05:08 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Болалар пахта далаларида: Расмийларнинг баёноти билан амалдаги иши мос келмаяпти

17.09.2008 04:05 msk

Фарғона.Ру

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги таҳририяти прогрессив халқаро ҳамжамият билан бирга Ўзбекистондаги пахта терим кампанияси ортидан кузатишни давом этмоқда. Мавсумнинг асосий мавзуси – мамлакат далаларига болаларнинг яна пахта теримига чиқиш чиқмаслиги бўлиб қолган. Ўзига ҳос ушбу мониторингда ўзбекистонлик муштарийларимиз ёрдам бермоқда. Насиб қилса, ҳар ҳафтада бу мавзуга мурожаат қилмоқчимиз. Эътиборингизга “пахта далаларидан сўнгги маълумотлар”ни таклиф этамиз.

МУҚАДДИМА

СССРнинг сўнгги йилларида, нисбатан сўз эркинлиги ҳукм сурган қисқа давр давомида республика мактабларининг ҳар йили куз мавсумида ёпилаётгани, ўқувчилар эса пестицид ва заҳарли кимёвий моддалар билан қайта ишланган далаларга чиқаётгани ҳақидаги овозлар етарли даражада фаол равишда янграб турганди. Ҳокимият Каримов қўлида жамланган сари норозилар қайгадир ғойиб бўлдилар, болалар эса аввалгидек куз мавсумини далаларда ўтказиб, оғир пахта терими билан машғул бўлишда давом этдилар. Халқаро ташкилотларнинг бу каби амалиётларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга Ўзбекистон расмийлари одатдагидек парво қилмасликда давом этдилар.

Аммо бу йил одатдаги аҳвол ўзгарадиганга ўхшаяпти. Бунинг сабаби – мажбурий болалар меҳнатининг инсонийликка зидлигини англаш эмас, балки халқаро ташкилотларнинг ёппасига Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишга чақираётганида, холос. [Батафсил маълумотларни – “Фарғона.Ру” АА архивида топиш мумкин].

ҒИШТ ҚОЛИПИДАН КЎЧДИМИ?

Ўзбекистон янги тарихида 2008 йил 12 сентябри эсда қоладиган сана бўлиб қолади. Шу куни республика расмийлари илк бор мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш мавжудлигини очиқ тан олдилар ва бу иллатни йўқ қилиш борасида расмий кампанияни бошладилар. Республика ҳукуматининг раиси Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган Ишга қабул қилишнинг минимал ёши ҳақидаги конвенция ҳамда Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ҳамда олдини олишнинг шошилинч чоралари ҳақидаги конвенцияларни амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қарорини имзолади (тўла матн ишорат бўйича).

Эслатиб ўтамиз, бу икки конвенция Ўзбекистон томонидан жорий йилнинг апрель ойида ратификация қилинган. Бир неча ой давомида республикада болалар меҳнатини тақиқлаш борасида тайёргарчилик ишлари олиб борилди. Эндиликда ҳукумат бу конвенцияларни амалга ошириш бўйича олдинроқ ишлаб чиқилган Ҳаракатларнинг миллий режасини тасдиқлади ва барча вазирлик ва маҳкамалардан “болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга йўл қўймаслик бўйича назоратни таъминлашни” талаб қилмоқда.

Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг қарори унинг бир ҳафта олдин болаларни пахта тергани олиб чиққани учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги оғзаки буйруғи ҳақидаги миш-мишларни тасдиқлади.

Кўринишидан, Ўзбекистон расмийлари амалда ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро кузатувчиларнинг фикрига қулоқ солаётган ёки бўлмаса дунё тўқимачилари ва сотувчиларининг ўзбек пахтасидан воз кечиши ҳақидаги таҳдидларидан хавотирланaётганга ўхшамоқда. Ҳар ҳолда ўзгаришлар бошланди. Аммо маҳаллий кузатувчиларнинг қайд этишича, бу ҳозирча ўзига ҳос ниятлар ҳақидаги декларация, холос. Болалар меҳнатидан бир соат ичида воз кечиб бўлмайди, бу жуда қийин. Бугун “оқ олтин” терими бошланган пахта далаларидаги манзара бутунлай бошқа.

