09:04 msk, 20 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Фарғона вилоятининг талабалари ва бюджет ташкилотлари ходимлари пахта фронтига сафарбар қилинди

18.09.2008 21:29 msk

Муштарий мактублари

Фарғона вилояти далаларида пахта терим мавсуми бир ярим ҳафта илгари бошланди. Бугунги кунда пахта терим кампаниясида вилоятдаги барча олий таълим муассасалари ва коллежларининг талабалари ва уларнинг ўқитувчилари, ҳамда бошқа соҳадаги бюджет ташкилотларининг ходимлари иштирок этмоқдалар. Бу ҳақда “Фарғона.Ру” таҳририятига келган кўплаб мактублар гувоҳлик бермоқдалар.

На хлопке. Ташкентская область. Фото ©Фергана.Ру
Пахта терими. Тошкент вилояти. “Фарғона.Ру” АА © фотосурати

“Фарғона.Ру” агентлиги таҳририяти ўқувчиларимиздан Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш мавзусида мақолалар ва мактублар, қисқа хабарлар ва кенг мулоҳазалар юборишларини сўрайди. Хабарлар учун манзил - ferghana@fergananews.com (ПАХТА рукни билан). Мактубларни шу саҳифадаги алоқа формаси орқали жўнатиш ҳам мумкин. .

Вилоят аҳолисига кўра, ҳосилдорлик паст бўлишига қарамай вилоят давлатга пахта сотиш режасини ва мажбуриятларини муддатида бажаради ва ҳатто ошириб бажаради ҳам. Фарғоналикларга кўра, яқинда лавозимига тайинланган вилоят ҳокими ва шаҳар ҳокими учун бу биринчи мавсум. Шунинг учун ҳам бу икки мутасадди мамлакатнинг олий раҳбарларига кўрсатилган ишончга муносиб эканликларини намойиш этишга ҳаракат қиладилар.

Юноши и девушки – уроженцы сельской местности, поступая в институт, снова едут на поля, где чувствуют себя как дома. Однако, перерыв в учебе составляет у них два-три месяца в году. Фото ©Фергана.Ру
Қишлоқдан келган йигит ва қизлар институтга ўқишга кириб яна далага қайтмоқдалар. Улар йил давомида икки-уч ой ўқишдан қолиб кетадилар. “Фарғона.Ру” АА © фотосурати

Фарғона вилояти ҳокимлигида туманларга “тавсиялар” юборилган: болаларни Наманган-Фарғона, Қўқон-Тошкент, Фарғона-Андижон автомобиль йўлларига ёндошган далаларга олиб чиқилмасин. Нега? Йўлдан ўтаётган тошкентлик бошлиқлар ва республика меҳмонларининг кўзига мактаб ўқувчиларининг кўринмаслиги учун.

Фарғона вилояти пахта штабининг маълумотига кўра, бу йилги пахта терим мавсуми 10 ноябргача чўзилади (сўнгги тўрт йил давомида 20-23 ноябрдан аввал тугамаган). Мавсум ниҳоясига етган сари расмийларнинг асабийлашуви ва қуйига қараб босими кучайиб бораверади.

Фарғона вилоятининг барча таълим муассасалари ўз талабаларини пахта далаларига олиб чиқди. Ҳозирча Фарғона давлат университети, Педагогика институти, Қўқон пединститутининг биринчи ва тўртинчи курс талабаларига тегилмади. Бу ҳақда бизга ушбу таълим юртлари талабаларининг ўзлари маълум қилдилар.

Ўрта таълим муассасалари – коллеж ва лицейлар тўла кўламда барча талабаларини ўқитувчиларининг назорати остида пахта теримига чиқдилар. Биринчи курс европа гуруҳлари пахтага юборилмади. Аммо Марғилон режа-иқтисод ва Марғилон медицина коллежининг русийзабон гуруҳлари ҳам пахта далаларига сафарбар қилиндилар.

Веб-саҳифмиз муштарийлари пахта теримидан бўйин товлашнинг осон йўллари ҳақида бажонидил айтиб беришмоқда. Бунинг учун 100-175 доллар атрофида пора тўлаш керак, холос. Шунингдек, Фарғона вилояти ўспиринлар диспансеридаги врач-маслаҳат комиссиясининг қишлоқ хўжалиги ишларидан озод қилувчи справкасини ҳам сотиб олиш мумкин. Танишингиз бўлса справкани 50 долларга, бўлмаса 125 долларга олишингиз мумкин. Аммо таълим муассасаларининг аксарияти бу справкаларни тан олмай талабаларни барибир пахтага ҳайдаяпти.

