04:00 msk, 21 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Фуқаролар ихтиёрий-мажбурий “маош” банк карточкаларига ўтишдан жабрланмоқдалар

25.09.2008 09:17 msk

Фарғона.Ру

Ўзбекистон фуқаролари “маош” банк карточкаларидан фойдаланишда кўплаб қийинчиликларни бошларидан кечирмоқдалар. “Фарғона.Ру” ахборот агентлигининг Тошкентдаги мухбирлари маълум қилишларича, баъзи банклар “юқоридан” келган буйруқларни бажара туриб, ташкилотлар ходимлари учун пластик карточкаларга пул ўтказишни расмийлаштирмасалар, иш ҳақи учун маблағ беришдан бош тортмоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда уч ярим миллиондан зиёд пластик карточка айланиб юрибди. 2010 йилда уларнинг сони етти миллионга, ойлик транзикциялар сони эса олти мингга чиқиши кутилмоқда.

Марказий банк маълумотига кўра, ўтган йили тижорат банклари томонидан савдо муассасалари, банк хизмати кўрсатиш шохобчаларида 3.239 та янги банкоматлар ва терминаллар ўрнатилган, уларнинг мамлакатдаги умумий сони 14.426 тага етган. Аммо, “Фарғона.Ру” сайтининг ўқувчилари тақдим этаётган маълумотларга кўра, банкоматлар етарли эмас. Уларнинг ичига жойлаштирилаётган пуллар ҳам етарли бўлмаяпти.

“Фарғона.Ру” ўқувчилари Тошкент шаҳар банкоматлари ёнида тонг саҳардан бошлаб навбатлар пайдо бўлаётганига, бу ускуналар ичидаги “ақча” эса ўн-ўн беш кишидан кейин тугаётганига гувоҳлик бермоқдалар.

“Фақат катта-катта супермаркетларда бу тизим мавжуд”, - дея шикоят қилади Расул исмли йигит. – “Аммо улар ҳам соат бешгача ишлайдилар. Бундан кейин эса чўнтакни тикиб қўйишга тўғри келади. Ҳозир амалга оширилаётган нарса ғирт товламачиликнинг ўзгинаси”.

“Карточкадан олинаётган пул миқдори расман бир ой давомида йигирма минг сўмдан ортиқ бўлмаслиги керак. Ундаги пулнинг қанча бўлишидан қатъий назар”, - дейди сайтимизнинг бошқа доимий ўқувчиси.

“ЎМБ ходимларига иш ҳақи тўлалигича пластик карточкалари орқали берилади, - дейди олдин Ўзбекистон Миллий банкида ишлаган IT-мутахассиси Андрей. – Ёз бошланишида банкоматлар кунига пулга тўлдириларди, аммо шунга қарамай, катта навбатлар тўпланиб нақд пул тез тамом бўларди. Аммо бу кунлар энг яхши кунлар экан. Сўнгги икки ой давомида банкоматлар олдида ҳеч қандай навбатлар қолмади. Уларни умуман пулга тўлдирмай қўйдилар! Пулларингни истаганингдай нақд қилаверасан”.

Банкоматлардан пулларини олишга эриша олмаган ўзбекистоликлар юзага келган вазиятдан йўл топиб чиқишга уринадилар. “Мен карточкалар жорий қилинган супермаркетда мол ҳарид қила бошладим, - дейди Андрей. – Ёки дўстимнинг уяли телефонига пул киритиб ундан нақд пул олардим. Ёки банкга бориб бошлиқларимдан илтимос қилардим, бир-оз пулни нақд қилиб беришларини”.

Тошкентда нафақат йирик супермаркетларда, балки асосан банклар ёнида жойлашган майда дўконларда ҳам карточка орқали пул тўлаш имконияти бор. “Аммо, ҳар куни ҳам супермаркетга боравермайсан. Бундан ташқари, мисол учун, тарнспортга ёки таксига пул керак. Торвузни ҳам бозордан нақд пулга оламан, - дейди Андрей. - Бошқа томондан, агар банкоматда купюралар бўлса, олиш учун ҳеч қандай чекловлар йўқ. Баъзи банклар нақд пул етишмаслиги важидан бундай чекловларни киритиши мумкин. Аммо банклар орқали улкан миқдордаги нақд пул айланаётганини кўриб, аслида нақд пулнинг етарли эканлигини, аммо кимгадир уни бизга бергиси келмаётганини тахмин қилиш мумкин”.

