22:34 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Эллин Йонсон: “Ўзбекистон расмийлари муваффақият ила Андижон ҳақидаги янги ҳақиқатни яратдилар”

28.09.2008 04:02 msk

Феруза Жоний суҳбатлашди

Швецияда журналист Элин Йонссоннинг 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган воқеларга бағишланган “Оммавий қотилликни яшириш санъати” китоби нашрдан чиқди. Эллин Йонсон икки йилдан зиёд вақт давомида ишлаган ўзининг бу китобида 2005 йил 13 май фожеавий воқеалардан олдин содир бўлган ҳодисалар, тинч фуқароларнинг қатлиоми ҳақида ва андижонлик қочоқларнинг тақдири тўғрисида ҳикоя қилади.

Эллин Йонссон Марказий Осиёдаги аҳвол ҳақида билганлари узун-қулоқ гаплар ортидан эмас. Тез кунлар ичида у Қирғизистонда суратга олган ва гастарбайтерлар ҳаётига бағишланган фильмининг премьераси бўлиб ўтади. Биз Элиндан китоб ва фильм ҳақида сўзлаб беришини сўрадик.

Фарғона.Ру: - Элин, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон сизни нимаси билан қизиқтириб қўйди?

Элин Йонссон: - 2005 йилда Швейцариянинг CIMERA (Civic development. Media support. Research and analysis – “Фуқаролик тараққиёт. Медиа кўмак. Тадқиқ ва таҳлил”) оммавий ахборт воситаларини қўлловчи ташкилотнинг тавсиясига мувофиқ Ўзбекистонда “Даракчи” газетасида консультант вазифасига ишлашга таклиф этилганман. Май ойида Тошкентда иш бошлаганман.

Андижонда ғалаёнлар бошланиши билан ўша ерга боргим келди, аммо “Даракчи” буни истамади. У ерда бўлаётган воқеалар ҳақида ҳеч ким индагани йўқ эди. Ўн учинчи май куни эса менга Андижонда отишма бошланганини маълум қилдилар.

Мен Даракчи бу ҳақда ҳеч нарса ёзмаслигини тушунганимдан кейин у ердан қочиб кетдим. Мен бош муҳаррирдан Андижон воқеалари ҳақида нима деб ўйлайсиз, деб сўрасам у менг “Вой, вақтим йўқ мани бу нарсаларни кузатишга, манга қизиғи йўқ буни”, деб жавоб берди. Шунинг учун ҳам у ердан қочиб кетдим, ахир мен журналистман-ку! Халқаро ОАВ билан ҳамкорлик қилаётган мустақил журналист дўстларим олдига бордим, улар менга ёрдам бердилар – хона ажратиб компьютер, телефон қўйиб бердилар. Биз бирга ишлай бошладик. Андижонга телефон қилиб интервью олдик, кейин битта дўстим билан бирга у ерга йўл олдик.

Журналистлик аккредитациям йўқ эди, мамлакатга бизнес визаси билан келганим менга ёрдам берди. Йўлда милиция тўхтатганида, рус тилини тушунмайман деб туриб олдим. “У журналист эмасми?”, деган саволга йўлдошларим бу аёл рассом, Фарғонага маҳаллий мусаввирларнинг суратларини олгани кетаяпмиз, дея жавоб беришди. Шунинг учун ҳам Андижондан қайтаётганимда бир неча картина сотиб олдим ва кейин “Қамчиқ” довонида милиционерларга кўрсатдим.

Андижонда бир неча кун ишладик. Маҳаллий аҳолидан, фожеанинг бевосита шоҳидларидан интервью олдик, шаҳар кездик жамоат транспортида эмас албатта. Ҳар ҳолда бир марта маршруткада ҳам юрдим, юзимни ўраб олиб.

Фарғона.Ру: - Шаҳар ўша кунлари қандай эди?

Элин Йонссон: - Кўчада қон изларини кўрдим, ёнган театрни, турмани ёнидаги танк билан. Аҳоли қўрқув ичида яшаётган эди. Расмийлар уларга марҳумларнинг ҳақига маросим ўтказишни тақиқлаганидан ғазабда эди улар. Қайга борсак одамлар олдимизга келишар, қайғулари ҳақида сўзламоқчи бўлишар, аммо улар қўрқардилар. Микрофонимни кўриб сўзлашга қўрқишар, видеотасвирга олишни бошласак ўзларини олиб қочишарди. Аммо баъзан одамлар журналист эканлигимизни билиб олдимизга ўзлари келардилар. Кўпчилик ўша куни нима содир бўлганини сўзлаб бердилар. Мен анча-мунча интервью тўплашга эришдим, қирқ-эллик соатга етадиган. Одамларнинг сўзларидан даҳшатга тушасиз.

