14:36 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

БМТ сессиясида ҳуқуқ ҳимоячилари Андижон, Ўзбекистондаги қийноқлар ва эркинликларнинг йўқлиги ҳақида сўзлаб берадилар

30.09.2008 15:09 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” аввал хабар берганидек, 2008 йил декабрь ойида Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича сессиясида Ўзбекистондаги вазиятни муҳокама қилиш доирасида илк бор халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботлари тингланади. Уларнинг маълумотлари БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича веб-сайтида чоп этилган. Улар тақдим этган маълумот асосан 2004 йил 1 январидан кейин содир бўлган воқеа-ҳодисаларга бағишланади. Қайд этиш жоизки, БМТ сессиясида илк бор Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фаолларининг маълумотлари кўрилади. “Фарғона.Ру” муштарийлари эътиборига ҳуқуқ ҳимоячилари тайёрлаган ҳисоботлардан айрим лавҳаларини тақдим этамиз.

Суд маҳкама жараёни ва қийноқлар масаласи

Инсон ҳуқуқлари бўйича VERITAS ёшлар ҳаракатининг билдиришича, ўзбекистонлик судьялар маҳкама жараёнида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга таянмайдилар. VERITAS ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятида шаффофлик ва профессионализмнинг йўқлиги ҳамда далил ва исбот олиш учун қийноқлар қўлланишига олиб келишини қайд этади. Ташкилот ҳисоботида ҳибсга олинган шахсларнинг оилалари ўз вақтида хабардор қилинмаслиги, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, қўлга олинган киши ўз адвокати ва қариндошлари билан дастлабки 24 соат давомида боғлана олмаслиги айтилган.

International Commission of Jurists (ICJ) ташкилотининг маълум қилишича, Ўзбекистон жиноят ҳуқуқ тизими одил судлов кафолатини таъминламайди. Судлов ҳокимияти гумонланувчи шахсларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун мустақиллик кучига эга эмас.

Mothers against death penalty (Оналар ўлим жазосига қарши) ташкилоти Ўзбекистонда қамоқда сақлаш шароитларини инсонийликка зид каби малакалайди. Amnesty International қўлга олинганларга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қийноқлар қўллашидан жиддий тарзда ташвиш билдирмоқда. Қийноқлар қўлланиши ҳақида нафақат жабрланганлар, балки собиқ ҳукумат аъзолари ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҳам маълум қилмоқдалар.

Human Rights Watch (HRW) Ўзбекистон ҳукумати Қийноқлар бўйича махсус воизининг 2003 йилда берган тавсияларини тўла ҳолда амалга оширишга ноқобил дея ҳисобламоқда. ICJ ташкилотига кўра, тергов давомида адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи таъминотининг аҳволи яхши эмас. Ҳукмлар асосан қийноқ остида олинган иқрорлар асосида чиқарилади.

Bureau on Human Rights and Rule of Law (BHRRL) ташкилотининг маълум қилишича, маҳкумларга тиббий ёрдам кўрсатиш аҳволи малакали эмас, флюрография деярли ўтказилмайди, маҳбусларнинг аксарияти сил дардига чалинган. Овқатланиш, иқлим ёмонлигидан маҳкумларнинг саломатлиги ёмонлашмоқда. BHRRL қайд этишича, қамоқхоналарнинг кўпида болалар катталар билан бирга сақланмоқда, бу эса Жиноят-процессуал кодексга зид келади. Камералар тўлиб-тошиб кетган, уларнинг ёритилиши, вентиляция ва иситилиши етарли эмас. Аёллар учун жазони ўташ колониясида балоғатга етмаган аёллар бўлими йўқ.

VERITAS маълумотига кўра, давлатга қарши, диний ва сиёсий сабабларга кўра айбланган ва муҳкум бўлган шахсларга нисбатан қаттиқроқ тартиблар қўлланилади. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) диний сабабларга кўра қамалганларни ибодатларини адо этишда чеклаб қўйилганлар, кўпинча уларга номоз ўқишни тақиқалаб қўйишмоқда.

Қонунга кўра, омбудсмен исталган пайтда, олдиндан огоҳлантирмай истаган қамоқхонани назорат қилиш ҳуқуқига эга. Аммо шунга қарамай, Ўзбекистонда омбудсмен институти ижроя ҳокимиятига тўлалигича қарам бўлгани учун у турмаларни бориб кўргани билан вазиятга енгиллик кирита олмайди.

Андижон

HRW Ўзбекистон расмийларининг Андижон шаҳрида 2005 йил май ойида тинч намойишчиларни қатли ом қилганини эслатмоқда. Ташкилотнинг қайд этишича, Ўзбекистон ҳукумати ўшандан бери тарихни ўзгартиришга ва бўлиб ўтган воқеларнинг расмийлардан фарқ қилувчи талқинларни жим қилишга уринмоқда. 2005-2006 йиллар давомида ўтган маҳкамаларда юзлаб одамлар айбдор деб топилганлар ва узоқ муддатларга қамалганлар. Қатли омдан кейин қўшни мамлакатларга қочиб кетган одамларнинг қариндошлари репрессия остига олинган. Уч йил ўтганига қарамай, ҳукумат тазйиқи туфайли мамлакатдан қочаётган андижонликлар оқими тўхтагани йўқ.

