17:25 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Адвокатлар эркинлиги адо бўлди

26.09.2008 11:11 msk

Алексей Волосевич

Шу кунларда Тошкентда муҳим воқеа– Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Маҳаллий матбуот конференция ҳақида деярли ҳеч қандай маълумот бергани йўқ. Шунинг учун ҳам бу ҳақда иложи борича батафсилроқ сўзлаб беришда маъно борга ўхшамоқда. Гап шундаки, сўнгги ойлар давомида мамлакатда адвокатлик ҳамжамиятини ижроя ҳокимиятидан мустақиллигини бутунлай тугатишга қаратилган зимдан ислоҳот олиб борилмоқда.

Президент фармони ва унинг ижро этилиши ҳақида

Каримов 2008 йил май ойида “Ўзбекистон адвокатураси институтини тобора ислоҳот қилиш бўйича чоралар тўғрисида” дея аталувчи фармонга имзо чекди. Ушбу ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Адвокатлари ассоциацияси негизида янги тузилма – Ўзбекистоннинг барча адвокатлари аъзо бўлиши тамойилига асосланган Адвокатлар палатасини тузиш кўзда тутилганди.

Фармонда тузиладиган ташкилотнинг структура ва мақоми борасида изоҳлар берилганди: “Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси: нотижорат ташкилоти бўлиб, юридик шахс мақомига эга, адвокатлар фаолиятига аралашмаслик тамойили асосида қонунчиликка мувофиқ ишлайди, адвокатларнинг аъзолик бадаллари ва қонун тақиқламаган бошқа маблағлар эвазига молиялаштирилади, ҳуқуқ ва мажбуриятлар бўйича Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясининг ҳуқуқий меросхўри”. .

Ҳукуматга ушбу фармонни амалга ошириш ва Ўзбекистон Адвокатлар палатасини тузиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал қилиш, шунингдек, икки ой мобайнида парламентга “Адвокатура тўғрисида” ҳамда адвокатлик фаолиятининг “Кафолатлари тўғрисида” қонунларига керакли тузатиш киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш топширилганди.

27 май куни Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” дея аталувчи ҳукуматнинг қарори чиқди. “ЎзбекистонРеспубликаси Президенти фармонини амалга оширишга қаратилган” деган сўзлар билан бошланишига қарамай бу қарор ўзининг мазмун-моҳияти жиҳатидан фармонга мутлақо қарши бўлиб чиқди. Фармонда “адвокатура ўз ўзини бошқариш ягона тизими; адвокатлар фаолиятига аралашмаслик тамойили асосида фаолият юритади” дейилган бўлса, ҳукумат қарорида эса аксинча, Адвокатлар палатасининг раиси ва унинг муовинлари адлия вазирлигининг тавсиясига биноан сайланади, вилоят бошқармаларининг раҳбарлари эса Адвокатлар палатаси раиси томонидан тайинланиши айтилган.

Шундай қилиб, эндиликда барча адвокатларни Адлия вазирлиги тайинланган шахслар бошқарадиган палатага мажбуран аъзо қиладилар. Шунинг учун ҳам ноқулай адвокатларнинг тез орада йўқолиб кетиши муаммо эмасга ўхшаяпти...

Таъсис конференцияси қай тарзда ўтгани ҳақида

Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси икки ойдан кейин эмас уч ярим ойдан сўнг – 12 сентябрь куни бўлиб ўтди. Ҳолбуки унинг ўтказилиши учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқ эди. Бунгача “Адвокатура тўғрисида” ҳамда адвокатлик фаолиятининг “Кафолатлари тўғрисида” қонунларига тузатишлар киритилмай қолди. Натижада ғалати вазият юзага келди – бугунги кунда Ўзбекистонда Нодавлат нотижорат ташкилотига мажбурий аъзоликни кўзда тутувчи бирорта ҳам қонун мавжуд эмас. Президент фармонида эса Адвокатлар палатаси нотижорат ташкилоти деб айтилган. Ўзбекистон қонунларига кўра бундай ташкилотларга аъзолик фақат ихтиёрий асосда бўлиш мумкин. Шунга қарамай адвокатларни ушбу “нотижорат ташкилотига” киришга мажбурламоқдалар.

Бахром Саломов
Баҳром Саломов Ўзбекистон Адвокатлар ассоциациясини 10 йил давомида бошқариб келди. “Адвокатская газета” фотосурати (Россия)
Конференция арафасида адлия вазирлиги Адвокатлар ассоциациясининг амалдаги раиси Баҳром Саломовнинг номзодини қўлламаслиги маълум бўлди. Саломов раҳбарларга етарли даражада “қуллуқ” қилгани билан унинг жиддий камчилиги бор эди: 2003 йилда уни вазирлик тайинламаган, боз устига, адвокатлар уни ўз ихтиёрлари билан раисликка сайлагандилар. Шунинг учун ҳам уни бир кун аввал вазирликка чақириб Адвокатлар палатасининг раиси бошқа одам бўлишини маълум қилдилар. Конференция вазирлик тавсия қилган одамни сайламай қолишлиги эҳтимоли ҳақида гап ҳам бўлгани йўқ.

