22:13 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Мустақиллик байрами – милиция ва чегарачилар учун қўшимча даромад манбаи

05.09.2008 10:15 msk

Мусофирбек Озод

Ўзбекистоннинг энг асосий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан мамлакатда ҳар йили қатъий “хавфсизлик чоралари” киритилади. Куни-кеча республикада ўтган тантаналарда нафақат маддоҳ нотиқларнинг нутқлари ва майдонлардаги рақсларни, балки мамлакат махсус хизматларининг ишларини кучайтирилишини қайд этиш мумкин. Аслида-ку, елкасига погон таққан одамларнинг хўжакўрсинга фаоллашуви фақат ўз хамёнларини қаппайтиришга қаратилганди, холос.

Мамлакат милицияси августнинг ўрталаридан бошлаб шу кунларгача тунлари ҳам масъул хизматни ўтаб келмоқда. Барча шубҳали кўринган фуқаролар ва объектлар ёппасига синчковлик билан текширилмоқда. Ўзбекистон пойтахти аҳолисининг аксарияти 31 август ва 1 сентябрь кунлари хонадонларида қолишни афзал кўрдилар, негаки, тўсиб қўйилган шаҳар марказидаги кўчаларда юришнинг мутлақо қизиғи йўқ.

Бизнес ёки туризм важидан Ўзбекистонга келиб қолган чет элликларга ҳам айни пайтда осон эмас. Улар нафақат давлат чегарасини кесиб ўтишда, балки мамлакат ичкарисида ҳам эркин ҳаракатлана олмаяптилар. Барча йўлларда милиция постлари ўрнатилган, автотранспортлардаги ҳар бир йўловчининг ҳужжатлари ва юклари синчковлик билан текширилмоқда.

Проверка документов и багажа на выезде из Коканда. Фото автора
Қўқондан чиқаверишда юкларни текшириш. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Қайд этиш жоизки, бу янгилик яқинда, мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев мамлакатда бўлиш қоидаларини бузувчи чет эл фуқароларига нисбатан жазо чораларини кучайтириш тўғрисидаги қарорга имзо чекканидан кейин киритилди. Эндиликда ойлик маоши 200 минг сўмдан (150 доллар) ошмаган ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимларига қўшимча даромад олишга яна бир имконият туғилди.

Чет эллик бизнесменлар ва саёҳатчилар Ўзбекистонга киришда ва чиқишда бундан ҳам каттароқ муаммоларга йўлиқмоқдалар. Мустақиллик байрами муносабати билан давлат чегараси 31 августдан 5 сентябргача ёпиб қўйилган. Шунинг учун ҳам мамлакатга кирмоқчи ёки чиқмоқчи бўлган фуқаролар ниятларини амалга ошириш учун анчагина вақт, асаб ва албатта пул сарфлашлари лозим бўлади.

Қайд этиш жоизки, чегара Ўзбекистон расмийлари томонидан бир томонлама тартибда ёпиб қўйилган. Ўзбекистон чегарачилари ва божхона хизматчилари бир томонлама тартибда ҳаммадан ёппасига... пора олаяптилар.

КПП Дустлик. Фото автора
КПП “Дўстлик” Назорат ўтказиш маскани. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

“Дўстлик” НЎМ Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Ўш вилояти чегарасидаги энг йирик Назорат ўтказиш масканларидан саналади. Давлат байрамлари вақтида НЎМ ходимлари учун қўшимча даромад манбалари кўпайиб қолади, негаки чегарадан ўтишни истовчилар миқдори ортади. Кимдир байрамни оиласи билан ўтказгиси келади, кимдир хизмат сафаридан қайтади, бошқалари эса янги ўқув йили бошланишига етиб боришга ҳаракат қилади (Қирғизистонда бир неча минг ўзбекистонлик талабалар ўқимоқда. – муалл. шарҳи).

Чегара масканидан ўтаётганингизда қирғизистонлик назоратчилар томонидан ҳеч қандай муаммо йўқ. Бир кишига уч дақиқадан ортиқ вақт сарфланмайди, ҳеч қандай таъмагирлик йўқ. Аммо фуқаролар чегаранинг Ўзбекистон тарафида ўзларини нима кутаётганини билмайдилар.

Ҳаммаси ўзбекистонлик чегарачининг “чегара ҳамма учун ёпиқ” дея эълон қилишидан бошланади. Бир мунча вақт ўтганидан кейин омма орасида Ўзбекистон фуқаролари учун ватанга қайтишга рухсат берилар эмиш деган гап айланиб қолади. Ғазабланган ва қувониб кетган ўзбекистонликлар давлат чегарасидаги НЎМ бастионини куч билан эгаллай бошлайдилар.

КПП Дустлик. Фото автора
КПП “Дўстлик” НЎМ. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Бошқа мамлакат фуқаролари бир оз фикр юритиб чегарачиларга 1-1,5 минг сўм (1 доллардан сал ошиқроқ) пора бериб омма орасига аралашиб кетиш лозимлигини тушуниб қоладилар.

Йўлингизда учраган бошқа чегарачи эса кимнинг паспорт маълумотлари компьютерга киритилган-киритилмаганини тахминан ҳал эта бошлайди. Навбатда мендан олдин турган аёл ўзининг паспорти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг умумий маълумотлар базасига киритилгани ва шу сабабдан у чегарани кесиб ўта олмаслигини эшитиб эси оғиб қолай деди. Аммо халқаро ташкилотда ишлашини айтиб аккредитация карточкасини тақдим этганида чегарачи “компьютерда бузилиш бор экан”, дея аёлнинг паспортини қайтариб берди.

Первый этап КПП Дустлик. Фото автора
“Дўстлик” НЎМ да биринчи босқич: кутиш. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

“Дўстлик” НЎМда божхона хизмати айниқса хушёр. Бу ерда юк олиб ўтишнинг алоҳида қоидалари киритилган. Икки шиша арақ олиб кетаётган аёлни “алкоголни Қирғизистонга қайтариш лозим” дея тўхтатишди. Аёл шишалардан бирини божхоначиларга қолдириши билан муаммо ҳал бўлди. Ҳолбуки, Ўзбекистонга бир литргача алкоголь олиб киришга рухсат берилиши ҳақидаги деворга осилган стендда яққол кўриниб турибди.

Мамлакатга кириш чиқишдан осон эмас. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли муқобил йўналишларни излаб қолган. Чегарадаги “ўтказувчилар” сизни 5-7 минг сўм эвазига чет элга ўтказиб қўйишга киришадилар, аммо йўлда кимдир учраб қолишига (ўзбекистонлик чегарачи назарда тутилмоқда. – муалл. шарҳи) кафолат йўқ.

“Айланиб ўтувчи” чегарачилар қўлига тушиб қоладиган бўлса, шахсни аниқлаш муолажасидан ўтиши ҳамда 18-36 минг сўмга тенг (14-27 доллар) маъмурий жаримадан тўлашидан ташқари Ўзбекистон МХХ ходими билан яккама-якка суҳбатдан ўтишига тўғри келади. Улар сизни албатта “қочоқ”, “халқ душмани” ва ҳатто “террорчи” дея гумон қилишлари мумкин.

Владельцам машин с киргизскими номерами придется подождать открытия узбекской границы еще пару дней. Фото автора
Қирғизистон давлат рақамига эга бўлган автомобиллар эгалари Ўзбекистон чегарасининг очилишини яна икки кун кутадилар. “Фарғона.Ру” АА фотосурати

Ўзбекистонлик чегарачиларга кўра, давлат чегараси бешинчи сентябрдан кейин юқоридан “тегишли кўрсатма” бўлса очилади.