Amnesty International Ўзбекистон расмийлари Андижон фожеасининг мустақил халқаро текширувининг ўтказилишига ҳамон қаршилик кўрсатмоқдалар. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкентдаги офиси 2006 йилда расмийлар босими остида ёпилган. ICJ ўз ҳисоботида ЕХҲТ мутахассислари ўн беш киши устидан бўлиб ўтган суд материалларида жиддий камчиликларни, шу жумладан, мустақил адвокатларнинг йўқлиги, ҳамда жамоатчилик вакилларининг судда иштирок этмаганларини аниқлаганларини қайд этмоқда.

Виждон эркинлиги

Human Rights Without Frontiers International (HRWFI) қайд этишича, Ўзбекистон Конститутцияси виждон эркинлигини кафолатлагани ва динни давлатдан ажратишни кўзда тутгани билан амалда бунга зид ишлар бўлаётганини қайд этади. Ҳукумат ислом динини ўз назорати остига ҳамда Ўзбекистон Уламолар кенгашининг молиялаштиришини ўз зимасига олган. Уламолар кенгаши диний ҳутбаларни ва ислом мавзусига оид нашр этиладиган адабиётларни кузатиб келади. Баъзи исломий гуруҳларга экстремизда гумонланганлари учун рўйхатга олишдан рад этилган.

Дин ва жамият сиёсати масалалари бўйича институти (IRPP) қайд этганидек, соқол қўйган мусулмон эркаклар ва рўмол ўраган аёлларни ишдан бўшатишмоқда, олий таълим муассасаларидан ҳайдашмоқда. «Форум 18» (F18) Янгиликлар хизматининг хабар беришича, Саудия Арабистони 25 минг кишига хаж қилиш учун жой ажратганига қарамай, мамлакатдан хажга йилига беш минг киши боради, холос.

HRW ташкилотига кўра, ўзбекистонлик расмийлар кўп йиллар давомида тинмай ва оғишмай давлат назоратидан четда бўлган мусулмонларни ёки рўйхатга олинмаган диний ташкилотлар аъзоларини ҳибсга олиш ва уларни қийноққа солиш бўйича кампанияларини давом этмоқдалар. Оддий диндорларга “диний экстремист” тавқи лаънати осилмоқда.

Ҳаракат эркинлиги

HRW ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда турар-жойда рўйхатга олиш (прописка) амалиёти сақланиб қолган ва пойтахт Тошкентни “ёпиқ” шаҳар бўлиб қолган. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида туғилган фуқаролар ҳукумат қошидаги махсус қўмита рухсатисиз Тошкентда рўйхатдан ўтиб яшай олмайдилар. Шунинг учун ҳам Тошкентга иш излаб келган одамларнинг аксарияти қонуний мақомдан ташқарида қолиб кетмоқда, уларнинг ҳуқуқлари чекланиб, болалари ўқишдан ва тиббий ёрдам олишдан маҳрум бўлиб қолмоқдалар.

Human Rights in Central Asia ташкилоти Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси мамлакатдан чиқиб кетишидан олдин ички ишлар вазирлигидан рухсат берувчи виза олишга мажбурлигини эслатади. Кўп ҳолларда расмийлар ҳуқуқ ҳимоя фаолларига, сиёсий мухолифат вакилларига ва журналистларга виза беришдан бош тортмоқдалар. Ўзбекистон жиноят кодексининг 223 моддаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган фуқароларга нисбатан ўн йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади. Ташкилот маълум қилишича, сўнгги икки йил давомида чет элга чиққан фуқаролар Ўзбекистонга қайтганларидан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан сўроққа тутилган.

Сўз эркинлиги

HRW маълум қилишича, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат остига олинган. Айни пайтда камида олти нафар журналист узоқ муддатга қамалган. Уларнинг кўпи мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар. Цензурани тақиқловчи ва сўз эркинлигини таъминловчи қонунларнинг мавжудлигига қармай, амалда цензура оддий ҳолга айланган, сўз эркинлиги эса қатъий чекланган.

Centre of Extreme Journalism in Uzbekistan қайд этишича, мамлакатда умуман мустақил ОАВ йўқ, журналистлар эса давлат пропагандасининг қуролига айланиб қолганлар.

HRW ҳисоботида айтилишича, чет эллик мухбирларга ҳамда чет эл оммавий ахборот хизматларида ишловчи Ўзбекистон фуқароларига аккредитациясиз ишлашга рухсат берилмаган. Би-би-си, Озод Европа Радиоси/Озодлик Радиоси, Немис тўлқини, Уруш ва тинчликни ёритиш бўйича институти каби халқаро янгиликлар бюролари Ўзбекистондаги фаолиятларини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлдилар.

Сўнгги беш йил давомида расмийлар мунтазам равишда Ўзбекистондаги воқеаларни ёритувчи ижтимоий-сиёсий интернет ресурсларга тўсиқ қўйган. Интернет фойдаланувчилар бир неча юзлаб сайтларга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг сессияси 2008 йил 1-12 декабрь кунлари бўлиб ўтади.