Қайд этганимиздек, коллеж талабаларининг орасида балоғатга етмаган 15-16 ёшли болалар ҳам бор. Қизиқ, Тошкентдагилар уларни “болалар”қаторига киритмайдилар шекилли?..

Ўзбекистон далаларида кенг ёйилаётган “ҳосил учун курашга” одатдагидек бюджет ташкилотларининг ходимлари ҳам жалб этилган. “Барча давлат муассасалари учун кунда, баъзан эса ётиб қолиш билан ходимларни пахта теримига юборишнинг меъёри ишлаб чиқилган”, - дейди Фарғона вилояти ҳокимлигининг ходими. “Ходимлар сони 25 тагача бўлса ташкилот кунига битта ходимини кунлик пахтага ва битта одамини ўн кунга жўнатиши керак. Ходимлар сони 30-50 та бўлса ташкилот фермерларга уч киши кунлик ва икки кишини ўн кунга жўнатиши лозим. 75-80 та ходимга 5 ва 3 киши. Ва шундай давом этиб кетаверади. Дам олиш кунлари эса оммавий равишда пахтага олиб чиқишлар ташкил этилади. Бунда ташкилотнинг 70 фоизгача ходимлари пахтага чиқадилар.

Шаҳарликларни пахтага олиб чиқиш қай тарзда амалга оширилади? Колонналар билан, уюшган ҳолда, милиция ходимларининг назорати остида. Яъни мажбурий равишда.

Эрталаб соат 7.30 да “кўнгиллилар”ни махсус масканларда тўплаб автобусларга тиғиз қилиб ўтқизадилар. Соат саккиз яримдаёқ шаҳарликларни далага ҳайдайдилар. Бу ерда улар соат 17.00 гача ишлайдилар. Кўпинча автобуслар бузилиб қолади (ёки ҳайдовчилар бензинни тежаш учун шундай қилишадими?) ва одамлар шаҳаргача ўзларининг ҳисобларидан кетишга мажбур бўладилар. Ҳар бир колоннани кузатиб келган милиция ходимлари белгиланган вақтдан олдин ҳеч кимнинг кетишига рухсат бермайдилар, ҳатто узрли сабаб бўлса ҳам.

Фарғоналикларга кўра, бу йил терилган ҳар килограмм пахта учун 60 сўмдан тўлашаяпти (сентябрь ўртасига келиб долларнинг ўртача нархи 1325 сўм). Ўтган дам олиш кунлари Тошлоқ ва Ёзёвон туманларида шаҳарликларга шу нарх бўйича ҳисоб-китоб қилишган. Шунинг учун ҳам пахтани тинмай қўшни Қирғизистонга олиб чиқиб кетишаётганига ҳайрон бўлмаса ҳам бўлаверади. Негаки, у ерда пахтанинг ҳарид нархлари анча юқори. “Фарғона.Ру” ўқувчиларидан келаётган мактубларга кўра, чеграчилар ва божхона ходимлари контрабандистлардан “улуш” оладилар. Бу схема бир неча йил аввал йўлга қўйилган: пахтани блок-постлар орқали, машиналарда ва прицепларда ошкорасига олиб чиқилади.

Фарғона шаҳар ҳокими жаноб Нуралиевнинг ўқитувчиларни дарс пайтида пахтага олиб чиқишни тақиқловчи фармойиши ҳам бажарилмаяпти. Фармойишга кўра, улар фақат дам олиш ва дарсдан бўш бўлган кунлари пахтага чиқишлари мумкин. “Дарс кунлари ҳам чиқаяпмиз, ҳатто ётоқ билан ҳар бир мактабдан ўртача 3-4 кишидан бўлиб бораяпмиз”, - дейишади фарғоналик ўқитувчилар.

Фермерлар ҳам кўп ҳолларда шаҳарликларни пахта теримига олиб чиқилишидан норозилар. Аслида улар бундай ёрдамга муҳтож ҳам эмаслар, ахир шаҳарликлар улар ишлаб топаётган пулларига шерик бўлаяптилар-да. Шунинг учун ҳам фермерлар шаҳарлик жамоаларга фалон куни шунча пахта териб фермер хўжалигига топширди деган справкаларни сотиш амалиёти кенг ёйилган. Муҳр урилган бундай справкаларнинг ўртача нархи 10-35 доллар.

“Фарғона.Ру” АА таҳририяти Ўзбекистондаги пахта терими кампаниясини қизиқиш билан кузатиб боришда давом этади. Келгуси мақолаларимизда минтақанинг бошқа мамлакатларида пахта терими қандай ўтаётгани ҳақида сўзлаб берамиз.