“Мен давлат муассасасида ишлайман ва Ўзқурилишбанкга мижозман. Шу ойда раҳбарларимиз маошимизнинг ҳеч бўлмаса ўн фоизини карточка орқали ўтказишимиз лозимлигини, бўлмаса улар ведомостга қўл қўймаслигини айтдилар”, - дея ҳасрат қилади 35 ёшли Галина.

Ўзбекистонлик банк хизмати истеъмолчиларнинг эътирозларига банкларнинг ўзи нима дейдилар?

Ипак Йули
Тошкент, “Ипак Йўли” банки

“Ипак Йўли” банки Акционерлик инновацион-тижорат банки пластик карталар бўлимининг ходими: “Ҳар бир корхона ёки муассаса банк билан иш ҳақини ўтказиб бериш ҳақида шартнома тузади. Аммо банклар мижозларини пластик карточкалар жорий этишга мажбурламайди, бу корхоналарнинг ўз ихтиёри билан амалга оширилади. Банк фақат бундай тизимнинг афзалликлари ҳақида ходимларни хабардор қилишга тавсия этади, холос. Банклар барча савдо муассасаларида терминал ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

2004 йил 24 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг пластик карталар асосида ҳисоб-китоб юритиш тўғрисидаги №445 расмий қарори пайдо бўлди. Бугунги кунда банкимиз учун йилига ўн мингга яқин маош карточкалари чиқарилмоқда ва улар ихтиёрий асосда жорий этилади. Аввалига карточкаларга маошнинг беш фоизи киритиларди. Кейин баъзи ташкилотлар бундай тизимдан бутунлай воз кечдилар ва ойлик маошларини юз фоиз миқдорда карточкалар орқали беришга ўтдилар. Банклар ташкилотларга маошнинг ҳеч бўлмаса ўттиз фоизини карточкаларга ўтказишни тавсия қилади, аммо бу фақат ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Карточкалар шаҳардан узоқда яшаётган одамларга ноқулай бўлиши мумкин. Исталган банкда терминал қўйилган. Мижозлар бемалол у ерда карточкалар орқали нақд пул олишлари мумкин. Ҳар бир банк шаҳарнинг турли даҳаларида жойлашган шохобчаларига эга, бу ҳақда барча ташкилотлар биладилар. Ҳар бир банкда махсус аппаратлар бор. Мижоз карточкасини киритиб кассадан пулини олиши мумкин”.

Банковское устройство для загрузки карт
Карточка киритиладиган банк аппарати

“Банкларда нақд пул олишга ҳеч қандай чеклов киритилмаган, - дея таъкидламоқдалар “Ипай Йўли” банкда. – Энди, агар катта миқдорда, мисол учун, ўн миллион сўм ($7500) пул олмоқчи бўлса, унда банк бирданига шунча пулни бера олмайди. Аммо мижоздан ариза олиб эртаси куниёқ шу пулни беришга мажбур”.

Ўзқурилишбанк пластик карточкалар бўлими ходими: “Банк пластик карточкалар тўғрисида улардан фойдаланмоқчи бўлган ташкилот ва жисмоний шахслар билан шартнома тузади. Терминаллар нафақат супермаркетларда, балки оддий дўконларга ҳам ўрнатилаган. Нақд пул олиш учун исталган банкнинг омонат кассаларига мурожаат қилишингиз мумкин. Банк карточкаларга маошнинг ўттиз фоизини ўтказишга мажбур қилмайди. Ҳар бир ташкилот фоизлар ҳақида алоҳида келишиб олади”

Агар “Ипак Йўли” АИТБ ходимининг банклар мижозларини пластик карточкалар олишга мажбур қилмаётгани ҳақидаги гапи рост бўлса, Ўзбекистондаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларини ходимлари маошларининг бир қисмини пластик карточкаларга ўтказишга нима мажбур қилмоқда? Ушбу карточкалар бўйича одамлар фақат бир неча дўконлардан мол ҳарид қила олсалар, бу вазият илгари одамларнинг карточкалар бўйича фақат тегишли дўконлардан у ердаги бор озиқ-овқат маҳсулотларини олишлари мумкин бўлган ҳолатдан нимаси билан фарқ қилади?..

Одатдагидек, “Фарғона.Ру” АА таҳририяти ўзбекистонлик муштарийларимиздан пластик карточкалардан қандай фойдаланаётганлари ҳақида сўзлаб беришларини сўрайди. Марҳамат қилиб мактублариннгизни шу саҳифадаги алоқа шаклидан фойдаланиб ёки ferghana(at)fergananews.com, манзилига юборинг. Олдиндан ахборот кўмагингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.



 

Реклама