ФАҚАТ ҚОҒОЗДА

Ҳукумат қароридаги урғуланган ибора қуйидагича бўлди: “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига манфаатдор халқаро ташкилотларга Ҳаракатлар миллий режаси ҳақидаги ахборот билан таништириш вазифаси юклатилсин”. Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига ташқи дунёга тахминан қуйидагиларни хабар беришни топширди: қаранглар, биз танқидингизга биноан чора кўраяпмиз – эндиликда биз болалар меҳнатидан бутунлай воз кечдик.

Аммо Ўзбекистондаги қонунларнинг аксарияти шаклан мутлақо бенуқсон бўлгани билан амалда тескарисига ижро этилиши кўпчиликка маълум.

Тошкент вилоятида болаларни ҳақиқатда ҳам ҳозиргача пахта теримига жалб этилгани йўқ. “Фарғона.Ру” мухбирлари вилоятнинг иккита туманида бўлиб қайтдилар ва далаларда болалар ёки ўспиринларни кўрмадилар. Шу билан бирга, ҳозир йўл четидаги пахта терилмаяпти. “Бошлиқлар ҳосил яхши бўлганини кўришлари учун”, - дея ярим ҳазил ярим чин қилиб тушунтирдилар бизга.

Мамлакат жанубидаги Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига ҳозирча журналистлар етиб борганлари йўқ. Бу вилоятларда бош вазир қарори қандай бажарилиши ҳозирча номаълум.

ИХТИЁРИЙ РАВИШДА ИШЛАЯПТИЛАР

“Фарғона.Ру” агентлигининг Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги манбаларнинг маълум қилишларича, баъзи фермерларнинг далаларида мактаб ўқувчилари пахта теришни бошладилар. Фермерлардан бирининг айтишича, айни пайтда унинг далаларида ўттизта бола пахта теришаяпти, улар орасида биринчи синф ўқувчилари ҳам бор. Бир килограмм терилган пахта учун фермер болаларга 40 сўмдан тўлаяпти (0,03$). Унга кўра, қурғоқчилик туфайли бу йилги ҳосил ўтган йилга нисбатан икки баробар оз. Аммо шунга қарамай, унга кўра, “мактаб ўқувчилари кунига 70-80 килограммдан пахта теришмоқда”. Болалар кунига ўртача ҳисобда 3-3,5 минг сўмдан пул ишламоқдалар (2,5-3$)

Фермерга кўра, болалар ҳам аёллар ҳам ихтиёрий равишда ишлаяптилар: “Болалар мактабга эмас, пул ишлагани далаларга келмоқдалар. Улар меҳнат қилиб топган пулларига хурсанд, ахир уларнинг оилалари қашшоқ”.

Демак “мажбурий меҳнат” ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас эканда?.. Ушбу вазият Туркия пахта далаларидаги манзарани эслатади, бу ҳақда биз ўтган йили ёзгандик. Туркияда болаларни ҳеч ким мажбурлаб пахта теримига олиб чиқмайди. Ота-оналар ўзлари болаларини тезроқ ҳосилни йиғиштириб олиш учун далаларга олиб чиқадилар.

Шунга қарамай, қашшоқ болаларнинг арзон меҳнати Ўзбекистон давлати учун таҳқирли ҳолат бўлиб, расмий нашрларнинг мунтазам тарзда халқнинг “турмуш даражаси кўтарилаётгани” ва “ёрқин келажак” ҳақидаги сафсаталарига зид келади.

Маълумот учун: Агар болакай бир кило терган пахтаси учун 0,03 цент олса, фермер давлатга топширган пахтаси учун 30 цент олади. Уч килограмм юқори сифатли пахтадан бир килограмм тола ишлаб чиқарилади. Бу толанинг биржадаги бугунги нархи 0,85$.

