08:07 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент: “Бродвей” руҳи қолмади асло (фото)

22.09.2008 20:13 msk

Сид Янишев

Тошкентнинг кўпроқ “Бродвей” номи билан танилган Сайилгоҳ кўчаси беш йил илгариги “Бродвей”га умуман ўхшамай қўйди. Бу кўчада илгаригидек кўплаб қаҳвахоналар, мусиқачилар, мусаввирлар, турли қиёфадаги бекорчи оламон учратмайсиз. Замонавий муҳташам бинолар, фонтан ва ҳатто ёзги эстрадаси бор бўлга бу кўчада шовқин солиб пиёнлар, саёқлар юрмайдиган бўлиб қолди. Бугун Тошкентнинг энг марказий кўчаси саналган Сайилгоҳ бўшаб, ўткинчилардан ҳоли бўлиб қолди. Олдинги Бродвей ҳақиқатда ўлди, унинг руҳи қолмади асло, деганларидек...

Бир километрга чўзилган бу кўчани шўролар даврида Карл Маркс кўчаси дея аталарди. Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи ўн йиллигида тошкентликларнинг онгида бу кўчанинг номи “Бродвей” сифатида шакллана бошлади. Айнан шу кўчада кеч оқшомлари ёшлар тўпланишар, кўплаб мусаввирлар бир зумда портретингизни чизиб беришар, турли бурчаклардан эса эндигина русумга кираётган караокиларнинг садолари янграр эди. Бу ерда сайр этаётган ўткинчиларни официант қизлар “тамадди қилиб олмайсизларми?” дея қаҳвахоналарига чақиришарди. Кўплаб кўча мусиқачилари эса турли асбоблар оҳанги остида қўшиқ куйлашар ва шу билан тирикчилигининг бир четини кўтаришарди. Бродвейнинг турли нуқталарида бир пайтнинг ўзида ўндан зиёд мусиқачиларнинг чиқишларини кўриш мумкин эди ўшанда.

Ташкент, Бродвей-2008 г.
Тошкент, Бродвей-2008 й. «Фарғона.Ру» АА © фотосурати

Москвадаги Арбат каби Бродвейда мўйқалам соҳибларининг асарларидан ташқари кўплаб фойдали нарсалар: турли тақинчоқлар, нодир китоблар, патефон, значок, марка, шўролар рамзи ва атрибутикасини ва ҳатто енгил наркотиклар сотиб олиш мумкин эди. Тунга яқин бир неча барларда стриптиз ишқибозлари бошпана топишлари мумкин эди. Қўшни Амир Темур ҳиёбонида эса кўплаб фоҳишалар беҳаё бозорларини юргизардилар.

Мамлакат раҳбари Ислом Каримов бир неча йил илгари “Бродвей”ни шахсан зиёрат этиб бир соат ичида ушбу бузғунчиликларнинг барига барҳам берди. Ўша кунларда иш жойидан маҳрум бўлган официантларнинг ҳикоя қилишларича, кунлардан бир куни эрталаб камуфляж форма кийиб автомат кўтариб олган кимсалар эшик остонасида пайдо бўлдилар ва ичкаридаги одамларнинг ҳаммасига ташқарига чиқишни тақиқлаб қўйдилар. Улар шу тарзда президентнинг ҳаётини қўриқлаётгандилар. Бир неча кун ўтиб Бродвейга экскваторларни олиб келдилар ва барча қаҳвахоналарни ер билан битта қилиб текислаб ташладилар.

Президентга нима ёқмагани шу чоққача номаълум...

Ташкент, Бродвей-2008 г.
Тошкент, Бродвей-2008 й. «Фарғона.Ру» АА © фотосурати

Кўнгилочар муассасалар бузилганидан кейин мусаввирларга Бродвейга перпендекуляр келиб туташган Отатурк кўчасини ажратиб берилди. Аниқроғи, “Зарафшон” ресторани концерт залидан “пул омбори” (бу маҳфий бинонинг номи нималигини ҳеч ким билмайди, шекилли) биносигача бўлган қисмини. Бу ерда ўзига ҳос сотиладиган картиналар кўргазмаси барпо бўлди, аммо бу картиналар эгаларининг аксариятини санъатга мутлақо алоқаси бўлмаган олибсотарлар ташкил этди. Картиналарнинг аксарияти ҳам кўп нусхада ададлаштирилган бозоргир қолипларда бажарилган. Уларни асосан хорижликлар ва ҳашаматли уйларини безамоқчи бўлган маҳаллий бойваччалар сотиб оладилар. Бу картиналар унинг катта-кичиклигига ва сюжетига қараб 40 мингдан 200-300 минг сўмгача нархда сотилади ($1=1326 сўм).

