05:33 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Муштарий луқмаси: “Легионерлар – бўлган, бор ва бўладилар”

03.09.2008 12:21 msk

Лиза Раҳмат

Шундай қилиб амалга ошди. Бугун, 3 сентябрь куни Ўзбекистондаги футбол ишқибозлари Рад Эта Олмаган Кимсани тантанали равишда кутиб олдилар. Рад Эта Олган Кимсадан фарқли ўлароқ. Ҳатто 25 миллион еврога ҳам кўнмади Ўзбекистонга келишга. “Барселона”нинг ҳужумчиси Самюэль Это`О Франциянинг TF1 телеканалига интервью давомида айнан шу рақамни маълум қилди. Ҳолбуки, олдинроқ спорт-ахборот оқимида 40 миллион ниманидир ҳақида сўз юритилгандек бўлганди. Кўринишидан, Самюэль учун пул миқдори мутлақо аҳамиятга эга бўлмаган. У спортдаги обрўсини ва футбол поғоналарида ўсишини муҳимроқ деб билган. Камерун терма жамоасининг ўйинчиси Ўйин Ҳазрати Олийларини танлади. Ўзбекистонда профессионал ўсиш имконияти тўғрисида сўз юритиш мумкинми? Ҳатто энг яхши клубда бўлса ҳам?!.

Ривалдога нима бўлди?

“Ўзбекистонда 5 миллион евро пулга олий лигада футбол жамоасини таъминлаш мумкин, номи чиқмаган бўлса ҳатто иккитасини ҳам. Ўзбекистондаги энг зўр футболчилар ойига 10 минг долларгача бўлган миқдорда маош оладилар. “Бунёдкор”да ҳақиқий миллионернинг пайдо бўлиши жамоани ичидан портлатиб юбориши мумкин”.

“Ривалдо Тошкентда: шамолга совурилган пуллар?”, Start.uz

“Мен Юнонистоннинг АЕК клубига миннатдорман, аммо ҳозир Ўзбекистонга боришим лозим. Бундай таклифлар камдан-кам бўлади, шунинг учун ўйланиб ўтиришнинг фойдаси йўқ. Карьерамнинг охирига келиб кўп яхшиликлар бўлаётганидан хурсандман”, - дея юнон клубидан кетишини изоҳлади у.

Кейинроқ Ривалдо унга Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” клубида бир йил ўйнаб бериши учун 5 миллион евро тўлашларини билдирди. Бизнинг спортчиларга бундай миқдордаги пул етти ухлаб тушига кирмаслигини аниқ биламан. Айниқса пенсияга чиқадиганларга...

Айни пайтда Ўзбекистонда футболни нафақат севадилар, балки унга улкан маблағларни ётқизмоқдалар. Аммо спортга маблағ сарфланмоқда дейиш жудаям тўғри бўлмасди, аслида халқаро аренада ўзини PR қилиш учун маблағ сарфланмоқда, холос.

Баъзан ўйлаб қоламан: агар бу маблағнинг аттиги ўндан бирини ўша трамполинга, ўша спорт гимнастикасига, ўша қиличбозликка сарфланганида – Олимпиададаги медаллар сони кўпроқ бўлармиди, шундай эмасми? Ўша спортда фаолият юритаётган аксарият тренерларга расмийларнинг мутлақо эътибор бермасликлари ҳеч кимга сир эмас. Улар кўпинча жаҳон кубокларининг навбатдаги босқичларига ўз ёнларидан пул сарфлаб спортчиларни олиб борадилар.

Қачонлардир, бунга ҳам анча бўлиб қолди, Ўзбекистон Осиё чемпионлигини қўлга киритганди. Ўша ғалаба нашидаси ҳанузгача раҳбарларимиз қалбини илитиб келмоқда. Ахир “мамлакат обрўсини халқаро аренада кўтаришга салмоқли ҳисса эди бу”.

Бугун биз ўзбекистонлик Лина Черязованинг фристайл бўйича олимпия чемпионлигини биринчи бўлиб қўлга киритганини унутиб қўйдик. Айнан Лина туфайли жаҳон аҳли мамлакатимизнинг дунё хариталарида мавжудлигини билиб олгандилар. Аммо бу ҳақда ҳозир гапирилмай қўйилган.

У ёки бу спорт турларининг йўқ бўлиб кетаётгани ҳақида ҳам гапирилмай қўйилган. Айтгандек, кўп ҳолларда ўз федерациялари раҳбарлариининг ҳаракатлари туфайли. Ҳозир бирорта ўзбекистонлик қиличбознинг номини ким айтиб бера олади? Ахир СССР халқлари спартакиадасида 1986 йилда бизнинг рапирачилар жамоаси олтин медални қўлга киритганди-ку!

Қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони Собир Рўзиев ўз спорти учун нима қилиб қўйди? Қиличбозлик учун ихтисослашган залнинг бугунги кунда қандай аҳволга келиб қолганини биладими? Унда на сув бор ва на иситиш тизимлари...

Баъзан тушуниб бўлмайди, баъзи спорт турларини атайнига йўқ қилиш пайига тушиб қолдиларми, деб. Оқибати нима бўларкин?

Оқибати яхши бўлмайди. Ахир давлат қошидаги бизнесменлар келгинди юлдузларга мутлақо улкан гонорар тўлашга тайёр, аммо улар ўз спортчиларининг салоҳиятига мутлақо ишонмайдилар.