ФАҚАТ ФАКТЛАР

“Исёнкор” сайтининг хабар беришича, Жиззах вилоятида мана бир неча кундирки касб хунар коллежлари ва юқори синф ўқувчилари ёппасига пахта теримида қатнашмоқдалар.

Пахта теримида қатнашаётган ўқувчилардан бирининг айтишича, вилоят Индустриал касб-ҳунар коллежининг 1200 нафар ўқувчиси 30 та автобусда, вилоятнинг Дўстлик туманига олиб келинган. Куни кеча эса, Жиззах Тиббиёт коллежи уқувчиларидан 1000 нафари эса 25 та автобусда Мирзачул туманига йўл олишди.

Вилоят енгил саноат касб хунар коллежидан Дўстлик туманига жўнаган 10 автобусдан иборат карвон, 600 нафар ўқувчини пахта теримига олиб кетди.

Хар йилгидек, Жиззахнинг пахта экмайдиган туманларининг ўқувчилари яна пахта теримига жалб қилинди. Жумладан, Галлаорол туманидан 500 нафар ўқувчи, Бахмал туманидан яна 500 ўқувчи бугун вилоятнинг Мирзачўл ва Дўстлик туманлари далаларида пахта теришмоқда. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон коллежларида тўққизинчи синфни битирган болалар ўқишади. Улар орасида ўн олти ва ҳатто ўн бешли болалар ҳам бор (олти ёшдан мактабга борганлар).

Теримда қатнашаётган ўқувчиларнинг айтишича, уларни хар йилгидек, шарт-шароити йўқ дала шийпонларига жойлаштиришган.

“Ичимлик сув йўқ. Ариқ ва зовур сувини ичаяпмиз.Берилаётган овқатни кучук хам ичмайди, макаронни қуруқ сувга қайнатишиб беришяпти” дейди 16 ёшли Алибек.

“Кунлик терим нормаси 80 килограмм, мен аранг 35-40 кг тераяпман”, - дейди Жиззах вилоят Енгил саноат касб хунар коллежи ўқувчиларидан бири.

Мутахассисларга таянган ҳолда “Исёнкор” Жиззах вилояти пахта майдонидаги хосилни ўқувчилар ва талабаларсиз териб олиш қийинлигини таъкидламоқда. “Чунки, вилоят майдони Фарғона водийси майдонидан катта. Ахоли сони эса нисбатан анча оз. Шунча жойга экилган пахта, агар тезлик билан териб олинмаса, нобуд бўлади” дейди Жиззах вилоят хокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими ходимларидан бири.

* * *

Наманган вилоятидаги коллежлардан бирининг раҳбарлари болаларни пахтага олиб чиқилганига бир ҳафта бўлганини, аммо “бу йил қуйи синф ўқувчиларини пахтага олиб чиқилмаганини” маълум қилдилар. Аммо “Фарғона.Ру” агентлигининг бошқа манбалари бу маълумотларни инкор этиб коллеж ўқувчилари ёппасига пахтага олиб чиқилганини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, олий ўқув юртларининг тўртинчи курс талабалари диплом иши билан машғул бўлганлари учун ҳозирча пахтага олиб чиқилмагани ҳақида маълумот бор. Аммо уларни ҳам кейинроқ пахта далаларига олиб чиқишлари мумкин.

* * *

Ўзбекистондаги “Эзгулик” Ҳуқуқ ҳимояси жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими фаоллари ёйинлаган ахборотга кўра, вилоят олий ва ўрта таълим муассасаларининг талабалари 9 сентябрь куни ёппасига пахта теримига сафарбар қилинган.

“Эзгулик” жамиятининг матбуот варақчасида эътиборга лойиқ қуйидаги ҳолатни келтирилган: Сирдарё вилояти ҳокимининг муовини Ойбек Шодмонқулов селектр йиғилиши давомида туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирларига мурожаат қила туриб “кимки ўқувчиларни пахта теримида иштирок этишга қарши тарғибот қилса, у халқ душманидир!”, - деб айтган.