Янги сайлгоҳда мусиқачиларнинг ҳиди ҳам йўқ. Бор-йўғи иккита қаҳвахона бор бўлиб уларнинг тўлиб-тошиб кетганини кўрмайсиз. Аммо “Зарафшон” ресторани улкан замонавий кўнгилочар мажмуасига айланган. Мажмуада бир неча йирик ресторан, катта киноконцерт зал, кўплаб майда қаҳвахона ва барлар, бир олам дўконлар, катта супермаркет, маиший хизмат уйи ва қиморхона заллари бор. Бу ерга одамлар айниқса кечқурунлари кўп келишаяпти.

Ташкент, Бродвей-2008 г.
Тошкент, Бродвей-2008 й. «Фарғона.Ру» АА © фотосурати

Енгил табиатли қизлар ҳам талайгина. “Зарафшон”да уларнинг нархи қиммат, бойвача мижозларнинг кўнглини олади улар. Чўнтаги кўтара олмаганлари Скверга – Амир Темур ҳиёбонига йўл оладилар. Бу ердаги аксарияти маҳаллий миллатга мансуб фоҳишаларнинг нархи бир неча баробарига арзонроқ – соатига йигирма доллар, холос. Тунги капалакларни вақти-вақти билан милиция ходимлари ҳайдаб туришлари ҳам рост, аммо улар ўзларининг “мама Роза”лари бошчилигида яна ва яна пайдо бўлишаверади.

Оқшом яқинлашган сари бу ерда одатдагидек милиция ходимлари пайдо бўладилар. Улар асосан олибсотар мусаввирлар билан қизиқадилар: бировнинг асарларини сотиш мумкин эмас – бу номашруъ бизнес. Аммо бу билан олибсотарлар камайиб қолаётганлари йўқ. Негалиги ва уларнинг кимга даромад келтираётганлари ўз ўзидан равшан.

Аммо бир пайтнинг ўзида иш қилиб ўтирган ўнтадан ошиқ бўлмаган портретчи мусаввирларга милиция тегмайди. Ҳар ҳолда улар қалам ила чизган суратларини нисбатан арзон нархда, етти-ўн минг сўмгача сотадилар.

Ташкент, Бродвей-2008 г.
Тошкент, Бродвей-2008 й. «Фарғона.Ру» АА © фотосурати

Бродвейда йигирма йилдан зиёд вақт давомида қалам учини тебратиб кун кечираётган бундай мусаввирлардан бири бўлган Александрга кўра, рассомлик тақиқланмаган, “буни президент ўз қонуни билан ижозат берган”. “Нима, Конституция инсонга расм чизишни тақиқлаган жойи борми? Биз расмийларга эмас, ҳаёт ҳақиқати қонунларига бўйсунамиз, нима, улар Худомиди, уларнинг олдида жавоб беришимиз лозим бўлса”, - дейди Александр.

Унга кўра, портретчи мусаввирларнинг бу кўчадаги сони кундан кунга камайиб бормоқда. Бу ерда олдинги Бродвейнинг руҳи йўқ, “халқни бу ерга ҳайдаб кирита олмайсиз”, - дея ҳасрат қилади Александр.

Янги Бродвейда ўз картиналарини яратаётган ёш мусаввирлар – Анвар ва Шавкат унинг фикрига қўшилмаяптилар. “Нима, олдин яхшимиди? Шовқин, тўполон, маст-аласт пиёнларнинг жанжаллари кимга ёққан экан?” – дейди Анвар. “Атрофда шунча нуфузли муссасалар бўлса, бунга чидаб бўладими? Президент ҳаммасини бузиб солди. Энди тинчиб қолди бу ер”.

“Шахсан мен учун янги жой қулайроқ, - дея унинг фикрига қўшилади Шавкат. – Эрталаб ўн биргача коллежда дарс бераман, кейин бу ерга келиб расм чизиб ўтираман. Ҳамма ёқ тинч, ўзимни ҳудди ўз устахонамда ўтиргандек сезаман, устахонам бўлмаса ҳам”.