Ҳамма ерда милиция ходимлари юрардилар, формада ва беформа. Бир куни милиционерлардан бири билан гаплаша олдим. У менга қандай қилиб одамларни қўлга олгани борганини, кейин содир бўлган ҳодиса учун айбни бўйнига олиш учун қандай қийноққа солганларини сўзлаб берди.

Фарғона.Ру: - Сизга интервью берган одамларнинг гапи бир-бирига мос келдими?

Элин Йонссон: - Ҳар хил. Масалан, акромийлар қанақа одамлар, деб сўрасак, баъзилари ёмон деди, баъзилари жуда яхши болалар дейишди. Аммо суҳбатдошларимизнинг бари фожеа содир бўлган куни майдонда тўпланганлар тинч аҳоли эди, дея таъкидлашди. Кўпчилик у ерга тасодифан келиб қолган...

Фарғона.Ру: - ... бу одамлар қуролсизмиди?

Элин Йонссон: - Ҳа, у ерда етмиштага яқин автомат кўтарган ёш йигитлар ҳокимият ёнида турган. Аммо аҳолининг асосий қисми қуролсиз бўлган. Андижон учун митинг ноёб ҳодиса бўлгани учун ҳам одамлар тўхтаб, томоша қилиб туришган.

Фарғона.Ру: - Элин, балки Ўзбекистон ҳукуматининг бу вазиятда нима қилиши мумкин эди? Балки Ислом Каримовнинг бундан бошқа чораси қолмагандир?

Элин Йонссон: - Тинч аҳолини ўққа тутиб бўлмайди. Аввал уларни огоҳлантириш керак эди. Аммо улар фақат ҳокимиятдагиларни телефон орқали огоҳлантирдилар, холос. Майдондаги аҳоли расмийларнинг ниятидан бехабар эди. Одамларга майдонни тарк этиш учун ёрдам бериш керак эди, айниқса аёллар ва болаларга. Аммо бунинг акси бўлди, улар майдонни ҳҳеч ким тарк эта олмайдиган қилиб қуршаб олдилар ва ўт оча бошладилар. Одамлар нима бўлаётганини англаб етганларида қочишга уриндилар, аммо ҳарбийлар ҳаммаёқни тўсиб қўйдилар. Одамларга ёрдам бериш ўрнига уларни отиб қўя қолдилар.

Фарғона.Ру: - Сиз билан гаплашган одамлар ўша кунлари кимнидир йўқотиб қўйгани ҳақида айтган экан. Сиздаги маълумотга кўра, жами қанча одам ҳалок бўлган?

Элин Йонссон: - Буни билмайман. Негаки, буни суҳбатдошларим ҳам билмайдилар. Аммо мингтани атрофидаги одам бўлса керак.

Фарғона.Ру: - яъни, норасмий маълумотлар расмий маълумотларга қараганда ҳақиқатга яқин эканда?

Элин Йонссон: - Албатта. Расмий маълумотларга ишонмайман. Ўшанда жуда кўп одамлар ҳалок бўлгани аниқ эди. Андижонда эски шаҳар бўйлаб юрганимизда хонадонларнинг деярли ярми мотамда эканлиги равшан эди.

Фарғона.Ру: - Сизнингча, акромийлар террорчиларми, инқилобчиларми ёки яна бирор нарсами?

Элин Йонссон: - Менимча, улар ҳақиқатдан ҳам обрўли тадбиркорлар бўлган. Акромийлар одамларни иш билан таъминлаб, вақтида маошларини берганлар, декрет отпускаларига пул тўлаганлар, кийим-бош билан таъминлаганлар. Улар иши келишган, жуда ақлли йигитлар бўлган. Ҳа, улар диндор, самарали ва фаол ишлашни биладилар. Аммо улар террорчилар эмас. Фарғона.Ру: - Европа мамлакатларида андижонлик қочоқлар билан учрашдингизми?

Элин Йонссон: - Учрашдим. Уларнинг аксарияти уйга қайтишни истайдилар. Баъзилари Ўзбекистонга қайтдилар ҳам. Агар улар террорчи бўлганларида, қайтармидилар? Расмийлар майдонда тинч аҳоли бўлмаган дегандику. Агар шундай бўлса, улар нега уйга қайтмоқдалар?