Ўзбекистон адвокатларининг аксарияти Тошкентда тўпланганига қарамай, конференцияда иштирок этиш учун пойтахтга 10 та ўрин бердилар, холос. Яъни, жасур ва мустақил тошкентлик адвокатларнинг овозлари вилоятдан келган ва бошқарилиши осон бўлган адвокатлар орасида эшитилмай қолиши учун. Тошкентлик адвокатлар бу ҳолатга қаршилик қилдилар. Натижада уларга маслаҳат овозига бўлган яна 15 та ўрин ажратиб берилди. Расман конференцияда 140 киши иштирок этди, аммо анжуманга 127 киши келди, холос.

Конференция темирйўлчилар Маданият уйида ўтди. Бинони тўла қуршаб олдилар. У ерга шахсни тасдиқловчи гувоҳномаларсиз кириб бўлмади. Барчасига Адлия вазирлиги ва махсус хизмат ходимлари бош-қош бўлиб турдилар. Улар делегатларга қаерга ўтиришлари лозимлигини кўрсатар, делегатларнинг ҳар бир қатори олдида операторлар видеотасвирга олишардилар. Тасвирчи операторларнинг телевидениедан эмаслиги кўриниб турарди. Улар делегатларнинг ҳар бир босган қадамини тасвирга олиб турдилар. Конференция делегатларига кўра, буни атайин, делегация аъзоларига руҳий босим ўтказиш учун қилдилар.

Конференцияни Баҳром Саломов эмас, унинг муовини Сафарали Пардаев олиб борди. Президиумда адлия вазири муовини Аҳмедов, вилоят Адвокатлар ассоциацияларининг раислари ва демократик институтлар бўйича қўмита раиси Акмал Саидов (2007 йил президентлик сайловларидаги номзод) ўтирдилар. Шунингдек, юридик институти ректори Мирзаюсуф Рустамбеков, Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбаев, адлия вазири муовини Есенмурат Канёзов (адвокатура куратори) ҳам конференцияда иштирок этдилар. Уларнинг бари олдиндан тузилган режа бўйича иш олиб бордилар.

Тошкентлик адвокатларнинг уринишларига қарамай, конференция адлия вазирлиги ёзган сценарий асосида ўтди. Адвокатлик палатасининг раиси этиб Тошплат Саидов сайланди.

Ташпулат Саидов
Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг раиси Ташпўлат Саидов. UT.uz © фотосурати

Делегатларда ғазабланишга на ҳол ва на қувват етмади. Пардаев Адвокатлар палатаси фаолиятини молиявий жиҳатдан таъминлаш учун аъзоликка кириш ва ойлик бадал миқдори ҳақида эълон қилди. Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда ушбу таклифга асосан палата Адвокатлар ассоциацияси негизида тузилаётганига қарамай унинг барча аъзолари янгидан кириш бадалларини тўлайдилар. Беш минимал иш ҳақи миқдорида, яъни 125 минг сўм ($90). Бундан ташқари адвокатлар 25 минг сўмдан ($18) ҳар ой ойлик бадалларини тўлаб борадилар. Тахминий ҳисобларга қараганда ташкилотчилар бирданига ярим миллион долларга яқин маблағ йиғиштириб олмоқчи бўлдилар, ахир Ўзбекистонда 5 мингга яқин адвокат ишлайди.

Шундан сўнг залда ҳақиқий бўҳрон бошланди. Ҳатто вилоятдан келган ва шу чоққача чапак чалиб ўтирган делегатлар ҳам гап уларнинг чўнтагидан ундириладиган “ақча” ҳақида кетаётганини англаб етдилар. Шундан кейин қизғин баҳс-мунозаралар бошланиб кетди. Оқибатда Адвокатлар ассоциациясининг аъзолари ўз ўзидан палата аъзолигига ўтадиган, янги аъзолар эса белгиланган тартибда кириш бадалларини тўлашлари ҳақида қарор қабул қилинди. Ойлик бадал миқдорини ҳам 25 минг сўм эмас минимал иш ҳақининг ярмига тенг - 12.520 сўм ($9) қилиб белгиланадиган бўлди.

Конференция ишини якунлар эканлар унинг иштирокчиларининг аксарияти конференциянинг мутлақо номашруъ эканлиги борасида фикр билдирдилар. Негаки, уни ўтказиш учун ҳеч қандай ҳуқуқий асос йўқ эди. Қонунчиликка тузатиш киритмай туриб бу қурултойни ўтказишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ эди.

Эндиликда Палата раиси автоматик равишда малака комиссиясининг раисдоши бўлиб қоладиган бўлди. Яъни, тайинланган одам амалдаги ҳокимият буйруқларини бажаришга мажбур. Эндиликда расмийлар “фалончи адвокатни лицензиядан маҳрум этиш керак” дейдиган бўлса, палата раиси лавозимидан маҳрум бўлишни истамай албатта бундай буйруқни бажаришга киришади.

Қайд этиш жоизки, кўплаб адвокатлар расмийлар учун ноқулай шахс саналадилар. Шунинг учун ҳам энди Ўзбекистонда адвокатларнинг эркинлиги адо бўлди деса ҳам бўлаверади.

Алексей Волосевич