятларини бажаришида. Ҳар ҳолда клуб шартномани бекор қилар экан, бу ҳақда футболчини хабардор қилиши ва унга қарзларини тўлаши лозим эди.


“Шўртан” футбол клуби. “Шўртан” ФК сайтидан олинган фотосурат

Айни пайтда футбол клуби билан футболчи ўртасидаги можаро бартараф этилмаган. Жюльенга кўра, Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси унга вилоят раҳбарларига мурожаат қилишни маслаҳат берган. Боз устига, Жюльенга бериладиган маош миқдори Лига муҳри билан тасдиқланган расмий шартномада эмас, балки шартноманинг иловасида кўрсатилган бўлиб бу ҳужжатда футболчи ва ФК раҳбари Норчаевнинг имзоси бор, холос.

Лига учун илова ҳужжат ўрнини боса олмайди. Аммо Жюльенга кўра, футбол маъмурлари унинг иши билан шуғулланишни истамаяптилар. Бўлмаса улар клуб раҳбариятига таъсир ўтказа олишлари мумкин эди.

Афсуски, немис футболчиси Ўзбекистон футболида юзага келган вазият билан яхши таниш эмас. Шунинг учун ҳам у ўзининг ишини ҳал қилиш учун анча кўп нарсаларни ўзгартириш лозим бўлишини тушунмайди.

Ҳозир Жюлбен Отенг-Ненталь Германияга қайтиб кетмоқчи ва ўзининг агентига “Шўртан” (Ғузор) клуби раҳбарлари билан музокара олиб боришга имконият бермоқчи. Аммо, агент футбол клубида йўқ бўлган пулни олишга муваффақ бўлармикан?

Завмонавий дунёда футбол бизнес саналади. Футболда юзага келган вазият миллий иқтисодиётдаги умумий аҳволнинг кўзгуси бўлиб қолади. Футбол клублари бошқаруви тизими ҳам мамлакатдаги мавжуд тизимни акс эттириши муқаррар.