Андижонликларнинг ҳаммаси уйга қайтишни орзу қиладилар. Ўзга мамлакатда яшаш осон эмас. Улар ўша куни майдонга чиққанларига афсусланадилар.

Фарғона.Ру: - Китобингизнинг асосий ғояси нимада?

Элин Йонссон: - Мен давлат қандай қилиб бу кўламдаги воқеани яшира олиши ва янги “ҳақиқат”ни ярата олиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб бермоқчи бўлдим. Бошқа диктатуралар ҳам ҳудди шундай йўл тутишлари мумкинку, ахир.

Китоб Андижонда содир бўлган воқеаларнинг расмий талқини билан бошланади, аммо мен ҳеч қаерда унинг ҳақиқат эканлигини ёзмаганман. Китобни ўқир экансан, ҳаммаси жой-жойига туша бошлайди ва энг асосийси янги “ҳақиқат” қандай йўл билан яратилганини тушуна бошлайсан. Ўзбекистон расмийлари бу вазифани муваффақият ила уддаладилар. Улар воқеа шоҳидларини оғзини ёпиш учун ҳамма ишни қилдилар, фожеа ортидан улар оддийгина қилиб жамиятни ўчириб қўйдилар. Андижон ҳақидаги янгиликларни на Интернетда ва на теливизор орқали билиб бўлди. Мен интервью олган одамларнинг кўпи қамалиб кетди, улар ҳозиргача панжара ортида ўтирмоқдалар.

Расмийлар уддабуролик билан янги ҳақиқатни яратдилар. Улар журналистлар ва акромийларнинг ўзидан мусодара қилиб олган материалларидан фильм монтаж қилдилар ва кейин бутун дунё бўйлаб ёйинладилар. Улар майдонда айтилган гапларни нотўғри таржима қилдилар. Масалан, киши “у ерда ҳалок бўлганлар ётишибди” деган бўлса, “у ерда отишаяпти” дея таржима қилганлар.

Ғарб кимга ишонишни билмай қолди. Айбдор фалончи деб айтиш нақадар осон. Ҳақиқатдан ҳам турмага ҳужум бўлган, ҳақиқатдан ҳам зўрлик қўлланган, ҳақиқатдан ҳам қурол бўлган. Буларнинг бари инкор этиб бўлмайдиган факт. Аммо, акромийлар ҳақиқатдан ҳам террорчи бўлган тақдирда ҳам давлат ўз фуқароларини ўққа тутишини оқлаб бўлмайди. Буни ҳеч нарса оқлай олмайди. Европа бу фактни ўтказиб юборгани таажбуланарли ҳолат.

Фарғона.Ру: - Китобни тайёрлашда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

Элин Йонссон: - Ҳақиқатни ёлғондан ажратиш. Мен ўзимнинг барча интервьюларимни солиштириб чиқдим, ҳуқуқ ҳимоячилари, Хьюман Райтс Вотч ва Амнести Интернэшнл ташкилотларининг маълумотлари, ҳисоботлари, умуман ушбу мавзу билан боғлиқ нимаики топиб, ўзим ҳақиқат дея ишонган нарсаларни бўлакма бўлак йиғдим. Материалларнинг кўпи ўзбек тилида бўлгани учун таржимонлар билан кўп ишлашга тўғри келди. Умуман олганда детективнинг ишини бажардим.

Мен ёзган нарсаларимнинг барини ҳақиқат деб айта олмайман. Андижонда қанча одам ҳалок бўлгани, майдонга келган одамларнинг асл нияти қандай бўлганини билмайман. Мен воқеа тарихининг унсурларини кўрсатмоқчиман, холос. Агар Ўзбекистон ҳукумати рост гапираётган бўлса, унда нега журналистларга ва дунё ҳамжамиятига эшикларни очиб бермади? Агар уларнинг айтаётгани рост бўлса, ҳаммага ижозат бериб, ҳаммасини кўрсатишлари ва текширув ўтказишлари керак эди-ку. Аммо улар айёрона иш тутиб, ҳаммасини ёпди-ёпди қилиб юбордилар ва янги ҳақиқатни яратдилар.

Китоб швед тилида уч минг нусхада чоп этилган. Бу Швеция учун жуда кўп. Уни немис, инглиз тилларига таржима қилмоқчиман, рус тилига ҳам таржима қилишга имконият топишга умид қиламан. Кўпчилик китобни ўзбек тилида кўришни исташларини ҳам биламан, аммо менга таржимонлар керак.

Феруза Жоний суҳбатлашди